Билимли, етук ва тажрибали мутахассислар порлоқ келажак бунёдкорларидир

/
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифаларнинг изчиллик билан амалиётга татбиқ этиб борилаётгани жамоатчилигимизнинг эътиборини тортмоқда. Хусусан, олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борада зарур ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинаётгани илмга чанқоқ ёшлар ва ота-оналарга бирдек манзур бўлмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳа ривожидаги янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Айни кунларда жамоатчилигимиз томонидан чуқур ўрганилаётган мазкур ҳужжатда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган бир қатор устувор вазифалар ўз аксини топганлиги уни амалиётга самарали татбиқ этишда партия аъзолари ва депутатларини муносиб равишда иштирок этишга ундамоқда.
Таъкидлаш лозимки, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари жадал тараққий топаётган, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар ишга туширилаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётган айни пайтда мамлакатимизни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтарилишини таъминлашдек ўта муҳим ва масъулиятли вазифа, авваламбор, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган, замонавий билим ва тажрибага эга бўлган, мустақил фикрлайдиган ёш авлод зиммасига тушади.
Шу боис мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда таълим йўналишлари уйғунлигига эришиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловлар даврида ўз номзодлари орқали илгари сурган сайловолди дастурларида таълим тизимига чуқур эътибор қаратган ҳолда “Замонавий, юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрлар — жамият барқарор ривожланишининг кафолати” деган ғоя асосида мамлакатимиз ёшларининг келажаги ҳамда тақдирига дахлдор долзарб таклифларни илгари сурган эди. Ушбу таклифлар нечоғлик ҳаётийлиги, аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги бугунги кунда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда намоён бўлмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, илмий тадқиқот ишларини кенгайтириш, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тармоқлардаги мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини, илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга доир қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқишга доир дастурий вазифаларимиз ўз аксини топганлиги бизни қувонтирди. Яъни, ушбу ҳужжатда партиямиз томонидан илгари сурилган соҳага доир деярли барча таклифлар инобатга олинди.
Айниқса, партиямиз томонидан келажакда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, “инновация ва билимга асосланган иқтисодиёт”га ўтиш эҳтиёжлари ҳамда аҳолининг демографик ўсиши ва бошқа жараёнларни инобатга олиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини босқичма-босқич ошириб бориш, олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриб чиқиш таклифи илгари сурилган эди. Президентимиз қарорида иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача ошириш белгилангани ушбу ғояларимизнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 12,8 фоизини олий маълумотга эга мутахассислар ташкил этади. Ваҳоланки, бу кўрсаткич Японияда 41,4 фоиз, Францияда 36,5 фоиз, АҚШда 33,8 фоиз ва Германияда 27,1 фоизни ташкил этади. Модомики, биз ўз олдимизга саноати юқори даражада ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, олий мактабларни тамомлаган, замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга эътибор қаратишимиз зарур.
Чунки олий маълумотли инсон давлатдан иш сўраб, ёрдам кутиб ўтирмайди, балки ўзининг ташаббускорлиги, зукколиги ҳамда уддабуронлиги, янгиликка интилувчанлиги билан янги иш ўринлари яратади, мамлакатнинг ривожланишида фаол иштирок этади. Қолаверса, олий маълумотли кадрларнинг кўплиги улар ўртасида рақобатни ривожлантиришга, иш берувчиларга эса қўйилган талабларга энг муносиб кадрларни саралаб олишга имконият яратади.
Жорий йилнинг 5 майида қабул қилинган “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қароридан кўзланган мақсад ҳам айнан олий таълим муассасалари битирувчилари меҳнатидан самарали фойдаланишни яхшилаш, шунингдек, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг ўртача муддатга мўлжалланган мақсадли дастурларини жорий этиш, тармоқларни модернизация қилишда билимли, етук, ёш мутахассисларнинг иштирокини кенгайтиришдан иборатлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Ушбу қарорга асосан жойларда олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган талаб-эҳтиёж, шунингдек, битирувчиларнинг танлаган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги маълумотлари асосида 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари шакллантирилди. 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66316 нафар этиб белгиланди. Бу ўтган йилги квоталардан 8 минг 409 тага кўп, демакдир.
Бундан ташқари, жорий йилдан киритилган энг муҳим янгилик, бу тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилиниши мумкинлигидир. Бунинг учун абитуриент камида 68 балл тўплаши лозим. Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади.
Ушбу янги амалиётнинг олий ўқув юртларига кириш билан боғлиқ коррупциянинг олдини олиши, талабаликка қабул қилишда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаши билан биз учун муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, фарзандларининг келажаги учун ҳар нарсага тайёр бўлган ота-оналарнинг “пул эвазига ўқишга киритиб бераман”, дейдиган фирибгарлар тузоғига тушиб қолишларининг олдини олади. Шу билан бирга, эндиликда квоталарнинг чеклангани туфайли кириш имтиҳонида тўплаган бали бор-йўғи 3-4 балл етмай қолган абитуриентлар афсус билан ортга қайтиб, яна бир йил умрини ўқишга тайёрланишга сарфламасдан, имконияти бўлса, тўлов шартномаси асосида ўқишга киришига имконият яратилаётгани ҳам адолатли қарор бўлди. Энг муҳими, юртимиз ёшларининг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан дастурий ғояларимизга мосдир.
Қолаверса, жорий ўқув йилидан бошлаб махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети, Навоий давлат кончилик институти ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бакалаврларни тайёрлаш йўлга қўйилаётгани ҳам электоратимиз ва сайловчиларнинг мурожаат ва таклифлари асосида партиямиз томонидан илгари суриб келинаётган ғояларни рўёбга чиқаргани билан биз учун аҳамиятлидир.
Боиси, ҳар йили касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, корхона, ташкилотларга ишга кираётган ёшларимиз орасида ҳам олий таълим олишни истайдиганлар кўплаб топилади. Махсус сиртқи бўлимларнинг очилиши ана шу каби ёшларнинг ишдан ажралмаган ҳолда олий таълим олишларига имконият яратади. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси Юртбошимизнинг ёшларга, келажагимиз эгаларига бўлган оталарча ғамхўрлиги ифодасидир.
Шу билан бирга, Президентимиз қарори билан 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари тасдиқланди.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, кадрларни мақсадли тайёрлашнинг асосий буюртмачилари ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга олий таълим муассасалари битирувчиларининг улар ўқиб эгаллаган касбига ва тузган шартномаларига мувофиқ иш билан бандлигини таъминлаш, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларига ишга йўлланма олган олий таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш юзасидан жавобгарлик юкланган.
Республикамизнинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун олий маълумотли тиббиёт мутахассисларига бўлган ўринли эҳтиёжларни қондириш мақсадида ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларининг белгиланиши “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган улуғвор мақсадга ҳамоҳанг олиб борилаётган сайъ-ҳаракатнинг ёрқин намунасидир.
Ўз навбатида, ушбу қарор билан аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш сингари муҳим масалаларга жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда чекка-чекка ҳудудларда етук, тажрибали тиббиёт мутахассисларининг етишмаслиги масаласи ижобий ҳал этилишига ишончимиз комил.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларимиз тақдири ва мамлакатимиз келажаги йўлида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурий ғояларимиз рўёбига хизмат қилиши баробарида партиямизнинг барча бўғиндаги тузилмалари ва депутатларини ушбу устувор вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишга ундайди.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси эса Ўзбе...
01 янв 1970
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намо...
01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат бос...