Илмий тадқиқот ва ишланмалар намойиш этилди

/
Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу ярмарка илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини таъминлаш, олимлар, илмий ходимларнинг ишланмалари, ғояларини кенг жамоатчиликка намойиш қилишга хизмат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар академияси томонидан ташкил этилган жорий йилги ярмаркада 650 та янги, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган, ресурс тежовчи, экологик хавфсиз ва бошқа турдаги ишланма ва лойиҳалар тақдим этилди.
— Ярмаркада бир қанча лойиҳа, ишланмалар билан иштирок этмоқдамиз. — дейди ЎзРФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими Марғуба Режапова. — Масалан, мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилган соянинг "Сочилмас" нави кўпчилик иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Маълумки, сояни қайта ишлаш натижасида оқсил, ёғ, кунжара маҳсулотлари олинади. Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида озиқ-овқат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида соядан унумли фойдаланилади. Турли витаминларга бой ҳамда инсон организмида синтезланмайдиган ёғ кислоталарига эга соянинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, унинг уруғ қисмида шаклланадиган азотли тугунча ер, тупроқнинг сифатини, унумдорлилик даражасини оширади ва бу эса соя экилган майдонда алмашлаб етиштирилувчи маҳсулотнинг сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Бу инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилаётган янгиликларнинг 130 таси саноат, 116 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган. 130 дан зиёд ишланма ва илғор технологиялар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика учун мўлжалланган, 89 таси ахборот технологиялари, яна 34 таси илм-фан ва таълим соҳасидаги янги дастурий маҳсулотлардир.
Ярмаркада ёш олимлар ва талабаларнинг стендлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ёш дизайнерларнинг тақдимоти ҳамда "Робот-шоу" алоҳида эътирофга сабаб бўлди.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш масаласига юксак даражада эътибор қаратилмоқда, — дейди "Unicon" фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази ходими Хуршид Мирзааҳмедов. — Бу жараёнда бизнинг марказимиз ташкилотлар учун турли интерактив хизматларни ишга тушириш, электрон рақамли имзо, электрон ҳужжат айланиши ва бошқа йўналишлар бўйича кўплаб ишланмалар, дастурларни ишлаб чиқишда фаолликни қўлдан бой бермаяпти, амалиётда татбиқ этилиши учун давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари билан шартномалар имзоланмоқда. Масалан, сўнгги ишланмаларимиздан бири — "E-ijro" дастурининг фойдаланувчилари тез фурсатда ортиб кетди. 5 мингдан ортиқ ташкилот ва идораларда қўлланилаётган мазкур дастур идоралараро ҳужжат айланишини янада тизимлаштириш, шаффофлаштиришга хизмат қилади. Хусусан, дастур ташкилотнинг маъмурияти томонидан бошқарма ёки бўлимларга муайян вазифа юклатилгани ва унинг ижросига оид жараёнларнинг кечишини назорат қилиш имкониятини беради. Ўрни келганда айтиш керак, бу каби ярмарка, кўргазмалар биз, тадқиқотчилар учун маҳсулот ёки хизматимизни кенг намойиш қилиш, бозор талабини ўрганиш ва бошқа изланувчилар, олимлар билан тажриба алмашишимиз учун кенг майдон сифатида хизмат қилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, шу пайтга қадар ўтказилган 8 та инновацион ярмаркада 3900 га яқин инновацион ғоя ва технологиялар намойиш этилиб, умумий қиймати 112,6 миллиард сўмлик 3,1 мингдан ортиқ шартнома имзоланган эди. Мазкур шартномаларнинг амалга оширилиши натижасида 59 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 55 турдаги тажриба намуналари тайёрланиб, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжалигига илмий-техник ёрдам кўрсатилган.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири
Суратларда: ярмарка фаолиятидан лавҳалар.
Сарвар ЎРМОНОВ (ЎзА) олган суратлар
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қувасой шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Бу қўлга киритаётган муваффақиятларимизда...
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожланмоқда. Инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Ўғлимни мактабга ўқитувчидан дакки эшитишга юбормайман. Фарзандимни ота сифатида ҳимоя қилишга қодирман. ...
01 янв 1970
Ватанни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини дахлсиз сақлаш туйғуси онг-шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи, оқ сути, пок нияти билан си...