ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН МУНОСАБАТЛАРИНИНГ БУГУНГИ ДАРАЖАСИДАН ХАЛҚЛАРИМИЗ МАМНУН

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан кутиб олди.
Президент Алмазбек Атамбоев Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Қирғизистон Президенти ушбу муаззам майдон Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсатини, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканини алоҳида таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Кўргазмада мамлакатларимиз сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳасида эришган ютуқлар, саноатнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган компаниялар маҳсулотлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион лойиҳа ва ишланмалари намойиш этилмоқда.
Президентлар экспозиция билан танишар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Икки мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашиши ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Давлат ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар Кўксарой қароргоҳида бўлди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, бутун Қирғизистон халқига ўзининг чуқур ҳурматини изҳор этди.
Бугунги ташриф жорий йил сентябрда Қирғизистонда бўлиб ўтган тарихий учрашувларнинг мантиқий давомидир. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ҳамфикрлиги туфайли Ўзбекистон билан Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар фаоллашди. Қисқа вақтда эришилган тарихий келишувларни халқларимиз юксак баҳолади, деди Президентимиз.
Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевга таклиф учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.
Сиз давлатларимиз ўртасидаги чегарани дўстлик ва ҳамкорлик чегарасига айлантирдингиз. Чегара постларининг очилиши ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг, аввало, халқни, оддий одамлар ҳаётини ўйлашидан далолат. Ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилгани, транспорт алоқалари тиклангани бизни янада бирлаштирди. Бу ҳар икки томонга манфаат келтиради, деди Қирғизистон Президенти.
Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиёга устувор аҳамият қаратмоқда. Барча қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамламоқда. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун касб этди. Парламентлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги ташрифлар кўпайди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Алмазбек Атамбоев мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур комиссиянинг ҳамраислари сифатида икки мамлакат Бош вазирлари белгилангани томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга юксак эътиборидан далолат беради.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Ўшда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада иштирок этди. Қирғизистон иқтисодиёт вазирининг мамлакатимизга ташрифи ҳам самарали бўлди.
Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форумда қарийб 200 миллион долларлик шартномалар имзоланади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи мавжуд иқтисодий имкониятларга мос эмаслиги, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш зарурлиги қайд этилди. Саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш вақти келгани таъкидланди.
Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, автобуслар ва маиший ускуналарни биргаликда йиғиш, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариб, учинчи давлатларга экспорт қилишга келишиб олинди. Ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар янада ривожлантирилади.
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг транспорт коммуникациялари ўзаро интеграциялашган. Бу барча соҳалардаги алоқалар ривожида, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари орқали жаҳон бозорларига чиқишда муҳим роль ўйнайди. Шу боис мамлакатларимиз транспорт қатнови, эркин транзитни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
«Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой» темир йўлининг қурилиши мамлакатларимиз учун улкан иқтисодий имкониятлар очиши таъкидланди. Янги автомобиль йўлаклари, жумладан, «Андижон—Ўш-Иркиштом—Қошғар» қатновини очиш минтақа давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий тараққиётига қўшимча суръат бағишлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг маданияти, қадриятлари муштарак. Президентимиз таъкидлаганидек, бизнинг тилимиз, динимиз, фикримиз бир.
Бу жиҳатлар маданий-гуманитар алоқалар ривожида муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда Қирғизистон театр ижодкорлари Фарғона водийсига, ўзбекистонлик санъаткорлар Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафар қилди. Қирғизистон делегацияси мамлакатимизда бўлиб турган айни кунларда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан давлат чегаралари бўйича тарихий келишувларга эришилгани ва қатор чегара постлари очилгани икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари учун кенг имконият берди.
Олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзоладилар.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар ўзаро англашув, очиқлик ва самимият руҳида ўтгани, томонлар ўртасида ҳал қилинмаган масалалар деярли қолмаганини алоҳида таъкидладилар.
Шавкат Мирзиёев имзоланган ҳужжатлар халқ талаб ва истакларидан келиб чиқиб қабул қилингани, улар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Алмазбек Атамбоев сўнгги вақтларда эришилган келишувларни халқларимиз узоқ кутгани, тарихда қоладиган шундай ишларга ҳисса қўшганидан бахтиёр эканини таъкидлади.
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.
Анвар САМАДОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт
01 янв 1970
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. ...
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.