Ошкоралик – фуқаролик жамиятининг муҳим шарти

/
Демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шартларидан бири — фуқароларнинг сиёсий жараёнларда, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши билан боғлиқдир.
Бинобарин, мамлакатимизда истиқлол йилларида демократик сайловлар асосида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими шаклланди. Бу борада ўнга яқин қонунлар қабул қилиниб, унда сайловларни очиқ ва ошкора, тенг шароитларда ўтказиш муҳим мезонлар қаторида белгилаб қўйилди.
Қайд этиш жоизки, сайлов қонунчилигида берилган тенг шароит ва имкониятлар асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ҳам ўз сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан кенг жамоатчиликни таништирди.
Партиямиз номзодининг сайловолди дастури, аввало, партия дастуридаги мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанг бўлиб, унда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган. Белгиланган устувор вазифалар, айниқса, юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Маълумки, демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
“Ошкоралик – фуқаролик жамиятининг муҳим шарти” тамойилига таянган ҳолда Наримон Умаров ўз сайловолди дастурида ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, ахборот соҳасида рақобат муҳитини янада кучайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, дастурда босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни ривожлантиришга, даврий матбуот маҳсулотларининг чакана савдо тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Қиёслаш учун айтиш керакки, 1991 йилда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони атиги 395 тани ташкил этган бўлса, мустақиллик йилларида 4 карра кўпайиб, ҳозирги вақтда уларнинг сони қарийб бир ярим мингтани ташкил этади. Кун сайин замонавий ахборот технологиялари такомиллашиб бораётган бир пайтда, интернет журналистикаси ҳам жадал ривожланмоқда. Кейинги беш йилнинг ўзида веб-сайтларнинг сони икки баробар ортиб, уларнинг сони 380 дан ошди. Бугунги кунда мамлакатимизда 66 та телеканал, 34 та радиоканал фаолият кўрсатиб келмоқда.
Дастурда белгиланганидек, мазкур соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашни давом эттириш замирида мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Таъкидлаш жоизки, партиямиз жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Зеро, фақат эркин, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган фуқарогина ўзининг ҳуқуқларидан тўлалигича фойдаланиши мумкин. Номзодимиз бу борада фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда махсус дастур ишлаб чиқишни ва уни ҳаётга жорий этишни режалаштирмоқда.
Ишонамизки, партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар ва уларнинг юксак натижаларини эътироф этган ҳолда, мамлакатимизнинг бундан кейин ҳам изчил тараққий этиши, ривожланган замонавий демократик давлатлар қаторига кириши тарафдори бўлиб қолиши билан бирга, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳозирда юртимиздаги 92 фоиз ўғил-қизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади....
01 янв 1970
2016 йил 25 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди....
01 янв 1970
Тўрақўрғон туманидаги “Шаҳанд” қишлоғида жойлашган 407-сайлов участкаси ҳам эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди....
01 янв 1970
Ёшлик — инсон умрининг энг гўзал, кучга тўлган, ғайрат-шижоати вужудига сиғмайдиган, халқона айтганда, “тоғни урса талқон қиладиган&rdq...