Таълим – замонавий демократик ва бағрикенг жамият юксалишининг ҳал қилувчи омили

/
Фарзандлар камоли, уларнинг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир. Халқимиз доимо ана шу эзгу ният билан яшайди, шунга интилади ва бунинг учун бутун борлиғини беришга тайёр. Мамлакатимиз таълим соҳасида ёшларга замонавий билимлар бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай олижаноб мақсад мужассам.
Бугунги интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув ва интернет асри, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси тобора ортиб бораётган давр эса мамлакатимизда таълим соҳасини замон талаблари асосида янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борада янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.
Қарор билан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш, таълимнинг юқори сифатини таъминлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Келажагимиз эгаларининг тақдири учун долзарб аҳамиятга эга бўлган мазкур қарорни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг электорати ҳамда депутатлик корпуси тўла қўллаб-қувватлайди, албатта. Зеро, биз замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, юртимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ҳамда кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, мамлакатимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласини принципиал ҳамда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб биламиз.
Айниқса, мазкур ҳужжат билан иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш бозорини жадал ривожлантириш ҳамда илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорликни ошириш нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари сифатида белгилангани дастурий мақсадларимизга тўла мос келади.
Қарорда нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун ўз фаолиятини давлат таълим стандартлари талаблари асосида амалга ошириш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали педагог ва бошқа кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриш ҳамда битирувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат беришга доир талабларнинг белгилангани аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилиши белгилаб қўйилганини партиямиз тўла қўллаб-қувватлайди.
Қарор билан нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга бир қатор имтиёз ва преференциялар ҳам тақдим этилаётганлиги миллий таълим моделимизда деярли янги бўлган соҳанинг тезроқ шаклланиши ва ривожланишига имкон яратади.
Албатта, мазкур қарорни амалиётга тўла татбиқ этиш учун бир қатор қонун ва норматив ҳужжатларга ўзгартиш, қўшимчалар киритиш тақозо этилади. Ушбу жараёнда биз, қонун ижодкорларидан катта масъулият талаб этилади. Айниқса, фракциямиз томонидан Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш борасида олиб бораётган ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим.
Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифалардан яна бири жойларда аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ва ота-оналар билан мулоқотлар жараёнида “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарордан кўзланган туб мақсад ва унинг моҳиятини чуқур тушунтиришдан иборатдир. Зеро, ушбу ҳужжат таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтаришга доир мақсадларимиз рўёбига хизмат қилади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифалар жамоатчилигимизнинг эътиборини тортмоқ...
01 янв 1970
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намо...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Фарзандлар камоли, уларнинг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир....