Маҳаллалар аҳли тинчлик ва тараққиёт учун овоз беради

/
Самарқанд вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси сайловини ўтказувчи 1030 та сайлов участкасида ушбу муҳим сиёсий тадбирда иштирок этиши кутилаётган 2373738 нафар сайловчининг рўйхати тўлиқ шакллантирилиб, уларга зарур таклифномалар тарқатиб чиқилди. Сайловни юксак савияда ўтказиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишлари сайлов қонунчилиги ва сайлов маданиятига оид тарғиботлар мамлакатимиз тақдири учун катта аҳамиятга эга бўлган бу сиёсий жараёнда барчанинг чуқур манфаатдорлик билан иштирок этиши ва республикамиздаги барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашидан далолат бермоқда.
— Мен бу йил сайловда илк марта қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдим, — дейди Самарқанд шаҳрининг “Геофизиклар” маҳалласида яшовчи фуқаро Робия Аҳророва. — “Сўзангарон” тиббиёт коллежини тамомлаб, мутахассис сифатида мустақил ҳаётга қадам қўйганим мени бир қувонтирса, бўлажак сайловда қатнашиш орқали давлат раҳбарини танлашда сайловчилар қатори овоз беришим менга фуқаролик ғурурини бағишлайди.
— Сайловда азиз юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти учун берилган менинг овозим ҳам, албатта, ҳисобга олинади, — дейди яна бир ёш сайловчи Раҳим Каримов. — Ота-онам, оила аъзоларимиз сайлов участкасига ўз таклифномамиз билан келиб, ҳар биримиз маъқул топган номзодга овоз беришга қарор қилганмиз.
“Геофизиклар” маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган 10-сайлов участкасида мазкур маҳалла ҳамда “Қўрғонча” маҳалласидан жами 2 минг 921 нафар фуқарога сайлов таклифномалари тақдим этилган бўлиб, улардан 114 нафари сайловда илк марта қатнашадиган ёшлардир. Бу ерда бўлажак сиёсий тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш, фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини эмин-эркин амалга оширишлари учун талаб этиладиган барча шароитлар муҳайё қилинган.
Вилоят адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган мавзуга оид мулоқотлар, давра суҳбатлари сайлов маданиятини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
— Иккала маҳалладаги ҳар бир хонадонга бориб, сайлов участкаси ҳудудидаги сайловчиларнинг 24 нафари соғлиғи ва жисмоний имкониятига кўра уйда овоз беришини аниқладик, — дейди участка сайлов комиссияси раиси Зархол Раимқулова. — Улар ҳузурига сайлов бюллетенларини олиб борадиган комиссия аъзоларини тайинладик. Турли асосли сабабларга кўра сайловда муддатидан олдин иштирок этишни истаган беш нафар фуқаронинг ҳам талаби қондирилди. Фуқароларнинг сайловни ўтказиш ва унинг ташкилий жараёнлари бўйича ҳар бир мурожаати участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан ана шундай ҳозиржавоблик билан ўрганилиб, асосли тарзда ҳал этиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, мазкур комиссия аъзоларидан Олим Одилов, Суръат Ҳамидов, Фотима Шарипова, Элвира Муслиддинова, Қизлархон Очилова сайловга оид зарур ҳуқуқий кўникмаларга ва сайловчилар билан муносабат ўрнатиш қобилиятига эга кишилардир. Шу боис уларнинг фуқаролар билан ҳар бир мулоқоти ўз ижобий натижасини бериши аниқ
Самарқанд шаҳридаги “Геофизиклар” ҳамда “Қўрғонча” маҳаллаларидаги салкам уч минг нафар сайловчи ўз фуқаролик масъулиятини чуқур идрок этган ҳолда 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашади ва обод Ватан, янада фаровонлик, тараққиёт учун овоз беради, деб ишонамиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фарзандлар камоли, уларнинг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир....
01 янв 1970
Шу кунларда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш ишлари қизғин суръатларда давом эттирилмоқда....
01 янв 1970
Бундан 25 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган бу галги Мурожаатномаси ҳам туман Кенгаши депутати, ҳам аёл, она сифатида мени жуда тўлқинла...