Ватан ичра гўзал бир чаман

/
Наманган водийнинг тарихий, обод шаҳарларидан бири сифатида эътироф этилади. Унинг ташкил топган вақти тарихий манбаларда 1610 йил, деб кўрсатилган. Лекин баъзи ёзма битикларда унинг бунёд қилинган даври XVI-XVII асрлар оралиғи деганга ўхшаш маълумотлар ҳам учрайди. Жумладан, муаррих Ибрат “Фарғона тарихи” асарида “Бул Намангонни биносига тўрт юз йигирма етти йил, бул тарихдан ўтмаган бўлса ҳам тезда обод бўлиб, авлиё киром, машойих изомлар бирлан мангу бир шаҳарга айланди”, деб ёзади.
Агар муаллиф бу асарини ўтган асрнинг 20-йиллари охирларида ёзиб тугатган бўлса, унда келтирилган ҳисоб бўйича Наманган шаҳри 1500 йилларда барпо қилина бошланган бўлиб чиқади. Тарихчи асарида шаҳар тарихига оид бошқа қизиқарли маълумотларни ҳам келтиради. У бир ўринда Бухоро ҳукмдори “бир тарафи дарё ва бир тараф тоғ ҳавоси яхши учун бу ерга бир шаҳар бино қилиб, шаҳар қилмоқ бўлганда ўшал ерни дарё тарафи шўр кўл бўлиб ётган туз экан. Бинобарин, бу ер намак кон деб аталган экан”, дея шаҳар номининг келиб чиқиши ҳақида тўхталса, бошқа ўринда шаҳарнинг ўша пайтда тўртта — Сардоба, Лаббайтоға, Чуқур кўча, Дегрезлик (қозон ясовчилар) маҳаллалари бўлганлиги хусусида фикр билдиради. Бу маълумотлар Наманганнинг географик ўрни ва унинг илк даврданоқ ҳунармандлар, машойихлар, уламолар шаҳри сифатида шаклланганидан дарак беради. Шаҳарда тўрт-беш аср ичида кўплаб мадрасалар, масжид, хонақолар, бошқа иншоотлар барпо қилинган. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейингина улар Наманганнинг тарихий ёдгорликлари, обидалари сифатида қайтадан қурилди, таъмирланди, асл ҳолига келтирилди.
Бу ерда яшаб ўтган улуғ алломалар хотиралари абадийлаштирилди. Улуғ шоир Бобораҳим Машрабга бағишланиб “Машраб боғи” барпо этилди. Шаҳар марказида Нодим Намангонийнинг қабри устига муҳташам, гумбазли мақбара тикланди. Шаҳарнинг тарихий масканлари обод қилинди.
Наманган шаҳрини замонавий ва миллий тарзда барпо этиш, қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари 2009 йилдан бошланди. Мамлакатимиз Президентининг “Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу ишларнинг амалга ошиши учун асос бўлди. Ушбу ишларнинг рўёбга чиқиши учун республика ҳукумати томонидан катта миқдорда маблағ ажратилди. Дастлабки ишлар шаҳар марказини шакллантириш, уни қайта қуришдан бошланди. Бу ердаги эгри-бугри тор кўчалар, кўримсиз уйлар бузилди. Маънавий эскирган бинолар олиб ташланди. Натижада вилоят ва шаҳар ҳокимияти маъмурий бинолари олдида катта майдон вужудга келди. Майдон кўкаламзорлаштирилди, манзарали дарахтлар ўтқазилди. Гулзорлар барпо қилинди. Майдон марказида шаҳар рамзи сифатида тинчлик стеллажи қад ростлади. Майдоннинг икки томонида — вилоят ўлкашунослик музейидан майдонгача ва майдондан “Чорсу деҳқон бозори”гача гўзал хиёбонлар ташкил этилди. Марказда кенглик, муҳташамлик, кўркамлик юзага келди. Булардан ташқари, шаҳар марказининг қиёфасини янгидан шакллантириш учун бу ердаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри, Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, Наманган давлат университети, тиббиёт коллежи бинолари ва бошқа иншоотлар реконструкция қилинди. Шунингдек, “Ёшлар маркази”, “Тантаналар уйи”, турар жойлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат янги иморатлар бунёд этилди. Буларнинг бари ўзаро уйғунлашиб, вилоят марказида замонавий шаҳарсозлик қиёфаси яратилди.
— Қисқа фурсатларда амалга оширилган бу бунёдкорлик ишларининг ҳаммаси Наманганнинг истиқлолдан кейинги янги шаҳарсозлик тарихини ҳам бошлаб берди, — дейди Наманган давлат университети профессори Турсунбой Файзуллаев. — Қайта қуриш, бунёдкорлик деган сўзлар айтишга осон. Лекин буларнинг замирида қанча машаққатлар, тинимсиз изланишлар ётибди. Эътибор беринг, илгари вилоят театри атрофини турли ташкилотлар иншоотлари ўраб олган кўримсиз бир бино эди. Қайта қуриш ва жиддий таъмирдан кейин театр чинакам санъат кошонасига айланди. Атрофидаги очиқлик, кенгликни айтмайсизми?! Баҳри дилингиз очилади. Ёки шу ердаги “Ёшлар маркази”ни кўринг. Уни эски иморатлар ўрнида барпо этиш осон бўлгани йўқ. Энди эса у том маънода вилоятимиз ёшларининг марказига айланди. Умуман, мен шаҳримизнинг қоқ ўртасида қайта қурилган, бунёд этилган университет биноси, кутубхона, коллеж, театр, “Ёшлар маркази”, “Тантаналар уйи” каби иншоотларни ўз бағрига жамлаган бу масканни илм-фан, санъат маркази, деб атаган бўлардим.
Наманган шаҳри географик жиҳатдан ниҳоятда қулай ўринда, мусаффо ҳаволи нуқтада, жанубий қисми сувга сероб пасттекислик, шимолий қисми тоғ этагидаги адирликлар бағрида жойлашган. Дунё архитектурасида бундай ўринда жойлашган шаҳарлар меъморчиликнинг табиат ато қилган гўзал намунаси, деб эътироф қилинади. Наманган шаҳрининг қиёфасида ҳам ана шу гўзаллик ўз ифодасини топган. Пастдан адирликларга назар ташласангиз, шаҳар тепангизда тургандек, тепаликлардан қарасангиз, шаҳар қаршингизда ястаниб ётгандек таассурот уйғонади. Меъморлар бу ердаги ҳар бир кўча, ҳар бир иншоот, бинонинг қурилишига ўзига хос тарзда ёндашганлар. Бу шаҳарнинг кўркам қиёфасини яратишга имкон берган. Шаҳарнинг марказидан бошланиб унинг шимолий нуқтасидаги адирликлар бағридаги даҳалар, мавзелар, маҳаллалар, саноат мажмуаларини бирлаштирган йўл — “Дўстлик” шоҳкўчаси шаҳарсозликнинг ноёб намунаси ҳисобланади. 10 километрдан ошиқ масофага чўзилган бу кенг, равон ва кўркам шоҳкўчани шаҳарнинг марказий қон томири дейиш мумкин. Унда шаҳарнинг ўнлаб маъмурий иншоотлари, табобат марказлари, “Хотира” майдони, Наманган темир йўл вокзали, “Камолот” ёшлар боғи, “Паҳлавон” спорт мажмуаси, Наманган муҳандислик педагогика институти, “Яшил деҳқон бозори”, муҳташам қилиб қурилган Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят бўлими биноси жойлашган. Шаҳарсозликнинг энг замонавий андозалари асосида тикланган, биринчи қавати савдо шохобчалари, маиший хизмат корхоналаридан иборат юзлаб турар жой бинолари, меҳмонхоналар, гузарлар, спорт иншоотлари ҳам ана шу шоҳкўчада қад ростлаган. Бу кўча кейинги икки-уч йил ичида нафақат реконструкция қилинди, балки тўла равишда қайтадан бунёд этилди. Мамлакатимиз Президенти 2011 йил 30 сентябрда Наманган шаҳрига ташриф буюрар экан, бу ерда амалга оширилган ишларга, “Дўстлик” шоҳкўчасида қурилган йўл ўтказгичга, бу иншоот қурилиши натижасида шаҳарнинг кўчаларида транспорт воситалари тирбандлиги бартараф этилиб, хавфсиз ва узлуксиз ҳаракат таъминланганига юксак баҳо берганди. Шаҳарнинг бу қисмидаги Наманган аэропорти таъмирланди, унинг ҳудуди ободонлаштирилиб, замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилди. “Навбаҳор” футбол жамоаси машғулотлар олиб борадиган стадион тубдан қайта реконструкция қилинди. Кўплаб банкларнинг маҳобатли, гўзал бинолари қад ростлади. Янги “Деҳқон бозори” ишга туширилди.
— Бирор жойда бозор барпо этиб, унга савдо аҳли ва харидорларни жалб қилиш, уни одамлар гавжум бўладиган жойга айлантириш осон иш эмас, — дейди меҳнат фахрийси Маматвали Турғунов. — Чунки халқимиз орасида “бозор ва йўлни қаерда қуришни одамларнинг ўзи танлайди, тўғри келган жой бозор ва йўл бўлавермайди”, деган гап бор. Наманганда янги барпо қилинган “Яшил деҳқон бозори” халқнинг ўзи танлаган жойда тиклангани боис харидорлар оёғи узилмайдиган масканга айланди. Бозор номига муносиб, йил ўн икки ой бу ердан деҳқончилик маҳсулотлари аримайди. Бу ердаги орасталик, гўзаллик, тўкин-сочинлик ҳар қандай одамни ўзига ром қилади. Биз шаҳримизда ана шундай обод жойлар кўп бўлишини истаймиз.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Наманган шаҳри ҳозирги пайтда 83 квадрат километрдан иборат ҳудудни эгаллайди. Бу ерда 500 минг нафарга яқин аҳоли ҳаёт кечиради. Шаҳар ўз бағрига Давлатобод, Бўстон, Ўрикзор, Ёшлик сингари кўплаб даҳаларни, 82 та маҳаллани бирлаштиради. Шаҳар аҳолисининг тенг ярмини ёшлар ташкил қилади. Улар учун бу ерда 54 та мактабгача таълим муассасаси, 78 та умумтаълим мактаби, 4 та академик лицей, 17 та касб-ҳунар коллежи, 3 та олий ўқув юрти фаолият юритади. Эндиликда ана шу таълим муассасаларининг бир қисми учун мавжуд бинолар қайта қурилган бўлса, аксарият қисми янгидан бунёд этилган. Улар замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида яратилган. Шаҳарда ижтимоий-иқтисодий соҳалар ҳам ривожланиб бормоқда.
Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва даромадларнинг бир қисми қўшма корхоналар, микрофирмалар, кичик корхоналар, тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу ютуқлар натижасида шаҳарда ҳар йили 160-170 миллиард сўмлик маблағ қурилиш, бунёдкорлик соҳасига сарфланади. Албатта, шаҳарда қилинган барча ишлар кўламини дафъатан англаш қийин. Бунда шаҳарсозликда қўлга киритилган ютуқлар шаҳарнинг аввалги кўчалари билан бугунги кўчаларини, олдинги иморатлари билан ҳозирги иншоотларини, Наманганнинг аввалги қиёфаси билан бугунги қиёфасини ўзаро таққослаганда яққол намоён бўлади.
Бугун Наманган шаҳрининг барча нуқталарида уни замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида барпо этиш учун қурилиш, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Аввало, шаҳарнинг “Чорсу”, “Сардоба” бозорларида кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. “Чорсу” мавзеида кўп қаватли турар жой бинолари қад ростлади. Шаҳарнинг “Бобуршоҳ”, “Истиқлол”, “Тўрақўрғон”, “ўирвонсой” каби ўндан ортиқ кўчалари қайтадан тўла реконструкция қилинмоқда. Бу кўчалар ҳам энига, ҳам бўйига узайтирилди. Айниқса, шаҳар марказини унинг жанубий қисми билан боғлайдиган “Бобуршоҳ” кўчасидаги бунёдкорлик ишлари кўлами ниҳоятда катта. Бу ердаги икки-уч қаватли иншоотлар тархи, қурилиши, безалиши ва бошқа жиҳатлари билан бири иккинчисини такрорламайди. Айни пайтда, шу кўчанинг ўзида юздан ортиқ савдо шохобчалари, маиший хизмат уйлари ишга туширилмоқда. Кўча кенгайтирилганлиги, уйлар, бинолар олдида экомаданият тизими яратилганлиги учун у янада обод ва кўркам қиёфа касб этди. Ана шундай яратувчанлик шаҳарнинг бошқа кўчаларида ҳам давом этмоқда. Бир пайтлари “Истиқлол” кўчасида кимё заводи, ёғ ишлаб чиқариш корхонаси бўлганлиги сабабли бу ерда шаҳар қиёфасини бузиб кўрсатадиган ҳолатлар юзага келганди. Бу корхоналар шаҳар чеккасига кўчирилгандан кейин кўча кенгайтирилди, янги турар жойлар қурилди. Тўқимачиликка асосланган янги “Карбонан” қўшма корхонаси ишга туширилди. Кўча обод қиёфа касб этди. Эндиликда шаҳар қиёфасидаги бу ободлик, кўркамлик наманганликлар қалбида ҳам бунёдкорлик руҳини уйғотмоқда.
Келажаги буюк давлатни соғлом миллат, соғлом авлод барпо этади. Ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом авлодни камол топтириш учун ҳаётда улуғвор ишларни амалга ошириш талаб қилинади. Давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда, жумладан, Наманган шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик, қайта қуриш, яратувчилик ишлари ана шу мақсадга қаратилган. Шу мақсадда шаҳарнинг ҳар бир мавзеи, маҳалласи, кўчаларида спорт-соғломлаштириш мажмуалари, кичик стадионлар қурилмоқда. Ёшлар дунё миқёсида рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлишлари учун ахборот марказлари, интернет-кафелар фаолият юритмоқда. Шаҳарнинг ўртасида қад ростлаган “Ёшлар маркази” Наманган ёшларининг севимли масканига айланган. Бу ерда уларнинг илм-фан сирларидан, халқимиз тарихи, маданий бойликларидан, дунё воқеаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча имкониятлар яратилган. Шунингдек, шаҳар марказида замонавий андозалар асосида бунёд этилган “Баркамол авлод” спорт мажмуаси ҳам ёшлар учун хизмат қилмоқда. Бу мажмуада ёш авлоднинг бокс, стол тенниси, бадиий гимнастика, қўл тўпи, баскетбол, волейбол, сузиш, футбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча шароитлар мавжуд. Президентимиз Наманганга ташриф буюрганида “Баркамол авлод” спорт мажмуаси ҳамда “Ёшлар маркази”нинг фаолияти билан танишиб, уларда амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолаб, галдаги вазифалар юзасидан кўрсатмалар берди. Бундай марказлар, спорт мажмуалари наманганлик ёшларнинг севимли масканларига айланмоқда.
Наманганда амалга оширилган улуғвор бунёдкорлик ишлари шаҳарнинг тунги қиёфасида ҳам кўзга ташланади. Шаҳар нурлар бағрига кўмилгандек таассурот қолдиради. Ҳар бир кўча, бино, иншоот, хиёбон ва майдон, фавворалар гўзал қиёфа касб этади. Бу гўзалликдан, кўркамликдан қалблар баҳра олади. Зеро, буларнинг барчасида наманганликларнинг ўз шаҳрига меҳр-муҳаббати ўз ифодасини топган.
Наманган шаҳрининг кўркига кўрк, чиройига чирой қўшаётган омиллар кўп. Шулардан бири унинг гуллар шаҳри сифатида донг таратганлигидир. Маълумки, дунё миқёсида иккита шаҳарда Голландиянинг Амстердам ва юртимизда Наманганда гуллар байрами ўтказилади. Бу байрам наманганликларнинг нафақат гулга, балки гўзалликка ошуфта эканликларини кўрсатди. Шаҳарда ҳар йили 15-20 хил 4-4,5 миллион дона гул кўчати экилади. Булардан ташқари, наманганликлар мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига 1,5-2 миллион дона гул кўчати етказиб беради. Бугун Наманган шаҳри кўчаларини кезсангиз, ҳар қадамда турфа гулларга, дунёнинг турли ўлкаларидан келтирилган манзарали дарахтларга кўзингиз тушади. Булар ҳам шаҳарнинг гўзаллик тимсолига айланган. Ҳозирги пайтда шаҳар ҳам энига, ҳам бўйига кенгаймоқда. Бу ишларнинг ҳаммаси шаҳарнинг 2035 йилгача ишлаб чиқилган бош режаси асосида амалга оширилмоқда. Демак, шаҳар келажакда мамлакатимизнинг янада улуғвор, обод, кўркам, гўзал мегаполисларидан бирига айланади.
— Шаҳарнинг яқин келгусига мўлжалланган 20 йилни ўз ичига олган бунёдкорлик, қайта қуришдан иборат замонавий ва миллий шаҳарсозлик режаси ишлаб чиқилган. Бу режага кўра шаҳар майдони ҳам, аҳолиси ҳам икки-икки ярим бараварга кенгайиши ва кўпайиши кўзда тутилган, — дейди меъмор Илҳом Исомиддинов. — Бунда асосан Давлатобод, Бўстон, Ўрикзор, Ёшлик даҳаларининг ҳудудларида қурилиш ишлари олиб борилади. Шунингдек, янги-янги мавзелар, маҳаллалар пайдо бўлади. Саноат корхоналари, ишлаб чиқариш мажмуалари шаҳарнинг жанубий-ғарб томонида, аҳоли учун турар жойлар, маънавий ҳордиқ чиқариш, соғломлаштириш масканлари эса шимолий-шарқ қисмида барпо этилади. Шаҳримиз ҳудудидан шимолий Фарғона, Катта Наманган, Намангансой, ўирвонсой, Янгиариқ каналлари оқиб ўтади. Келгусида улар ўзанларидан тортиб қирғоқларигача, соҳил бўйларигача ниҳоятда обод масканларга айланади. Буларнинг бари, албатта, шаҳар ҳаётининг гуллаб-яшнаши учун хизмат қилади.
Баъзан шундай бўладики, гўзаллик, ободлик, кўркамлик, бунёдкорлик каби сўзларга тимсол ахтариб, уларни нимага қиёслашни билмай қийналасиз. Бу табиий ҳол. Чунки бу сифатларнинг ўрнини босадиган тимсол ва қиёсларни топиш ҳамиша ҳам осон эмас. Шундай пайтда Наманган шаҳрига боринг. Унинг янгидан барпо этилган, қайта қурилган кўчалари, майдонлари, хиёбонлари, иморатлари, замонавий корхоналари биноларини томоша қилинг. Ана шунда юқоридаги сифатларга бу шаҳар тимсол эканлигини аниқ кўрасиз.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири
 
Гуллар бағридаги шаҳар
2007 йилнинг бошларида Наманган шаҳри марказидаги эскирган, талабга жавоб бермайдиган баъзи уйлар, иншоотлар, корхоналар бинолари бузилиб, уларнинг ўрнида майдонлар, хиёбонлар барпо этилиб, кўчалар кенгайтирила бошланган пайтларда ҳозир шундай ишлар зарур эканми деб, қилинаётган ишлардан норози бўлганлар ҳам бор эди. Орадан бир-икки йил ўтгач, янги майдонлар, хиёбонлар пайдо бўлиб, бозор кенгайтирилиб, театр биноси тўла равишда қайтадан тикланиб, таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилиб, кўчалар кенгайтирилиб, уларнинг икки томонида икки-уч ва кўп қаватли шинам турар жойлар қад ростлаб, шаҳар қиёфаси тубдан янгилана бошлаганидан кейин наманганликлар қалбида шаҳар келажагига ишонч уйғонди. Бугун Наманганнинг кўплаб кўчалари, даҳалари, мавзеларида олиб борилаётган бунёдкорликлар натижасида юзага келган гўзаллик, кўркамлик, аҳоли учун қулайликлар шаҳар аҳлини ўзига батамом ром қилди. Эндиликда бизларнинг даҳамизда, маҳалламизда, кўчамизда бундай қайта қуриш, бунёдкорликлар қачон бўлар экан деб сўрайдиганлар, энг муҳими, ўз уйи, кўчаси, маҳалласини шаҳар ҳаётига монанд тарзда ҳам замонавий, ҳам миллий асосда барпо этаётганлар, обод қилаётганлар сафи кенгайди.
Бугунги кунда ёши 50-60 ни қоралаган ва ундан ҳам юқори ёшдаги бирор наманганлик билан суҳбатлашиб қолгудек бўлсангиз, “Шаҳарнинг ҳамма томонини обод қилиб, чиройли, кўркам ҳаёт тарзини яратиб, роҳатланиб, қилган ишимиздан мамнун бўлиб яшаса ҳам бўлар экан-ку! Наҳотки шу пайтгача уйимиз, юртимиз, элимизга бепарво, лоқайд ҳолда, кунимиз ўтса бўлди, деб яшайверган бўлсак. Мустақиллик бизга нафақат озодлик, ҳурлик, ўз юртимизга эгалик ҳуқуқини берди, балки бизни лоқайдлик, бепарволик уйқусидан уйғотди, қалбимизда Ватанни чинакамига севиш туйғусини юксалтирди”, дейди қувончдан энтикиб. Шундай пайтда Юртбошимизнинг “Янги уй-жойларни, кўчаларни, шаҳарларни пухта лойиҳа асосида шундай мустаҳкам қурайликки, бундай шаҳарлар ва уйларда келгуси авлодлар роҳат-фароғатда ҳаёт кечирсин. Фаровон ҳаёт халқимизнинг, жумладан, наманганликларнинг умумий турмуш-маданияти, маънавиятининг янада юксалишига хизмат қилади”, деган сўзлари ниҳоятда топиб айтилганлигига яна бир бор амин бўласиз.
Бугун Наманганда барпо этилаётган уйларни кўриб ҳайратга тушасиз. Қурилиши, тархи, ташқи кўриниши жиҳатдан бири иккинчисини такрорламайди. Гўзаллиги, кўркамлиги, шинамлиги жиҳатидан ҳар қандай оилага маъқул тушиши шубҳасиз. Бунинг устига икки ва ундан ортиқ қаватли аксарият уйларнинг дастлабки қаватларида дўконлар, маиший хизмат корхоналари, тамаддихоналар, турли ташкилотлар офислари жойлашганки, шаҳар аҳли кундалик зарурат учун ортиқча вақт сарфлаб юрмайди. Шаҳар йўллари, кўчалари йилдан-йилга обод бўлиб, замонавий кўринишда кенгайиб бормоқда. Кўчалар ўрталари иҳоталанмоқда. Катта ва кичик ҳалқа йўлларнинг, йўл ўтказгичларнинг барпо этилиши аҳоли учун қулайлик туғдирмоқда, транспорт қатновига кенг йўл очиб бермоқда. Бундан чорак аср илгари шаҳарда бир-иккита марказий йўл бор эди, холос. Бугун эса бир неча ўнлаб кўчалар, йўллар барпо этилди. Эндиликда Наманган шаҳри ҳам энига, ҳам бўйига кенгайиб, чиройли қиёфа касб этиб, ўз бағрида халқимизнинг бунёдкорлик қудратини намоён қилмоқда. Гўёки шаҳар водий ичра гўзал бир чаманга, гуллар бағридаги масканга ўхшайди.
Рустам ИКРОМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Институтдан кейин катта одамнинг ўғли битта қўнғироқ билан аспирантурага жойлашади. Номзодлик диссертациясини аранг ёқлаган “ёш олим” к...
01 янв 1970
Тарих — босиб ўтилган йўл. Уни орқага қайтариб ҳам, қайтадан яратиб ҳам бўлмайди....
01 янв 1970
Бугун фарзанди миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини адо этаётган ота-оналарнинг кўнглидан кечаётган ҳис-туйғулардир....
01 янв 1970
Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни ...