Автомактаблар: муаммолар етарли, ечим эса...

/
Маълумотларга кўра, 2018 йилда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларида 2262 киши ҳалок бўлган, 8458 киши жароҳатланган. Бу автоҳалокатларда кунига 6 нафар киши вафот этиб, 23 нафар фуқаро тан жароҳати олганини билдиради.
Афсуски, бу рақамлар мамлакатимиз учун ҳам, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мезонлари бўйича ҳам юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Албатта, бу рақамларни келтириб чиқарувчи кўплаб омиллар мавжудки, улар орасида ҳайдовчилар тайёрлаш ташкилотлари томонидан ҳайдовчиликка ўқитишда тингловчиларга берилаётган таълим сифатининг пастлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.
Шу боисдан Қонунчилик палатасидаги ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги "Адолат" СДП депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сонли "Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларининг жойлардаги ижроси ўрганилди. Ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича жойларда қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳозирги кунда автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи хусусий ташкилотларнинг (бундан буён матнда — хусусий ташкилотлар) фаолиятида тизимли камчиликлар аниқланди:
Биринчидан, кейинги пайтда хусусий ташкилотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори иловаларида кўрсатиб ўтилган низомларнинг тегишли бандларига риоя қилмаган ҳолда очиш ҳолатлари тез-тез содир бўлмоқда. Хусусан, ўқитиш ишлари турар-жой массивларидаги ҳар хил типдаги коттежларда, савдо марказлари ва биноларнинг ер ости жойларида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган хоналар ҳамда ўқув автомобили сифатида қайта жиҳозланмаган, ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган машқ автомобилларини ижарага олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Иккинчидан, қатор хусусий ташкилотларнинг ўқув дастурларида кўрсатиб ўтилган амалий лаборатория машғулотларини олиб бориш учун керакли асбоб-ускуналар ва жиҳозларнинг етишмаслиги кузатилмоқда. Айрим ҳолатларда эса ҳатто амалий машғулотларда умуман қатнашмаган ёки ўқиш муддатини тўлиқ тугатмаган тингловчиларга ҳайдовчилик курсларини тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Учинчидан, қатор янги ташкил этилган хусусий ташкилотлар фаолиятида ўқув-машқ майдонлари (автодромлар)нинг йўқлиги ёки бўлса ҳам жиҳозланмаганлиги, ўқув автомобилларини сақлаш жойларининг йўқлиги, техник назорат масканларининг умуман жиҳозланмаганлиги ёки мавжуд эмаслиги, ўқув автомобилларининг кундалик техник кўрикдан ўтказилмаслиги, автомобилни амалий бошқаришни ўргатувчи инструкторлар ҳамда ўрганувчи ўқувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилмаслиги каби салбий ҳолатлар мавжуд.
Тўртинчидан, ҳайдовчиларни тайёрлашда муҳим ўрин тутадиган ўқитиш мониторингини олиб бориш ва ўқув жараёнини режалаштиришнинг автоматлаштирилган ахборот тизими асосида ташкил этиш ишлари умуман ёки тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Бешинчидан, таълим олувчиларни ўқитиш ишлари якунлангандан сўнг улар тўғрисидаги барча маълумотлар(ўқув журналлари, амалий бошқариш китобчалари, йўл варақалари ва бошқа норматив ҳужжатлар)ни ўз ичига олган ҳужжатларни сақлаш (архивация) ишлари тўғри тартибга солинмаган.
Олтинчидан, хусусий ташкилотларда ўқитиш сарф-харажатлари билан боғлиқ ягона унификациялашган тизимнинг йўқлиги, реал ҳисоб-китобларга асосланган калькуляция ишлаб чиқилмаганлиги натижасида тингловчилардан ўқиш учун ҳар хил миқдордаги, асосланмаган тўловлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қатор хусусий ташкилотлар фаолиятида асосий мақсад ҳайдовчиларни тайёрлаш ёки уларнинг малакасини ошириш эмас, балки тижорат билан шуғулланиш бўлиб қолаётганлиги кўзга яққол ташланмоқда. Ваҳоланки, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш инсон хавфсизлиги билан боғлиқ фаолият тури ҳисобланади.
Юқоридаги кўрсатилган салбий ҳолатлар келгусида республикамиз йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.
Ўз-ўзидан савол туғилади: мазкур муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ва уларни назорат қилиш қайси ташкилотга юклатилган?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги 515-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш; ўқувчилар, талабалар ва тингловчилар билимларининг Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари, давлат талаблари ва малака талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссиясининг ишчи органи сифатида нодавлат таълим муассасаларига лицензиялар беришни ташкил этиш каби муҳим вазифалар юклатилган.
Шулардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон "Адолат" СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи хусусий ташкилотларнинг фаолиятида учраётган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилашни ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига маълум қилишни сўраб депутатлик сўрови чиқарди.
Фуқароларимиз соғлиғи ва хавфсизлиги оид ушбу масала масъуллар томонидан батафсил ўрганиб чиқилади ва тегишли чоралар кўрилади, деб ўйлаймиз.
Ўзбекистон "Адолат" СДП Матбуот хизмати 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ҳар бир давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни унинг сиёсий, иқтисодий имкониятлари, халқнинг интеллектуал салоҳияти ҳамда маданияти билан бе...
01 янв 1970
Атоқли давлат арбоби, ўзбек халқининг маданиятига улкан ҳисса қўшган таниқли адиб, Жиззахнинг асл фарзанди Шароф Рашидов мушкул даврда юртни бошқар...
01 янв 1970
Хабарингиз бор, яқинда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фар...
01 янв 1970
Хусусан, вилоятимиздаги хотин-қизлар қўмиталари ходимларининг масъулияти, шижоати ортганлиги иш жараёнида яққол сезилмоқда....