Мактабгача таълим — узлуксиз таълим тизимининг пойдевори

/
Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган. Дарҳақиқат, бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди. Бунда, энг аввало, оила асосий роль ўйнаса, мактабгача таълим муассасасининг ҳиссаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда матбуотда эълон қилинган “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу тизим фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳани бугунги кун талаблари даражасида модернизация қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Албатта, мазкур масалага эътибор кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ортга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган 25 йиллик мустақиллик даврида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда таълимни тубдан ислоҳ қилишнинг муҳим босқичлари амалга оширилиб, моҳиятан ҳеч қайси бир давлатда мавжуд бўлмаган узлуксиз таълим тизими шакллантирилди. Яъни ёш авлоднинг мактабгача таълим муассасаларидан то олий таълимгача бўлган узлуксиз билим олишлари, касб ўрганиши учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Бу борада, айниқса, мактабгача таълим муассасалари тизимини ривожлантириш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб этиш, мактабга тайёрлаш масалалари таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири деб қаралди. Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш учун, энг аввало, қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур соҳадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, мактабгача таълим муассасалари тармоғини ҳозирги замон талаблари ва стандартлари асосида ривожлантириш, уларни реконструкция ва модернизация қилишга қаратилаётган эътибор замирида ҳам келажагимиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари ҳамда буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб вояга етишларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурда кенг кўламли стратегик мақсадлар, муҳим вазифалар белгилангани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, ҳужжатда бугунги кундаги ҳаётий талаб ва эҳтиёжлар, соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳамда ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳисобга олинганлиги барчамизни қувонтиради.
Айниқса, келгуси беш йилликда 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш ҳамда ушбу мақсадлар учун жами 2,2 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилаётгани ушбу қарор ўз ичига нечоғлик кенг кўламли вазифаларни қамраб олганлигини кўрсатади.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда қишлоқ жойларида мактабгача таълим муассасалари сонини кескин ошириш зарурати кўринмоқда. Айрим қишлоқ шароитида яшайдиган ёш оналар учун болалар боғчаси масаласи ҳаётий эҳтиёжга айланган.
Албатта, бу эҳтиёж бежиз эмас. Мактабгача таълим муассасалари, биринчидан, мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, Конституцияни ўргатиш, дунёқарашини кенгайтириш имконини бераётган бўлса, иккинчидан, ёш болали оналарнинг меҳнат қилишга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилади.
Қолаверса, ҳудудларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган янги уй-жой массивларида ёш оилалар фарзандлари учун болалар боғчалари сонини кўпайтириш зарурати пайдо бўлмоқда. Қарорга мувофиқ, айни шу мақсадда жойларда хорижий тажрибадан ва мамлакатимизнинг иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, намунавий лойиҳа асосида 70 ва 120 ўринли 50 та замонавий мактабгача таълим муассасаларини бунёд этиш ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1167 тасини реконструкция қилиш, 983 тасини мукаммал таъмирлаш орқали кенгайтириш назарда тутилмоқда. Бу орқали болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 1,5 баробар оширишга эришилади.
Шу билан бирга, қарорга кўра қишлоқ жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўловини 30 фоизгача камайтириш назарда тутилаётгани кам таъминланган ва кўп болали оилалар учун енгиллик яратади.
Албатта, бу борадаги ислоҳотлар самарасини соҳа талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган кадрларсиз тасаввур этиш қийин. Шу сабабли тизимдаги педагог ходимлар маҳоратини илғор усуллар орқали мунтазам ошириб бориш механизмини яратиш, ахборот-коммуникация технологияларини таълим-тарбия жараёнига кенг татбиқ этган ҳолда, узлуксиз методик хизмат кўрсатиш ишларини такомиллаштириш масаласи ҳам долзарб саналади.
Айни шу омилларни инобатга олган ҳолда қарорда мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш вазифаси белгилангани айни муддаодир. Чунки, биз ўз олдимизга фарзандларимизнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадини қўйган эканмиз, шубҳасиз, педагог-тарбиячиларнинг малакасини ошириш борасидаги мавжуд тажрибаларни замонавий талаблар даражасида такомиллаштиришимиз зарур. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларини психолог, дефектолог каби мутахассислар билан таъминлаш ҳам бугунги кун талабидир.
Шунинг баробарида мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлашда қисқа муддатли тайёрлов гуруҳларининг роли муҳим саналади. Айни шу сабабли келгусида болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 та қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Қолаверса, мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинмаган болаларни мактаб таълимига тайёрлашда ота-оналарнинг педагогик-психологик билимларини ошириш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида 3-6 ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлашни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилгани болаларни таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш даражасини юксалтиради.
Шу ўринда мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни интеллектуал, жисмоний, ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, умуминсоний қадриятлар билан таништириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида турли тўгараклар, маънавият ва экология хоналари, кичик музей, кутубхоналар ташкил этиш борасидаги анъаналарни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқ. Чунки китобга, санъатга, илмга, умуман, келажакда муайян касбни эгаллашга бўлган қизиқиш болаларда айни шу даврда шаклланади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларга берилаётган таълим-тарбия сифатини янада яхшилаш ва соҳага доир қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилишга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда.
Партиямиз Сайловолди дастурига мувофиқ, партиядошларимиз болаларни тарбиялаш ва ўқитиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, чунончи, болалар боғчалари, мактабларда сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишга интилиб келишмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу йўналишда олдимизда турган асосий вазифалардан бири бу — мутасадди ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ билан ҳамкорликда Президентимизнинг янги қарори мазмун-моҳиятини, болаларни эрта ёшдан ривожлантириш, уларни ижтимоий мослаштиришда мактабгача таълим муассасаларининг роли ва аҳамиятини аҳоли орасида янада кенгроқ тарғиб қилиш, чуқур тушунтиришдан иборатдир.
Мухтасар айтганда, мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланади. У боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлаб, ўқишга бўлган иштиёқини уйғотади, тизимли ўқитишга тайёрлаб боради. Шундай экан, бу тизим фаолиятини янада кучайтириш, мактабгача таълим муассасаларида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга мактабгача ёшдаги болаларни кенг жалб этиш фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутади.
Собир ТУРСУНОВ,
педагогика фанлари доктори, партия фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси эса Ўзбе...
01 янв 1970
Йигирма етти йилдирки, халқимиз пешонасида эрк, озодлик қуёши порлай бошлаган саховатли кузнинг биринчи кунини умумхалқ байрами, ҳаётимиздаги энг у...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифалар жамоатчилигимизнинг эътиборини тортмоқ...
01 янв 1970
Алига ҳам, Валига ҳам сарфланган харажат фермернинг айланма маблағини тўлдириши мумкин эди, бироқ......