ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН АМАЛИЙ ҲАРАКАТЛАР ДАВРИ

/
Ўзбекистон – Беларусь:
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 13 сентябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада учрашув ўтказди.
Президентимиз олий мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Беларусь самимий дўст ва ишончли шерик эканини таъкидлади.
– 2016 йили Самарқанддаги учрашувимизда давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга келишиб олган эдик. Ўтган икки йилда ҳамкорлигимиз жадал суръатда ривожланди. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиздан зиёд ўсди. Жорий йил январь – июль ойларида эса бу борадаги кўрсаткич қарийб 4 баробар ошди. Бу ҳамкорлигимизда катта салоҳият мавжудлигидан далолат беради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Беларусь Президенти таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
– Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор, – деди Александр Лукашенко. – Ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда кенг миқёсли ўзгаришларни амалга оширмоқдасиз. Ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга, тажриба алмашишга тайёрмиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва шериклик руҳида ривожланмоқда. Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз икки ва кўп томонлама асосда мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Халқларимизнинг дўстлиги ва яқинлиги ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва мамлакатларимизнинг турли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашига мустаҳкам асос бўлмоқда.
Президентлар икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга, турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни изчил ривожлантиришга келишиб олдилар.
Расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокарада Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва янада кенгайтириш, икки мамлакат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдиришини ҳисобга олган ҳолда, шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон – Беларусь ўртасидаги алоқалар барча соҳада фаол тус олгани таъкидланди.
Жорий йил август ойида Тошкентда Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтди.
Машинасозлик, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишбилармон доиралар ва етакчи корхоналар ўртасида алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Кейинги икки ойда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари вакиллари Беларусга ташриф буюриб, ўз ҳамкорлари билан яқин алоқалар ўрнатди.
Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Президентлар амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини, бунинг учун интеллектуал, технологик ва бошқа ресурслар, шунингдек, энг муҳими, ўзаро интилиш мавжудлигини таъкидладилар.
Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва яқин йилларда уни бир миллиард долларга етказиш вазифаси топширилди.
Ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга келишиб олинди. Қўшма корхоналар ташкил этиш, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар маданий-гуманитар соҳадаги шериклик муносабатларини бундан буён ҳам мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Музокара якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнотни имзоладилар.
Ташриф доирасида 19 ҳужжат, жумладан, ўзаро савдога кўмаклашиш тизими, саноат мулкини муҳофаза қилиш, божхона ишларида ўзаро ёрдам тўғрисида, фан ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, олий таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим ва шартномалар имзоланди.
Улар орасида 2019-2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро шартнома ва уни амалга ошириш дастури алоҳида аҳамиятга эга.
Ташриф доирасида ўтган ишбилармонлар ва ҳудудлараро ҳамкорлик форумида умумий қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган шартнома ва битимлар имзолангани таъкидланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда давлат раҳбарлари музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтгани, унинг натижалари янада мустаҳкам ва кенг кўламли бўлишини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь Президентининг сўнгги 24 йилда мамлакатимизга илк расмий ташрифи том маънода тарихий бўлгани, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлаб, уни сифат жиҳатидан янги, янада юксак босқичга олиб чиқишини таъкидлади.
Беларусь Президенти ушбу ташриф мамлакатларимизнинг ҳамкорликка интилиши муштараклигидан, ҳар икки томон узоқ истиқболга мўлжалланган ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканидан далолат беришини қайд этди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Лукашенко «Ўзэкспомарказ»да очилган «Беларусда ишлаб чиқарилган» кўргазмасига ташриф буюрдилар.
Кўргазмада Беларуснинг 150 дан ортиқ корхонаси ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Улар ўз мамлакатининг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, металлургия, кимё саноати, маиший техника, озиқ-овқат, тўқимачилик, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалардаги ютуқларини намойиш этмоқда.
Александр Лукашенко Президентимизга Беларусь иқтисодиёти, унинг асосий тармоқлари салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.
Шавкат Мирзиёев Беларусь корхоналари вакиллари билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга саноат корхоналари ва ҳудудлар ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
Давлат раҳбарлари юқори технологиялар соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, жумладан, икки мамлакатнинг инновацион марказлари ва технопарклари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда биргаликда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Лукашенко Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ҳудудида ташкил этилган «Амкодор-Агротехмаш» қўшма корхонасининг очилишида иштирок этди.
Умумий қиймати 33 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа 2018-2021 йилларда амалга оширилади. Бугун расман ишга туширилган биринчи босқичда қурилиш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 12 турдаги экскаваторлар ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси 2019 йилда 22 фоизга, 2021 йилда камида 50 фоизга етказилади.
Давлатимиз раҳбари маҳсулот турини кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви қишлоқ хўжалиги техникаларини минтақамиз мамлакатларига етказиб бериш учун қулай эканини қайд этди.
Шу ерда қўшма корхонада ишлаб чиқарилган дастлабки экскаваторлар намойиш этилди.
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 февраль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди....
01 янв 1970
Бинобарин, мамлакатимизда истиқлол йилларида демократик сайловлар асосида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими ша...
01 янв 1970
2016 йил 25 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди....
01 янв 1970
10 январь куни Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон Ислом Республикаси) Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника...