Ўзбекистон — АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври

/
Мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлардан, халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйилаётгани, бошқарув тизими такомиллашаётганидан, қонун устуворлиги таъминланаётганидан, иқтисодиёт либераллаштирилиб, очиқ ташқи сиёсат олиб борилаётганидан бутун дунё хабардор эканлигига Президентимизнинг АҚШга илк расмий ташрифи давомида яна бир бор амин бўлдик.
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари

Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам тарихий, дея эътироф этилаётган мазкур учрашув кейинги 16 йил мобайнида илк марта юз берди. Ва шуни тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга ташрифи Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди. Олий даражадаги учрашувлар жараёнида АҚШ Президенти Д.Трамп Ўзбекистонда Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиб ўтди.
Барчамизга маълумки, АҚШ иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Дунё ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисми айнан ушбу давлат ҳиссасига тўғри келади. Қолаверса, аҳолисининг даромадлари юқорилиги бўйича ҳам етакчилар қаторида туради. Айни шу омиллар ҳар қандай давлатни АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик қилишга ундайди, албатта.
Бугунги кунда юртимизда 181 та Ўзбекистон — АҚШ корхонаси фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 46 таси тўлалигича Америка капитали асосида тузилган.
АҚШ — Ўзбекистон ўзаро савдо муносабатлари транспорт ва транспорт коммуникациялари, фармацевтика, автомобилсозлик, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электротехника каби кўплаб соҳаларни қамраб олган. Бироқ айни пайтда мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши шубҳасиз. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорликни янада кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шундай эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзоланди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иккала мамлакатда иш ўринларини яратишга кўмаклашадиган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Ташриф давомида қабул қилинган баёнотнинг “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши”, деб номланиши ҳам бежиз эмас. Яъни ушбу баёнотда томонларнинг нафақат бугунги кун ёки яқин келажакка, балки истиқболга мўлжалланган муштарак интилишлари акс этган.
Америка Қўшма Штатлари халқаро терроризмга қарши курашда Ўзбекистон билан азалий шериклигини алоҳида эътироф этди. Ташриф давомида иккала давлат раҳбарлари экстремизм ва халқаро терроризмнинг умумий таҳдидларига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурати таъкидланди. Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган келишувлар амалга оширилади ҳамда беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий ҳамкорлик Режасини амалга татбиқ қилиш орқали мудофаа соҳасидаги алоқалар янада мустаҳкамланади.
АҚШ томони Президент Ш.Мирзиёевни халқаро ҳамжамиятнинг “Толибон” афғон ҳукумати билан тинч музокараларни бошлаши лозимлиги тўғрисида ягона позициясини тасдиқлаган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида 2018 йилдаги Тошкент халқаро конференцияси ҳамда 2017 йилда Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конференциянинг муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади. Президент Д.Трамп Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда етакчи сифатида муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” Қўшма баёнотининг қабул қилиниши иккала мамлакатнинг ўзаро муносабатларида янги марралар сари дадил қадам бўлиб қолади. Қолаверса, икки давлат ўртасида сиёсий, парламентлараро ва ҳарбий соҳаларда эришилган келишувлар яқин ва узоқ истиқболда ўзининг юксак самараларини беради.
Тарихий ташриф доирасида эришилган натижаларни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг барча даражадаги депутатлик корпуси, 250 мингга яқин аъзолари ва миллиондан ортиқ хайрихоҳлари фаол қўллаб-қувватлайди.
Айниқса, АҚШ билан илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва энергетика соҳаларида йўлга қўйилган истиқболли келишувлар партиямиз дастурий мақсад-вазифаларига тўла мос келиши билан биз учун аҳамиятлидир.
Чунки ҳаммамиз яхши биламизки, бугунги кунда дунёдаги йирик илмий-тадқиқот ва инновация марказлари айни шу давлатда фаолият юритади. Биргина Кремний водийсида илм-фаннинг барча соҳаларида, хусусан, коммуникация, аэрокосмонавтика дейсизми, муқобил энергетика, сунъий онг ёки интеллект, геномика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа юқори технологияларга асосланган йўналишларда амалга оширилаётган кашфиётлар бутун дунё аҳлини лол қолдираётгани бор гап.
Хулоса қилиб айтганда, биз АҚШдек ҳар жиҳатдан қудратли давлат билан ҳамкорликда минтақамизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларидаги манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзининг амалий натижаларини беришига ишонамиз.
 
Вилоят АКРАМОВА,
халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати

Глобаллашув даврида ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий тараққиётида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутади. Зеро, бугунги кунда бирор-бир мамлакат бошқа давлатлар билан яқиндан алоқаларни йўлга қўймасдан, уларнинг илғор тажрибаларидан фойдаланмасдан юксак тараққиётга эришиши қийин.
Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистонга қизиқиши кучайганининг сабаби нимада? Сабаби аён: Ўзбекистон ҳеч қандай ташқи таъсирларсиз ўз ижтимоий ҳаётида катта ўзгаришларни амалга оширишга киришди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида яқин қўшнилар ва ташқи дунёга бағрини кенг очди. Бунда ошкоралик ва демократия йўли танланди. Бу йўлни муваффақиятли амалга ошириш осонлик билан кечмайди. Шу сабабли ушбу жараёнда хорижий мамлакатлар, кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳар тарафлама ҳамкорликлар юзага келмоқда.
Америка Қўшма Штатлари билан мамлакатимиз ўртасида стратегик шерикликнинг янги даври бошланганлигининг сабаби ҳам шунда. Эндиликда икки мамлакат ўртасида барча соҳаларда ҳамкорликлар янги поғонага кўтарилиши шубҳасиз. Жумладан, маданий-гуманитар, яъни илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, туризм соҳаларида ўзаро алоқалар кенг йўлга қўйиладиган бўлди.
Президентларнинг учрашувлари пайтида икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинганлиги алоҳида эътироф этилди. Хўш, бу нимани англатади? Бу таълим соҳасида, илм-фан йўналишида ўзаро ҳамкорликлар, алоқалар юзага келишини билдиради. Бошқача айтганда, икки мамлакат ҳамкорлигида олий ўқув юртлари очилади. Илмий тадқиқотлар соҳасида янги ҳамкорликлар бошланади. Илм-фан йўналишида кўплаб дастурлар белгиланади. Президент Д.Трампнинг АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдириши ҳам ана шу ҳамкорликнинг истиқболли эканлигини кўрсатади.
Икки мамлакат раҳбарлари учрашувлари ва имзоланган битимларда яна бир соҳа — соғлиқни сақлаш тизимида ҳамкорликларни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, фармацевтика соҳасини ривожлантириш, инсон саломатлигини тиклаш учун хизмат қиладиган дори-дармонларни биргаликда ишлаб чиқаришга киришиладиган бўлди. Буларнинг бари Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар киритиш ва ривожланишга катта ҳисса қўшиш баробарида икки мамлакат халқларини яқинлаштиришга, улар ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, икки давлат Президентларининг ўзаро учрашувларидан кузатилган асосий мақсад ҳам шундан иборат.
 
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

АҚШ Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб эътироф этган ва мана, 27 йилдирки, мамлакатимизнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган мамлакат ҳисобланади. Буни ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди ва ҳамиша қадрлайди.
Икки мамлакат ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосларига назар ташлайдиган бўлсак, ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилдан то шу пайтга қадар 100 га яқин турли-туман ҳужжатлар имзоланганлигини кўришимиз мумкин. Ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида сифат жиҳатидан янги ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни белгилаб берган асосий ҳужжат сифатида бу икки мамлакат ўртасида 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги Декларацияни алоҳида қайд этиш мумкин.
Бундан ташқари, икки томонлама ҳамкорликни амалий саъй-ҳаракатлар билан тўлдириш ҳамда эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида АҚШ билан ўзаро манфаатли ва барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган иккита “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Булар – 101 чора-тадбирдан иборат 2017 йилда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ҳаракатлар дастури ҳамда 51 банддан иборат давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва Ўзбек — Америка бизнес форуми (2017 йил 20-21 сентябрь) якунида эришилган аҳдлашувларни амалга оширишга доир амалий чора-тадбирлар режаси бугунги кунда амалиётга татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон ва АҚШ бугунги кунда бир қатор халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича муштарак позицияга эгалигини кўришимиз мумкин. Масалан, АҚШнинг Афғонистондаги ҳозирги стратегияси, яъни Афғонистонга таҳдид манбаи сифатида эмас, балки узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорлик учун имконият сифатида қараётганлиги Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича юритаётган прогрессив ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари билан мос тушади.
Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари нафақат савдо-иқтисодий ёхуд сиёсий-хавфсизлик соҳаларида, балки маданий-гуманитар соҳада ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда илм-фан ва таълим соҳаларида янги алоқалар ўрнатиш ва эришилган келишувларни амалга ошириш, энг аввало, маданий-гуманитар ва илмий-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Икки томонлама муносабатларнинг ривожланишида парламентлараро алоқалар муҳим омил ҳисобланади. АҚШнинг икки палатадан иборат парламенти – Конгресс билан ҳамкорлик ўзбек —америка муносабатларида муҳим ўрин тутади. Таъкидлаш жоизки, АҚШ давлатчилик институтлари тизимида ва умуман, қарорлар қабул қилиш жараёнида Конгресснинг нуфузи жуда баланд. Конгресснинг кўп йиллик бой амалий тажрибаси, хусусан, мамлакатнинг олий молиявий ҳужжати бўлмиш давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш, шунингдек, энг долзарб муаммолар юзасидан парламент текширувларини ташкил қилиш соҳасидаги бой тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш мамлакатимиз ҳаётида парламентнинг ўрни ва роли тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳозирги шароитда Олий Мажлис учун ҳар томонлама қўл келади.
Сўнгги икки йилда ўзбек — америка муносабатларида мисли кўрилмаган фаоллашувни кузатишимиз мумкин. Бунга, биринчи навбатда, икки давлат раҳбарлари – Ш.Мирзиёев ва Д.Трампнинг саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли эришилмоқда. Биргина 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари икки маротаба — Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашдилар. Шунингдек, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан қатъий интилишни намоён этганлари ҳолда муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеалар муносабати билан телефон орқали мулоқотда бўлдилар ҳамда ўзаро табрикномалар алмашдилар.
Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Президент Д.Трампнинг таклифига биноан мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг ушбу давлатга амалга оширган расмий ташрифи, ташриф доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, эришилган келишув ва имзоланган битимлар икки мамлакат муносабатларини том маънода стратегик шериклик даражасига кўтарди десак, муболаға бўлмайди.
Президент Д.Трампнинг “Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир” деган сўзлари нафақат мамлакатимиз раҳбарига, балки бутун ўзбек халқига кўрсатилган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Унинг Шавкат Мирзиёев шахси ҳақидаги “Жаноб Президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир”, деган сўзларини дипломатик тилдан халқона тилга “ўгирадиган” бўлсак, “Ўзбекистон АҚШнинг ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади, у минтақавий ва халқаро масалаларда ўз қатъий сўзига ва позициясига эга мамлакат ҳисобланади. АҚШ ана шундай нуфузли давлат билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир”, деган маъно келиб чиқади.
Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ўзаро прагматик сиёсати, минтақа мамлакатлари билан муносабатларда узоқ вақтдан бери тўпланиб қолган муаммоларни тезлик билан ҳал қилганлиги, “музларни эритиб”, конструктив ҳамкорлик ўрнатганлиги бугун расмий Вашингтон томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Президент Д.Трамп “Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга Оқ уйга тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда анчайин мураккаб вазият юзага келаётган, ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда бугунги мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, дея таъкидлади.
Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон—АҚШ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Икки давлат вазирликлари ва идоралари ўртасида узоқ муддатли ва кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган, умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларидан иборат 20 дан ортиқ шартномавий ҳужжатлар имзоланганлигининг ўзиёқ ташрифнинг ниҳоятда самарали ўтганлигидан далолат беради. Албатта, бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада оширишда муҳим ўрин эгаллайди.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш масалалари ҳам олий даражадаги музокараларнинг диққат марказида бўлди. АҚШ Ўзбекистоннинг Афғонистонда зарур инфратузилмани барпо этиш, хусусан, темир йўл тармоғини кенгайтириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади. Бу қўллаб-қувватлаш музокаралар якуни ўлароқ икки мамлакат раҳбарлари томонидан имзоланган “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнотда ҳам ўз аксини топди.
Маълумки, АҚШ инновациялар ва юқори технологиялар соҳасида юксак натижаларга эришган бўлиб, илм-фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, янги кашфиётларни экспорт қилиш, ихтиро ва энг илғор илмий ишланмалар борасида етакчи мамлакат ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон иқтисодиётидаги модернизация жараёни тобора чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда мамлакатимизга АҚШ инновациялари ва технологияларини жалб этиш биз учун принципиал аҳамиятга молик масала ҳисобланади. Зеро, янги технологиялар ва инновациялар нафақат иқтисодий ўсишнинг муҳим кафолати, балки ижтимоий муносабатларни замонавий тарзда ташкил қилиш омили ҳамдир. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади. Уларнинг технологияси кирган жойда коррупция, ўғрилик бўлмайди”.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, Вашингтонда бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар яқин ва ўрта муддатли истиқболда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишларини белгилаб бериш билан бирга, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратди. Ҳамкорликни янги поғонага кўтарган ушбу ташриф давомида ўзаро ишончнинг юқори даражасига эришилди. Ўзаро муносабатлардаги тарихий воқеа бўлган ушбу ташриф натижалари иккала мамлакат халқининг равнақи йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.
 
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан илк расмий ташриф билан бу мамлакатда бўлганида томонлар кўплаб муҳим масалалар қатори Афғонистон муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Бу бежиз эмас, албатта. Яъни Марказий Осиёда барқарор ва изчил ривожланиш истиқболлари Афғонистонда тинчликка эришишга бевосита боғлиқ. “Афғон муаммоси”ни ҳал қилмасдан минтақанинг фаровонлигини таъминлаш мумкин эмас. Зеро, Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади.
Шу сабабли Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалалари АҚШ ва Ўзбекистон Президентларининг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Жорий йил март ойида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция арафасида мактуб йўллагани ҳам мана шу эътибордан шоҳидлик бериб турибди. Ва шуни ҳам мамнуният билан эътироф этиш жоизки, АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Олий даражадаги учрашувлар чоғида ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда муҳим роль ўйнаётгани эътироф этилиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари олқишланди. АҚШ томони Ўзбекистон томонидан режалаштирилаётган Афғонистондаги темир йўл ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга сиёсий ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деб бежиз айтишмайди. Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон—Афғонистон муносабатларида кескин ижобий ўзгаришлар юз берди, ҳар томонлама ўзаро ҳамкорлик кучайди. Жумладан, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Термиздаги божхона терминали билан халқаро логистика маркази ташкил этилди. “Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлининг ишга туширилиши натижасида юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Афғонистонни темир йўл бўйлаб иш билан таъминлашнинг ўсиш суръати йилига 10-11 фоизни ташкил этди ва бу 2008 йилга нисбатан иш билан бандликнинг икки баравар кўпайишига имкон берди.
Ўз навбатида, янги “Мозори Шариф – Ҳирот” темир йўл лойиҳасининг амалга оширилиши Афғонистонни иқтисодий тиклашга катта ҳисса қўшади. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Термиз шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди.
Ҳозирги кунда марказда «Ўзбек тили ва адабиёти» мутахассислиги бўйича юзга яқин талаба таҳсил олмоқда. Ўқиш муддати – 2 йил, битирувчиларга бакалавриат дипломи берилади.
Темир йўл транспорти ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ҳам таълим маркази фаолиятининг истиқболли йўналиши сифатида белгиланган.
Бизни мамнун этган яна бир жиҳат шу бўлдики, ташриф давомида Афғонистон билан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланишининг олдини олишда Ўзбекистон ва АҚШ яқиндан ҳамкорлик қилади. Бундай ҳамкорлик эса бутун минтақамиз хавфсизлигини таъминлашга, халқларнинг тинч-фаровон ҳаёт кечиришига катта ҳисса бўлиб қўшилади, албатта.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бундан 25 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси ўзининг қизғин палласига кирмоқда....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Ўзбекистон халқаро майдонда тинчлик ва ҳамкорликка асосланган прогрессив ташқи сиёсат юритиб келмоқда. ...
01 янв 1970
Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши ан...