Меҳр-оқибат халқимизга хос фазилат

/
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди. Зеро, ушбу байрамнинг мазмун-моҳиятида ўзбек халқига хос инсонпарварлик мужассамдир. Яъни, мамлакатимизда инсон хотираси ҳамиша муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабар эканлигининг ифодасидир.
Бу сана урушда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга янада юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу кун. Бунда ўзбек халқига хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, инсонпарварлик каби юксак фазилатлар ҳам намоён бўлади.
Муҳтарам Юртбошимизнинг журналистлар билан суҳбатда “Ҳар қайси халқнинг бағрикенглиги ва олижаноблиги, керак бўлса, одамийлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамларнинг бошига мусибат тушганда улардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади”, — деган сўзларидан жуда таъсирландим.
Ҳақиқатан ҳам, ўша машъум йилларда дунёни фашизмдан қутқариш учун ўзбек халқи бағриқон бўлиб нафақат ўз ўғлонларини оловли жанггоҳларга кузатган, балки фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни ўз бағрига олгани, уларга бошпана бергани, “Сен етим эмассан” дея уларнинг кемтик кўнглига малҳам бўлгани ҳамда охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрганини шунчаки сўз билан ифодалаб бўлмайди.
Халқимизга хос бу каби меҳр-мурувватлилик, одамийлик фазилатларини бугун азиз юртдошларимиз — турли миллат ва элат вакиллари ҳам эътироф этиб, ўзаро аҳил-иноқликда истиқомат қилаётгани, шу муқаддас заминни, она Ватанимизни ардоқлаб келаётгани барчамизни хурсанд қилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, умумий уйимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувликнинг таъминланиши мустақиллик йилларида биз эришган энг катта ютуқларимиздан биридир. Бугун одамларимиз онгида ана шу эзгу қадрият ва унинг ўзгармас моҳияти кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Зеро, тинчлик ва осойишталик бўлмаса, жамиятда на ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиб бўлади, на демократик ўзгаришларни амалга ошириб бўлади. Турли тоифадаги фуқаролар ўртасида тенгликнинг йўқлиги, бир-бирини инкор қилиш, ихтилоф ва душманлик қанчалик аянчли оқибатларга олиб келишини бугун дунёдаги қатор мамлакатларнинг нохуш тажрибаси яққол тасдиқлаб турибди.
Бизнинг мамлакатимиз кундан-кунга равнақ топиб, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришаётган экан, бу, энг аввало, тинчлик ва осойишталикнинг маҳсулидир.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Алига ҳам, Валига ҳам сарфланган харажат фермернинг айланма маблағини тўлдириши мумкин эди, бироқ......
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган бу галги Мурожаатномаси ҳам туман Кенгаши депутати, ҳам аёл, она сифатида мени жуда тўлқинла...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига ўтказилади...