Ўзбекистон — Туркия: ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

/
Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ўрин тутган, ўзига хос мамлакат бўлиб, дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа мамлакатимизнинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган мамлакат ҳисобланади. Қолаверса, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи халқлар бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин.
Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси эса Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.
Туркия анча ривожланган мамлакат бўлиб, ўзининг иқтисодий қудратига кўра дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирувчи давлатлардан биридир. Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр давлат ҳисобланган Туркия ҳозирги кунга келиб саноати ривожланган етакчи давлатга айланди. Туркиядек анча қудратли давлат билан ҳамкорлик қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёда асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.
Сўнгги йилларда ҳар иккала мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон сайъ-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини мамлакатларимиз ўртасида 1996 йилда имзоланган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, савдо, иқтисодиёт, транспорт, туризм, маданият, шунингдек, терроризм ва наркоманияга қарши кураш бўйича 88 та ҳужжат ташкил этади. Улардан 52 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 15 таси идоралараро ва 21 таси бошқа йўналишдаги (маданият марказлари, олий ўқув юртлари ҳамкорлиги ва бошқалар) ҳужжатлардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи икки томонлама дўстона муносабатларда янги даврни бошлаб берди. Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Туркия ҳамкорлигининг мавжуд ҳолати ва истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар. Имзоланган Қўшма баёнот ўзаро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда муҳим ҳужжат бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистон—Туркия муносабатлари динамик тарзда ривожланиб бормоқда ва ўсиш тенденцияси ўзаро ҳамкорликнинг барча жабҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда. Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2017 йилда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 20 фоизга ўсиб, 400 миллион долларга етди.
2017 йилнинг ўзида юртимизда Туркия ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари эса аккредитация қилинди. Ушбу рақамлар Ўзбекистон-Туркия муносабатларида нечоғлик улкан салоҳият борлигини яққол намоён этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Туркияга давлат ташрифи давомида ушбу мамлакатнинг парламенти — Буюк миллат мажлисига ҳам ташриф буюрган эди. Туркия парламентида бўлиб ўтган муҳим мулоқотлар жараёнида икки мамлакат парламентлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати шакллари бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинган эди. Мазкур ташриф арафасида Олий Мажлиснинг Туркия парламенти билан алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон – Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилди. Ташриф доирасида эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди.
Бугунги кунда жаҳон сиёсатида парламентлар ўртасидаги алоқалар тобора юксалиб бораётганлигини эътиборга олсак, ушбу Олий Мажлис ва Буюк Миллат Мажлиси ўртасида меморандумнинг имзоланиши жуда муҳим воқелик ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркия парламентлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш иккала мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга, хусусан, Президентимизнинг мазкур ташрифи давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Жорий ҳафтада мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2018 йил 30 апрель куни Олий Мажлисга ташриф буюриб, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан учрашди ҳамда ўзининг тарихий маърузаси билан чиқиш қилди. Ўз чиқишида Туркия Президенти Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳозирданоқ ўзининг ижобий натижаларини бераётганлигини эътироф этди. Инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ушбу ислоҳотларнинг бош мақсади халқ фаровонлигини оширишдир, деб алоҳида таъкидлади Режеп Таййип Эрдўғон. Туркия раҳбари, айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ўз қўшнилари билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатганлигидан мамнун эканини изҳор этди. Режеп Таййип Эрдўғон ўз маърузасида Эркин Воҳидов, Абдулҳамид Чўлпон каби улуғ адибларимиз шеърларидан намуналар келтирганлиги, унинг ўзбек халқига бўлган чексиз ҳурматининг ёрқин ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Туркия Президенти ўз маърузасида Ўзбекистонни ота юрти сифатида улуғлаб, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби улуғ алломалар, Имом ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк мутафаккирларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. У ўзбек ва турк халқлари ўртасида қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш, улар ўртасида борди-келди алоқаларини кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.
Режеп Таййип Эрдўғон давлатларимизнинг ўзаро ҳамкорлигини юксак баҳолаб, ушбу ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди. У Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлаган ҳолда истиқболда ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, хусусан, савдо, иқтисодий, инфраструктура, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга олиб чиқиш бўйича ўз мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Туркия Президентининг мамлакатимизга ташрифи, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга. Ташриф даавомида ўзаро алоқаларда фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.
Хусусан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш; туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, айниқса, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш; ўзаро авиақатновларни кенгайтириш келгуси ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари ҳисобланади. Тошкентда ўтказилган музокараларда бу борада ҳали ишга солинмаган улкан потенциал мавжудлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, қатор маданий-гуманитар йўналишларда ҳам туркиялик қардошлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази инфратузилмаларини ривожлантириш; соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Ташриф давомида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Хусусан, кенг кўламли стратегик ҳамкорлигимизни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган, ўз мазмун-моҳияти билан катта аҳамиятга эга бўлган Қўшма баёнот қабул қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжат имзоланди.
Мамлакатимиз раҳбарининг ўтган йил октябрь ойида Туркияга ташрифи ҳамда Туркия Президентининг жорий йилнинг 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берди. Мазкур ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатларини юқори даражага олиб чиқиш билан бирга қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муноса...
01 янв 1970
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда....
01 янв 1970
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум....
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...