Ўзбекистон – Жанубий Корея: Манфаатли ҳамкорликнинг янги саҳифалари

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат босқичига олиб чиқишга кенг йўл очиб берди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея, гарчи бир-бирларидан узоқда жойлашган бўлса-да, уларни узоқ йиллик дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Икки халқнинг санъати, маданияти, миллий менталитети ва меҳнаткашлигида ўхшашлик, бир-бирига яқинлик мавжуд. Тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб, бу ерда муқим яшаб қолган корейслар халқимиз билан дўст-қадрдон бўлиб, кўплари жамиятимизнинг кўзга кўринган, обрў-эътиборли ва ҳурматга сазовор аъзоларига айлангани, турли соҳаларда улкан ютуқларга эришиб, бошқаларга ўрнак бўлишгани, айниқса, қувонарлидир. Корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, давлат бошқаруви органларида, илм-фан, маданият ва санъат, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Улар орасида Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган таниқли устоз-мураббийлар кўпчиликни ташкил этади.
2012 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган форумда Инҳа институти ректори Пак Чун Бэ қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Ўзбекистон бизни халқаро муносабатларда кўп жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган бу мамлакат Шарқ ва ўарб ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожига катта ҳисса қўшгани Самарқанддаги тарихий девор суратларда яққол кўриниб турибди. Бу фрескалардан келиб чиқадиган бўлсак, бизнинг ўтмиш аждодларимиз бу ерга бундан 1400 йил илгари ҳам келишган, демакки, икки ўртада муҳим алоқалар мвжуд бўлган”.
Ўзбекистонда бугун Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилди ва оширилмоқда. Ташриф давомида замонавий технологиялар асосида йирик шаҳарларни бошқариш, транспорт тизими ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарсозлик, меъморчилик ва ландшафт дизайни соҳаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Савдо, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳаларда келишувларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва бошқа бир қатор ҳужжатлар асосида йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев икки мамлакат иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўтказилган Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес-форумида сўзлаган нутқида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётгани, мамлакатимизда бизнес юритиш учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилганини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон Корея Республикаси бизнес вакиллари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Ўзбекистонда Корея Республикаси бизнес маркази ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўзаро стратегик шериклардир. Жанубий Корея юксак даражада тараққий этган, улкан иқтисодий, илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Бу ерда ушбу йўналишларда эришилган муваффақиятлар ҳар жиҳатдан ўрганишга ва ибрат олишга арзийди. “Ўзбекистон бизнинг энг яқин ҳамкорларимиздан бири бўлиб, турли соҳалардаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Жанубий Корея бугунги кунда бутун Евросиёда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Марказий Осиёда асосий ўринга эга Ўзбекистон ушбу режанинг марказидадир”, деди Корея Республикаси Президенти.
Корея Республикаси Осиё – Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистон улуши қарийб 50 фоизни ташкил қилишининг ўзи кўп нарсани англатади. Расмий Сеулнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 386 таси қўшма корхона бўлса, 75 таси тўлалигича корейс сармояси эвазига ташкил қилинган. Жанубий Корея Ўзбекистонда машинасозлик саноатини ривожлантириш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва уларни ривожлантириш ишига ҳам ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Масалан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” халқаро аэропорти орқали юк ташишни амалга оширмоқда, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда. 2014 йил Тошкент шаҳрида Инҳа университети очилгани ўзаро алоқаларни янги поғонага кўтарди. Ушбу олий таълим муассасаси халқаро стандартлар даражасида юқори малакали IT-мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган илк хорижий таълим даргоҳидир. Бугунги кунда университетда мингдан зиёд талаба ахборот технологиялари, инжиниринг ва логистика йўналишларида таҳсил олмоқда.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ҳар икки томон манфаатларига мос равишда муттасил ривожланиб борди. Кореялик тадбиркор ва ишбилармонлар бу муносабатларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашди, халқларимизни самарали ҳамкорлик йўлида яқинлаштириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ишига 180 мингдан зиёд нуфузли корейс диаспораси ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Жорий йилда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллигини нишонладилар. Бу йиллар ичида халқимиз ўзининг меҳмондўстлик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларини намоён этиб, корейс миллатига мансуб кишилар билан аҳил-иноқликда яшадилар. Эндиликда уларни ягона Ватан, ягона улуғ мақсад бирлаштириб туради.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига ўтказилади...
01 янв 1970
Ўзбек халқининг ўзига хослигини, унинг миллий яхлитлигини кўрсатадиган ва ўзида миллат, халқ руҳини ифодалаган ҳолда дунёга танитадиган бебаҳо воси...
01 янв 1970
Мана, қирқ йилдирки, Афғонистонда қуролли тўқнашувлар, уруш ҳаракатлари тўхтамайди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди....