Кекса авлод ҳақида ғамхўрликнинг яна бир ёрқин кўриниши

/
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига, хусусан, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 27 майдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан қўшимча тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўз аксини топди.
1996 йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси кекса ёшдаги фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини ошириш мақсадларида ташкил этилди.
Бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йилнинг 28 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг манзиллилигини таъминлаш, кекса ёшдагилар, имконияти чекланган одамлар ва ёлғиз кексаларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини кўтаришни, шунингдек, жойларда туман ва шаҳарлар аҳолисининг замонавий диагностика ва даволаниш услубларидан фойдаланиш имконларини таъминлайдиган тубдан янги ёндашувлар ишлаб чиқиш мақсадларини қамраб олган.
Шунингдек, фармонда фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оқсоқоллар, кекса ёшдагилар ва ногиронларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини эъзозлаш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш ишларини сифат жиҳатидан янги миқёсга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Жумладан, касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш учун 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларнинг барчаси ихтисослаштирилган тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланади. Бириктирилган патронаж ҳамширалари томонидан саломатликлари устидан доимий назорат орқали кекса ёшдаги фуқаролар орасида касалликлар профилактикаси чораларини кенгайтириш, 15,5 минг ёлғиз кексаларнинг турмуш сифатини ва турмуш даражасини уларга шахсий ижтимоий ходимларни бириктириш орқали оширилади.
Яна бир мисол: кексалар ва ногиронларнинг 23 та Саховат ва Мурувват уй-интернатларининг моддий-техника базаси умумий миқдори 207 миллиард сўмга тенг ҳажмда мустаҳкамланади.
Шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кексалар ва фахрийларни ёшларни тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этишга, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда, кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг турмуш шароитлари ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришда катта аҳамият касб этади.
Ўткир ХОЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди....
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муноса...
01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ходимлари ҳамда...
01 янв 1970
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда....