Ёш авлод тарбияси — халқ фаровонлиги, бахт-саодати кафолати

/
Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масала бўлиб келган. Биз яшаётган XXI асрда эса у ҳақиқатан ҳам ё ҳаёт, ё мамот масаласига айланиб бормоқда. “Тарбия қанчалик мукаммал бўлса, халқ шунчалик бахтли яшайди”, деган ҳикмат бор. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса мазкур соҳада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган бебаҳо маънавий эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда.
Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга оширилаяпти, бу соҳада қандай муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилишимиз керак, деган саволлар доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Ёшлар иштирокида ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этилаётгани, ёш оилалар ўртасида ажралиш ҳолатларининг қайд этилаётгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак. Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Албатта, бу борада ҳамма айбни у ёки бу идорага, ташкилотга юклаб қўйиш адолатдан эмас. Бу масалада ҳаммамиз жавобгармиз. Ҳеч кимнинг бу жараёнлардан четда туришга ҳаққи йўқ. Биз ёшларга беписанд, лоқайд муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ — улар ҳам биздан бегоналашади. Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, қўлини ювиб, қўлтиғига уради. Шунинг учун дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Жумладан, кейинги пайтда турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги халқимизда афсус ва надомат уйғотмоқда. Тинчлик ва осойишталикни, инсонийликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқимиз бундай кимсаларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Уларни ўзбек деган номга номуносиб ҳисоблайди.
Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун давлатимиз барча чораларни кўраяпти. Бу йўлда авваламбор, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришилди. Мамлакатимизнинг бу борадаги позицияси аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим. Бунинг учун давлатимиз барча шароитларни яратиб бераётгани эътиборга молик.
Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун асосий масала бўлиб турибди. Республикамизда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан амалий ишлар олиб борилаяпти. Шунинг учун йўлдан адашган ўсмирни дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда унинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса... Бир боланинг йўлдан адашиши — бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан, аввало, унинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак. Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга, маросимга чақирмаймиз, у фалончининг акаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз. Натижада нима бўлади? Кулфат камайиш ўрнига кўпаяди. Бошқа оилалар ҳаётига ҳам кириб боради. Минг афсуски, зарарли диний оқимга кирган болани «Бу — қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи», деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ахир, кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эди-ку! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди? Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди? Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади.
Биз кўпинча болам мактабда, ўқишда ёки чет элда ишлаяпти, деб хотиржам юрамиз. Лекин бизнинг бундай соддалигимиз, бепарволигимиздан душманлар маккорлик билан фойдаланмоқда. Жону жаҳонимиз бўлган фарзандимиз улар қўлида қуролга айланиб қолса, бунинг учун ким айбдор? Ўзимиз эмасми? Шунинг учун мактаб, лицей ва коллежлардаги, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия, биринчи навбатда, давомат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беришимиз шарт. Биронта ўқувчи ёки талаба узрсиз ўқишга келмай қўйса, таълим маскани ҳам, оила ҳам, маҳалла, ҳокимият идоралари ҳам бу борада сергак тортиши, буни фавқулодда ҳолат деб баҳолаши керак. Ана шундай назорат тизими самарали ва ўзаро боғлиқликда ишлайдиган бўлса, албатта, биз вазиятни қўлга олиб, уни ижобий томонга ўзгартира оламиз. Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганидек, жойларда махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу тоифа шахслар нега радикаллашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш лозим. Ана шу ишларнинг натижалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятида қўллаш учун аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Агар биз шу йўналишдаги ишларни аввалгидек давом эттирадиган бўлсак, яъни умумий профилактика ишларини ёшлар радикал диний оқим аъзосига айланганидан сўнг ўтказадиган бўлсак, бундай хавф-хатарга қарши самарали кураша олмаймиз.
Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли ходимлари учун малака ошириш ўқувлари ташкил этилаётгани ва унинг самарадорлигини ошириш ҳам самарали усуллардан. Бу ўқувларда уларни диний экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг иш усули, ғаразли ғоя ва мақсадлари билан таништириб бориш мақсадга мувофиқ. Шу нуқтаи назардан биз “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида шундай ўқув ва семинарларни ўтказишга катта эътибор қаратаяпмиз.
Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Бунинг учун ўзини жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар — бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими — уларнинг барчаси фаол бўлиши лозим.
Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Таълим ва тарбия ҳисобидан. Лекин тарбия дегани фақат мактаб тарбиясидан иборат эмас. Маҳалла, оила, кенг жамоатчилик ҳам бу тарбияда марказий ўрин эгаллаши лозим.
Баъзи ёшларимиз учун меҳр-оқибат, ахлоқ-одоб тушунчалари бутунлай бегона бўлиб бораётгани, уларда бефарқлик, масъулиятсизлик, меҳнат қилмасдан кун кўришга интилиш каби иллатлар пайдо бўлаётгани — аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. Ёки турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар кўпайиб бормоқда. Бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолмоқда. Яна бир нохуш ҳолатни афсус билан тилга олиб ўтиш жоиз: оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги кишини қаттиқ изтиробга солади. Шу нуқтаи назардан биз бепарволик, лоқайдлик, ўзибўларчилик иллатларидан халос бўлишимиз, шахсий манфаатларимиздан кўра Ватан манфаатини устун қўйишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун жонажон Ватанимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланмоқда....
01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Тарихчи олим Рустамбек Шамсутдинов 80 ёшга тўлганига ишонгинг келмайди. Чунки у киши ғайрат-шижоатда ёшлардан қолишмайди....
01 янв 1970
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидан бир неча кун аввал хизмат сафари билан хорижий давлатга кетишимга тўғри келаяпти....