Ўзбекистон – Хитой:

/
ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ – ҲАР ТОМОНЛАМА СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИК
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Кўксарой қароргоҳида 22 июнь куни ХХР Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги суҳбатида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Президентимиз Хитой Раисини мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, дўст хитой халқига самимий ҳурматини изҳор этди.
Биз Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ушбу давлат ташрифини изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги тарихида муҳим босқич, томонларнинг ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиши ифодаси, деб биламиз. Бугунги кунда Хитой улкан иқтисодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон Хитой билан стратегик шериклик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликни юксак баҳолайди ва қадрлайди, деди Ислом Каримов.
ХХР Раиси Ўзбекистонга навбатдаги ташрифидан мамнун эканини билдириб, ўзаро ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурматим баланд. 2013 йилда Самарқандни, кеча Бухорони кўриб, ўзбек халқининг юксак салоҳиятига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон барқарор сиёсий ва изчил иқтисодий тараққиётга эришмоқда, халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори муттасил ортмоқда. Ўзбекистон бундан ҳам улкан ютуқларни қўлга киритишига ишонамиз, ўзаро ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан манфаатдормиз, деди Си Цзиньпин.
Ўзбек ва хитой халқлари азалдан ўзаро савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби барча соҳаларни қамраб олган. Бу алоқалар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация каби қатор ҳужжатлар асосида изчил тараққий этмоқда.
Ислом Каримов ва Си Цзиньпин мунтазам учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш борасида фикр алмашиб келмоқда. ХХР Раиси 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган. Президентимиз 2014 йил август ойида давлат ташрифи билан Хитойда бўлди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин 2015 йил сентябрда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ўалабанинг 70 йиллигига бағишлаб Пекинда ўтган тадбирлар доирасида ҳам учрашдилар.
Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича позиция ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир. Бу мамлакатларимизнинг ўзаро ва кўп томонлама алоқаларида муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон ва Хитой халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. БМТ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, савдо, саноат, иқтисодиёт, энергетика, фан-таълим, маданият каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо-сотиқ соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида ҳукуматлараро мажлислар мунтазам ўтказиб келинмоқда. 2011 йилда таъсис этилган Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим роль ўйнамоқда.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этган. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошган. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 650 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзаро ҳамкорликда қатор йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2013 йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат парки – “Жиззах” махсус индустриал зонаси бунинг ёрқин намунасидир. Сирдарё вилоятида филиали бўлган ушбу индустриал зонада мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Хитойнинг “ПолиТекноложи” компанияси билан ҳамкорликда Ангренда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам мамлакатимиз орқали ўтиши ёқилғи-энергетика соҳасидаги улкан салоҳият ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Хитой бизнес субъектлари Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва Қўнғирот сода заводи қурилишида иштирок этган. “Huawei” компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимиз телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича 20 лойиҳа амалга оширилган. Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки кредитлари эвазига соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 дан зиёд лойиҳа бажарилган.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. Хитойдан Европа давлатларига маҳсулот ташиш мамлакатимиз ҳудуди орқали амалга оширилмоқда. Биргина “Навоий” интермодал логистика маркази орқали 2015 йили 1,8 минг тонна юк ташилган.
Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. “Ўзбекистон – Хитой” ҳамда “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари бу борадаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Фан-техника муассасалари ўртасида илмий ҳамкорлик, олий ўқув юртлари орасида талабалар алмашуви кенгаймоқда. Хитойда ўзбек тили, Ўзбекистонда хитой тили ўргатилмоқда. Тошкент ва Самарқандда Конфуций институти ташкил этилган. Хитой миллатлар марказий университети ва Пекин хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилган. Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилган.
Мамлакатларимизда ўзаро маданий мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган кино кунлари, бадиий кўргазмалар, фестиваллар ўтказилмоқда. Хитойлик санъаткорлар “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келмоқда. 2015 йилги фестивалда бош соврин – Гран-прини Хитойнинг “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳи қўлга киритди.
Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Сиань, Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилгани натижасида икки мамлакат ҳудудларининг тўғридан-тўғри алоқалари ривожланмоқда.
Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёнотини имзоладилар. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсади белгиланган.
Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва идоралари ўртасида техникавий-иқтисодий, инвестициявий, савдо ва нефть-газ соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Икки давлат раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини таъкидладилар. Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича томонларнинг позиция ва қарашлари бир хил ёки ўхшаш экани қайд этилди. Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги даврида амалга оширилган ишларга юксак баҳо берди.
Куннинг иккинчи ярмида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрдилар. Хитой Раиси ва Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзладилар.
Давлат раҳбарлари Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Си Цзиньпин Мустақиллик майдонининг меъморий ечими, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди.
Анвар САМАДОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат бос...
01 янв 1970
1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади....
01 янв 1970
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди....