Тарихий бурилиш палласи

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида дунёда авж олиб бораётган ўзаро ихтилоф ва зиддиятлар, ахборот хуружлари, иқтисодий босим ўтказиш каби замонавий урушларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига, тарихга ва келажакка ҳурмат билан қараш, яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратди.
Хусусан, боши урушдан чиқмай қолган Афғонистон, саҳрога айланган Орол тақдирига дахлдор масалалар, шунингдек, халқаро тинчлик ва осойишталик билан боғлиқ бир қатор долзарб таклиф ва ташаббуслар тинчликсевар халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди.
Бу орқали Юртбошимиз халқимизнинг, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги шавкатини, обрў-эътиборини яна бир бор юксакка кўтарди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Айниқса, “Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз” деган сўзларини тинглаб, ҳақиқатдан шундай буюк зотларнинг авлоди эканлигимиздан яна бир бор фахр ҳиссини туйдик.
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил одимлаяпмиз. Ва шу ёруғ ва муаззам йўлимизда Юртбошимиз халқимизни эзгу ишларга етакламоқда. Пировардида, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили устувор бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш йўлида изчил ислоҳотлар ўз натижасини бериши баробарида жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизни янада тараққий эттириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этилиб, 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши халқимизнинг келажакка бўлган ишончини янада оширган бўлса, жаҳон ҳамжамиятининг бизга бўлган муносабатларини янада мустаҳкамлади.
Бугун юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш йўлида ўтган қисқа даврда давлат раҳбарининг 600 дан ортиқ қарор ва фармонлари ҳамда 50 дан ортиқ қонунлар қабул қилинганининг ўзи бу борада ислоҳотларнинг кўлами нечоғлик катта эканлигидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принциплари баён этилиб, ҳозирда Марказий Осиёда тинч-осойишталикни таъминлаш, чегарадош давлатлар билан ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошганлиги ҳамда кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилганлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, биз бунинг натижасини Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари билан бир неча йиллик муаммолар ечилгани, ҳатто энг нозик масала бўлган чегаралар масаласида ўзаро манфаатли келишувга эришилиб, халқларимиз ўртасида ўзаро борди-келди алоқалари қайта тикланганида кўрмоқдамиз. Ушбу янгиликларни қадимдан илдизи, тарихи, анъана ва қадриятлари бир бўлган биродар халқларимиз катта хурсандчилик билан қабул қилди.
Юртбошимиз Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида сўз юритар экан, минтақанинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш масаласи ҳамда энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокати ҳамон долзарб эканлигига дунё жамоатчилигининг эътиборини тортди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев яна бир бор халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч”, деган нақлига амал қилган ҳолда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласи нафақат минтақанинг, балки халқаро ҳамжамиятнинг муаммоси эканлигини ва шу билан бир қаторда бугун бутун дунёни ташвишга солаётган халқаро терроризмга қарши, асосан, куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганини куюнчаклик билан қайд этди.
Халқаро терроризм таҳдидларининг оқибатлари билан эмас, уларни келтириб чиқараётган асосий сабабларга қарши курашиш лозимлиги, бунинг учун одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлиги ҳақидаги фикрлари дунё жамоатчилигида катта таассурот уйғотди.
Президентимиз халқаро минбардан туриб яна бир бор ёшлар масаласи ҳақида тўхталар экан, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олиш муҳим вазифамиз бўлмоғи лозимлигини таъкидлаб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз, уларнинг адашиб қолишига йўл қўймаслигимиз, ёшларга саодатли йўлни кўрсатиб туришимиз зарур. Зеро, улар эртанги кунимизни ҳал қилувчи кучдир.
Давлатимиз раҳбари ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш энг муҳим вазифа эканини қайд этган ҳолда “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дея бу борада сиёсатимиздаги қатъий позициямизни намоён қилганлиги ва мустаҳкамлаб қўйганлиги ҳам барчамизни тўлқинлантирди.
Бутун мусулмон оламида катта ҳурматга эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Бухорийнинг бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани ҳақидаги сўзлари дунё жамоатчилигида янада катта қизиқиш уйғотди.
Президентимизнинг “Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман” деган сўзлари дунё жамоатчилигида қизиқиш уйғотди. Бутун дунёда барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш мақсадида киритилган таклиф сессия иштирокчилари томонидан катта қизиқиш ва мамнуният билан қабул қилинди.
Мухтасар айтганда, Юртбошимизнинг БМТ сессиясидаги нутқи Ўзбекистонни тинчликпарвар, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат тарафдори сифатида дунёга намоён этди. Бу, албатта, бизга фахр-ифтихор бағишлаши баробарида барчамиздан уни рўёбга чиқаришда бутун куч ва имкониятларимизни, билим ва салоҳиятимизни сафарбар этишни тақозо этади.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди....
01 янв 1970
Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши ан...
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...