Хоразмнинг темир тулпорлари

/
Ҳазорасп Хоразмнинг қадим масканларидан бири ҳисобланади. Туман марказида шаҳар бағридаги қалъа деворлари вайроналарининг остки қисми қадимшунослар томонидан археологик қазишмалар натижасида ўрганилганда унинг тарихи 2700-2800 йилга тенг эканлиги аниқланди. Бу илмий маълумот Ҳазорасп қалъаси Хоразм давлатчилиги пайдо бўлиши ва мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнаган шаҳарлардан бири бўлганлигини намоён қилди. Тарихий битикларда бу шаҳар Хоразмнинг жанубий қисмидаги мустаҳкам мудофаа қароргоҳи ва савдо маркази вазифасини ўтаганлиги эътироф этилади.
Шаҳар ўз даврида ниҳоятда улуғвор ва гўзал қалъа сифатида барпо қилинган. Қалъа деворининг қалинлиги 5-6 метр, баландлиги 7-8 метрдан иборат бўлган. Қалъага кириш дарвозасининг эни 16 метрдан ошган. Шаҳар ичидаги саройлар, масжидлар, мадрасалар муҳташам қилиб қурилган. Буларнинг бари ҳазораспликларнинг шаҳарсозликда етук меъморлар бўлганлигини кўрсатади. Шу билан бирга, қалъа вайроналари остидан, туман ҳудудидаги тарихий жойлар, хусусан, “Хумбузтепа” деб аталган маскандан жуда кўплаб кулолчилик идишлари намуналари, темир ва заргарлик буюмлари бўлаклари, мис ва бронзадан тайёрланган терракоталар қолдиқлари топилиши бу ерлик халқларнинг олис аждодлари ҳунармандчиликда маълуму машҳур бўлганлигидан гувоҳлик беради. Ана шундай бой тарихга эга бўлган бу маскан кўп йиллар давомида эътибордан четда қолиб келди.
Тарихи олис ўтмиш билан боғланган Ҳазорасп бугунги кунда Хоразм вилоятининг энг катта ва аҳолиси кўп туманларидан бири саналади. Унинг жойлашган ўрни вилоят умумий ҳудудининг учдан бир қисмини ташкил этади, аҳолиси эса салкам 250 минг кишидан иборат. Шу боис истиқлол йилларида Президентимиз ва республика ҳукумати Ҳазораспнинг қадимий тарихини тиклаш, туман иқтисодиётини ривожлантириш, уни миллий ва замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида бунёд этиш, аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш, саноатини тараққий эттириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Ана шу эътибор натижаси ўлароқ шаҳар бағридаги қадимий ёдгорлик — Ҳазорасп қалъаси деворларини асл тарихий кўринишига монанд қайта қуриш ва таъмирлашга киришилди. Туман ҳудудида нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ягона бўлган шакар ишлаб чиқариш заводи барпо этилиб, ишга туширилди. Ҳазорасп шаҳрида янги тўқимачилик фабрикаси фаолият юритмоқда. Темир йўл ётқизилган ва автомобиллар узлуксиз қатнови учун хизмат қиладиган Амударё устига қурилган 681 метрлик кўприк ҳам бир томондан Ҳазорасп тумани ҳудудида жойлашган. Бу кўприк ва йўллар қурилиши натижасида туманда қанча обод қишлоқлар пайдо бўлди, янги корхоналар, иншоотлар, посёлкалар барпо этилди. Туман коммуникация тармоқлари, инфратузилмаси яхшиланди. Ҳазорасп шаҳрида эса миллий ва замонавий шаҳарсозлик асосида гўзал иморатлар, коллежлар, лицейлар бинолари қад ростлади.
Кейинги йилларда Хоразм вилоятида ва Ҳазорасп туманида саноат соҳасини юксалтириш мақсадида яна бир улуғвор иш амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги 1856-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 февралдаги “Хоразм вилоятида “Дамас” русумли енгил автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 51-сонли қарорига мувофиқ вилоятда “Дамас” русумидаги енгил автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Бундай автомобилларни ишлаб чиқарадиган корхона қуриш учун Ҳазорасп туманидан, туман марказидан жануб томонда жойлашган, бир томони Амударё соҳилларига яқин, иккинчи томони Питнак шаҳрига туташ нуқтадаги “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бинолар ва жойлар танланди.
Бу ерда корхонани барпо этиш, қурилиш монтаж ишлари учун икки босқичдан иборат лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида корхонанинг дастлабки иш фаолиятида ниҳоятда муҳим бўлган йиғув цехига мўлжалланган бино, муҳандислик коммуникациялари, маъмурий бино, контейнерлар майдони, эҳтиёт қисмлар омбори ва марказий юклаш майдони каби иншоотлар таъмирланиб, қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Лойиҳа бўйича бу ишларни амалга ошириш 2014 йилнинг март ойигача белгиланган эди. Амалда эса корхона биноларини қуриш ишларининг биринчи босқичи 2014 йилнинг февраль ойида якунланди. Натижада ўша йилнинг 10 февраль куни, яъни орадан бир йил ўтар-ўтмас “Дамас” енгил автомобилларини оммавий йиғишни амалга ошириш бўйича “Женерал моторс” компаниясидан розилик олинди. Шу кундан бошлаб оммавий йиғув ишлари йўлга қўйилди. Орадан бир кун ўтиб, 2014 йилнинг 11 февралида бу ерда ишлаб чиқарилаётган “Дамас” русумли (Uz.SMT. 01227.1579429) ва “Орландо” русумли (Uz.SMT.01227.1617709) автомобилларга мувофиқлик сертификатлари берилди. “Шевролет Орландо” русумли автомобилларни йиғув ишлари эса шу йили 7 мартдан бошланди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган лойиҳани амалга ошириш жадвалига кўра, бўёқлаш ва пайвандлаш цехларини қуриб, фойдаланишга топшириш муддати 2014 йилнинг ноябрь ойи деб белгиланган бўлса ҳам, бу ишлар муддатидан олдин, ўша йилнинг сентябрь ойида якунига етди. Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида белгиланган ишлар, яъни соатига 8 та кузов бўяш қувватига эга бўлган янги бўёқлаш цехида, шунингдек, пайвандлаш цехида қурилиш-монтаж ишлари 2014 йилнинг август ойида ниҳояланди. Шундан сўнг, мазкур цехларга технологик жиҳозлар ўрнатиш, уларни синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилди. Синовлар муваффақиятли кечди. Ниҳоят, 2014 йилнинг 2 сентябрида “Женерал моторс” компанияси корхонага “Дамас” енгил автомобилларини оммавий ишлаб чиқариш учун расман рухсат берди. Шундай қилиб, мамлакатимизда яна бир автомобилсозлик корхонаси — “Женерал моторс — Ўзбекистон” акциядорлик жамиятининг Хоразм вилоят филиали — “Хоразм авто” заводи пайдо бўлади.
Бу ўринда ушбу янги заводнинг қурилиши ва дастлабки фаолиятига оид маълумотларни ойма-ой, санама-сана келтираётганимиз бежиз эмас. Эътибор беринг, бу заводни барпо этиш ҳақида Президентимиз ва республика ҳукумати қарорлари чиққанидан кейин қисқа муддат ичида, яъни бир йил ўтар-ўтмас корхона қурилиши ниҳоясига етиб, енгил автомобилларни йиғиш ишлари бошланади. Яна орадан ярим йил ўтгач эса, бу ерда автомобилларни ишлаб чиқаришга киришилади. Тасаввур қилинг, мамлакатимиз автомобилсозлик саноатида фаолиятини энди бошлаган, бу соҳада бор-йўғи 19 йиллик тажрибага эга давлат ҳисобланади. Лекин шунга қарамай бир ярим йил ичида янги автомобиль заводи барпо этилиб, ишга туширилиши нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки дунё автоиндустриясида ҳам ҳайратомуз воқеа саналади. “Хоразм авто” нинг мўъжизаларидан бири ҳам ана шу билан белгиланади.
— 2014 йилнинг 1 сентябри заводимиз тарихига қўшалоқ байрам сифатида муҳрланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрамига заводимиз конвейеридан биринчи сонли енгил автомобилни тайёрлаб чиқардик, — дейди заводнинг бошқарувчи директори Собир Жуманиёзов. — Корхонамиз ишчи-хизматчиларининг ўша пайтдаги ҳис-ҳаяжонларини, қувончларини тасаввурингизга сиғдира олмайсиз. Ахир ҳазил гапми, Хоразмнинг биринчи автомашинаси — ўзига хос мўъжизаси яратилди. Қанча орзу-ниятлар ушалди. Биз ўша, 2014 йилда вақтдан ўзиб яшашга, ишлашга интилдик. Завод муддатидан илгари қуриб бўлинди. Натижада шу йили режада белгиланган 19687 дона “Дамас” русумли енгил автомобиллар ўрнига 20790 та машина ишлаб чиқардик. “Орландо” русумли автомобиллардан эса 1500 тасини йиғдик. Буларнинг ҳаммаси келажак фаолиятимизга ишонч туғдирди. Бизлар Хоразмнинг биринчи автомобилсозларига айландик.
Завод ҳудудининг умумий майдони 40100 квадрат метр бўлиб, шундан 16200 квадрат метри ишлаб чиқариш цехларига, 4280 квадрат метри эҳтиёт қисмлар омборхоналарига, 1800 квадрат метри маъмурий биноларга, 8400 квадрат метри логистика майдонига, 1739 квадрат метри коммунал хизматларига, 1200 квадрат метри тайёр автомобилларни синаш учун мўлжалланган автотрекка, 3312 квадрат метри транспорт бўлинмасига ажратилган. Булардан ташқари, корхонанинг келгусида янада ривожланиши ва кенгайиши учун 50 минг квадрат метр ер майдони захира сифатида берилган.
Заводга кириб борар экансиз, муҳташам иншоотларга кўзингиз тушади. Маъмурий бинолардан тортиб цехларгача, омборлардан то автотрек, логистика майдонларигача ниҳоятда чиройли қурилган. Корхона атрофи ва ичкарисидаги иншоотлар, бинолар оралиқлари, йўллар, йўлаклар четларида яшилликка бурканган кўкаламзор масканлар, улар бағрида турфа хил дарахтлар кўзга ташланади. Заводда ўзига хос эколандшафт тизими яратилган. Умуман, бу ердаги кўркамлик, гўзаллик, ободлик, орасталик ва тозаликка, тартиб-интизомга ҳавасингиз келади. Бундан 30-35 йиллар илгари бирор завод ёки фабрикага йўлингиз тушса, у ердаги доғ-дуғлардан, очилиб-сочилиб ётадиган техник ускуналар, бесаранжом-бесаришталикдан корхона ўзи шундай бўлса керак, деган фикрга борардингиз. Бу завод эса янги замон корхонасининг қиёфасини намоён этиб, кўнглингизда ҳавас уйғотади. Завод цехлари ҳам ниҳоятда тоза, саранжом-саришта, гўё бу ерда автомобиллар эмас, тиббиёт учун дори-дармонлар ишлаб чиқарилаётгандек таассурот қолдиради. Бир хил кийинган ишчилар, бир маромда ишлаётган техник воситалар, машиналарнинг изма-из пайдо бўлаётган эҳтиёт қисмлари, соатига 8 тадан сафланиб чиқаётган янги автомобиллар — барча-барчасида ўзига хос бунёдкорлик сеҳри, жозибаси бор. Бундай гўзаллик, ободлик, бунёдкорлик бағрида ҳам инсонни ўзига мафтун этадиган мўъжиза туғилади. Бу ушбу завод фаолиятида ҳам ўз ифодасини топган.
— “Хоразм авто” заводига ишга кирганимда бундай кўркам, обод жойларда, чиройли ва замонавий цехларда ишлайман, деб ўйламагандим. Завод бизни янгича яшашга, янгича ишлашга, янгича фикрлашга ўргатди, — дейди ишчи Жасур Исмоилов. — Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз — автомобиллар халқимиз корига яраётганидан хурсандмиз. Баъзан ўйлаб қоламан. Агар бу ерда автомобиль заводи ишга туширилмаганда нима қилардим? Ҳамкасбларим, дўстларимнинг аҳволи не кечарди? Шу сабабли биз ёшларга барча имкониятларни яратиб бераётгани, мана шундай замонавий корхоналарни барпо қилдираётгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. Бу завод бизнинг фахримиз, ғуруримиз, ифтихоримиз бўлиб қолади.
Заводга ишга қабул қилиш масаласига ҳам ниҳоятда жиддий эътибор берилди. Бунда маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган ёшларни ишга жалб этиш асосий мақсад қилиб қўйилди. Шундай ҳам бўлди. Корхона фаолиятини бошлаган дастлабки босқичда 643 нафар йигит-қизлар танлов асосида ишга қабул қилинди. Заводда ишлаб чиқариш ҳажми ошгандан кейин иш ўринлари ҳам кўпайди. Эндиликда бу ерда 1600 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритмоқда. Уларнинг барчаси маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан танлаб олинди. Корхонада ишлаб чиқаришга юксак технологиялар жалб қилингани сабабли ишчи-ходимлар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу пайтгача ишчилардан 655 нафари Асака шаҳридаги автомобиль ишлаб чиқариш заводида, 37 нафари эса Тошкент шаҳрида малака оширишди. Шу билан бирга, бўёқлаш цехидан 8 ишчи Индонезия Республикасида, пайвандлаш цехидан 10 ишчи Жанубий Корея Республикасида ўз соҳалари бўйича тажриба орттириб қайтишди. Бундай ишлар келгусида ҳам давом этади.
Айни пайтда, “Женерал моторс — Ўзбекистон” АЖ Хоразм вилояти филиали учун малакали етук ёш кадрлар тайёрлаб беришга ҳам замин ҳозирланди. Вазирлар маҳкамасининг 2014 йил 4 июндаги 142-сонли қарори билан Ҳазорасп туман агросаноат касб-ҳунар коллежи Питнак транспорт касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Ўтган йили корхонада яна бир жиддий иш амалга оширилди. Ҳазорасп тумани ва Питнак шаҳридаги 7 та касб-ҳунар коллежлари битирувчилари орасидан 241 ўқувчи Асака шаҳрида, 133 ўқувчи эса “Хоразм авто” заводининг ўзида юқори малакали мутахассислар қўл остида ишлаб чиқариш амалиёти даврида автомобилсозлик сир-асрорларини ўргандилар. Натижада улар заводнинг ишчиларига айланишди. Бугун коллеж битирувчиларининг 123 нафари бўёқлаш, 138 нафари пайвандлаш, 113 нафари йиғув цехларида фаолият юритмоқда.
Завод фаолият бошлаши билан бир вақтда бу ерда унга бутловчи қисмларни етказиб берувчи бешта қўшма корхона — ЎзТонгХонг, ЎзДонгЯнг, ЎзКорам, ЎзДонгВон, ЎзСемЮнгнинг филиаллари ҳам ташкил этилди. Бу корхоналар филиалларида ҳам 600 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, саноатни маҳаллийлаштириш дастурига асосан 8 та тадбиркорлик субъектлари заводга эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича иш олиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, бугунга келиб, “Хоразм авто” вилоятда саноатнинг етакчи тармоқларидан бирига айланиб улгурди. Хоразмлик, ҳазорасплик ёшлар эса завод бағрида етук автомобилсозлар сифатида танилмоқдалар. Бу ҳам корхонанинг яна бир мўъжизаси ҳисобланади.
— Бугунги кунда 70-80 ёшни қоралаган биз каби кексалар бир пайтлари енгил машина сотиб олишни, минишни орзу қилардик. Ким машина сотиб олса, ўшанга ҳавас билан қарардик, — дейди гурланлик меҳнат фахрийси Амин Вапоев. — Не бахтки, фарзандларимиз, невараларимиз бизлар минадиган машиналарни ўзлари ишлаб чиқарадиган даражага эришдилар. Завод халқимизнинг орзу-умидларини ушалтирган мўъжизага айланди. Ахир бир пайтлари темирчи усталар, чилангарлар, дегрезлар ишига ҳайрат билан қараган халқнинг фарзандлари эндиликда ниҳоятда мураккаб технологияларга асосланган автомобилларни ишлаб чиқараётгани ҳақиқий мўъжиза, ҳайратомуз воқеа эмасми?!
Завод ишчи-хизматчиларини ижтимоий ҳимоялаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Уларнинг ишга келиб-кетишлари учун транспорт ажратилган. Иш пайтида махсус кийим-бош ва иссиқ овқат билан таъминланадилар. Барча байрамларда моддий ёрдам билан рағбатлантирилади. Шу билан бирга, заводда ишчиларни ўзига хос мукофотлаш тизими ҳам ишлаб чиқилган. Яъни, агар корхонада ёки цехда ишлаб чиқариш режаси бажарилганда ҳар бир ишчига ойлик маошининг 10 фоизи, сифат кўрсаткичлари яхшиланганда 10 фоизи, ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг хавфсизлик даражаси таъминланганда 10 фоизи, глобал ишлаб чиқариш тизими талаблари бажарилганида 5 фоизи, жами 35 фоиз мукофот пуллари қўшиб берилади. Бу эса ишчиларни рағбатлантириш асосида автомобилларни кўплаб ишлаб чиқариш, иш сифатини яхшилаш, самарадорлигини ошириш ва бошқа жабҳаларда ютуқларга эришишга имкон яратмоқда. Корхона ана шу асосда ютуқларга эришмоқда. Шунинг учун “Женерал моторс — Ўзбекистон” АЖ Хоразм вилояти филиали Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови”да ишлаб чиқариш соҳасидаги “Энг яхши корхона” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди. Бу ғолиблик осонлик билан қўлга киритилмади. Бунинг асосида хоразмлик автомобилсозларнинг фидойи меҳнатлари ётибди.
Заводда иш қизғин давом этмоқда. Унинг ишлаб чиқариш қуввати биринчи босқичда йилига 20 минг дона автомобиль тайёрлаш, деб белгиланган эди. Бу режа тўла амалга ошди. Иккинчи босқичда тайёрланадиган автомобиллар сони 40 мингта деб режалаштирилган. Бу режа ҳам ортиғи билан амалга ошиши шубҳасиз. Негаки, 2015 йилнинг ўзида заводда “Дамас” русумли енгил автомобиллар режадаги 25177 та ўрнига 27804 та тайёрланди. “Орландо” русумли автомобиллар эса 1499 дона ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, 2015 йилда июнь ойидан бошлаб корхонада “Лабо” русумли кичик юк машинаси ишлаб чиқариш йўлга қўйиб, йил охирига қадар бу русумдаги автомобиллардан 1418 таси тайёрланди.
Шундай қилиб, хоразмлик автомобилсозлар ўтган йилнинг ўзида 30721 та автомобиль ишлаб чиқаришга эришдилар. Фаолият бошлаганига икки йилдан энди ошган “Хоразм авто” заводининг бу кўрсаткичларини ва шу вақт ичида 3 та русумли автомобиль ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эришганини мўъжизавий муваффақиятлар, дейиш мумкин. Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида Хоразм вилоятида “Женерал моторс — Ўзбекистон” акциядорлик жамияти филиалида умумий қиймати қарийб 6 миллион долларлик лойиҳа асосида “Шевроле Лабо” кичик юк машинаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, бу ерда йилига фермерларимиз ва хусусий тадбиркорларимиз учун жуда зарур бўлган 5 мингта ана шундай машина ишлаб чиқарилади, ушбу модель янги “Хоразм авто” заводида тайёрланаётган “Дамас” ва “Орландо” автомобилларидан кейинги учинчи турдаги автомобиль бўлди, деб қилинган ишларга юксак баҳо берган эди.
Яқинда матбуот саҳифаларидан бирида Хоразм вилоятининг саноат соҳасида эришган ютуқлари ҳақидаги маълумот билан танишдим. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Вилоятда 2012 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми 508 минг сўмни ташкил этган эди, 2015 йилда бу кўрсаткич 1 миллион 358 минг сўмга етди”. Вилоятда 3 йил ичида саноат тараққиёти салкам 3 бараварга ўсиши негизида, табиийки, воҳадаги бошқа саноат корхоналари билан биргаликда “Хоразм авто” заводининг ҳам муносиб улуши бор. Завод эндиликда нафақат Хоразм вилояти саноати тараққиётида, балки республика иқтисодиёти ривожида ҳам муносиб ўрин эгалламоқда, десак, хато бўлмайди.
Корхона жамоасининг келгусига мўлжалланган орзу-умидлари, ниятлари катта. Заводнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш билан бирга бу ерда ишчи-ходимлар учун спорт, соғломлаштириш, дам олиш мажмуалари барпо этиш, истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлар, болалар оромгоҳлари яратиш, автомобилсозлар шаҳарчасини бунёд этиш... Кўнгилларда ана шундай орзулар бир олам.
Улкан ишларни амалга ошираётган хоразмлик автомобилсозларнинг бу эзгу ниятлари ҳам ушалишига ишонамиз.
Қадимий ривоятларга кўра, Ҳазорасп мингта учар отлар ўлкаси сифатида эътироф этилган. Бугунги кунда ҳам Ҳазорасп ўз тарихий номига муносиб бўлмоқда. У эндиликда бағрида “Хоразм авто” заводига эга, кўплаб от кучига эга бўлган турли русумдаги автомобилларни ишлаб чиқараётган, минглаб темир тулпорлар ўлкаси сифатида донг таратмоқда. Бир пайтлари Ҳазорасп учқур отлари — дулдуллари шарқ мамлакатларида улуғланган бўлса, бугунги Ҳазорасп темир тулпорлари билан Ўзбекистон номидан дунё йўлларини забт этмоқда. Мустақиллик туфайли юзага келган энг катта мўъжиза ҳам ана шундадир!
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наврўзни қалдирғочсиз тасаввур этиш қийин. Халқимиз кўкламда қанотлари қоп-қора, миттигина қушнинг келишини соғиниб кутади....
01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...
01 янв 1970
Маълумки, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни ҳамда жамиятимизда таъминланаётган қонун устуворлигини ички ишлар органлари ва уларнинг фидойи ходимлари...
01 янв 1970
Бугун улкан қурилиш ва бунёдкорликлар майдонига айланган Самарқандда шаҳарликларни бир-биридан кўркам иморатлар барпо этилаётганлиги билан ҳайратга...