Таълим-тарбия сифати янада юқори босқичга кўтарилади

/
Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эргаш ХУДОЙНАЗАРОВ билан суҳбат
– “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида cоғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш асосий вазифа сифатида кўрсатиб ўтилган. Буюк келажагимизни кафолатлаб берадиган ушбу умумхалқ вазифаси давлат, жамият, оила, маҳалла, жамоатчилик ва биринчи навбатда, мактаб зиммасига юклатилган. Дастур таълим соҳаси олдига қўйган кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар вилоят миқёсида қай даражада амалга оширилмоқда?
– “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорда зиммамизга юкланган “Соғлом болани вояга етказишда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш” сингари қатор вазифалар фаолиятимизга янгича мазмун ва моҳият бахш этмоқда.
Айни кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфида 531 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, улардан 44 таси айрим фанлар чуқурлаштирилиб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳисобланади. Вилоятимиздаги умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар сони 275181 нафарни ташкил қилади, уларга 25061 нафар малакали ўқитувчилар юксак савияда таълим-тарбия бериш билан шуғулланади. Бундан ташқари, вилоятда 249 та мактабгача таълим муассасаси, 12 та “Баркамол авлод маркази”, 15 та мусиқа ва санъат мактаби, 12 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда.
– Бугунги мактаб кечаги мактаб эмас. Истиқлолнинг чорак асри давомида бизда туб моҳияти билан бутунлай бошқа, авваломбор, ўз таълим-тарбия моделини яратган, қолаверса, жаҳоннинг энг илғор педагогик тажрибаларидан андоза олаётган мактаблар тизими шаклланди. Бу жараёнда инновацион технологиялар барча соҳалар қатори таълимга ҳам дадил кириб келяпти.
– Жуда тўғри. Вилоят таълим тизимида таълим самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор самарали ҳамда ўзига хос янги таълим инновациялари ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Бунга мисол сифатида ўқувчиларнинг олган билимларини янада мустаҳкамлаш учун вилоятдаги олий ўқув юртлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганимизни таъкидлаш мумкин. Жорий йилда Ал-Хоразмий номидаги Урганч давлат университети аниқ ва табиий фанлар йўналишида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида электрон шаклда 4 босқичли “сиртқи олимпиада” ўтказилди. Бу олимпиадада ғолиб бўлган ўқувчилар вилоятнинг нуфузли академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига имтиёзли равишда қабул қилинади.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида ўрганиладиган фанлар бўйича ташкил қилинган “Ўйла, изла, топ” беллашувлари ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. Бунда барча мактаб ўқувчилари 18 та фан йўналишлари бўйича беллашдилар ва вилоятнинг Ҳазорасп, Хонқа, Шовот, Урганч туманларининг умумтаълим мактаблари жамоалари энг юқори натижаларга эришдилар.
– Давлат дастурида янги умумтаълим мактаблари биноларини қуриш, бир қанча мактабларнинг мавжуд биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан бирга уларни замонавий ўқув мебеллари, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, кўплаб умумтаълим мактаблари интерактив электрон доскалар ва бошқа замонавий воситалар билан таъминланади. Бу ўқитувчилар зиммасига янгидан-янги вазифаларни юклаши табиий.
– Худди шундай. Вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан 2016 йилнинг май ойида “Энг фаол синф раҳбари” кўрик-танлови ўтказилди. 4 шартдан иборат танловда Урганч шаҳридаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим фани ўқитувчиси Умида Собирова ғолиб, деб топилди. Навоий вилоятида 2016 йилнинг 28 апрель куни ўтказилган “Умумтаълим мактаблари таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида вилоятимиздан 11 нафар ўқитувчи ва соҳа раҳбар ходимлари қатнашдилар. Ҳазорасп туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Дадахон Cафаров “Таълим менежментида оптималлаштириш ва математик моделлаштиришнинг замонавий усуллари” ва “Замонавий технологиялардан фойдаланишнинг янгича назорат мониторинги” мавзуларида маъруза қилди. Бу педагогик тақдимот республика миқёсида оммалаштиришга тавсия этилди.
– Таълим тизимимизга янги педагогик технологиялар, шу жумладан, ахборот технологиялари кириб келмоқда. Уларни амалиётга дадил жорий қилаётган жамоалар ва педагоглар турли танловларда иштирок этмоқдалар.
– Тўғри. Таълим жараёнига ахборот- коммуникация технологиялари чуқур кириб келаётганини инобатга олган ҳолда, ҳар бир ўқитувчи веб-сайтини ташкил этиш ва унга ахборот жойлаштириш, электрон шаклда ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйишни таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти”, “Энг яхши ўқувчи веб-сайти”, “Энг яхши мактаб веб-сайти” танловларининг нуфузи тобора ошиб бормоқда.
Жорий йилда вилоят миқёсида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йил тарбиячиси”, “Энг яхши таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳлари”, “Энг яхши давлат таълим стандартларига риоя этиш мониторингини методик таъминлаш кичик гуруҳи” танловлари ўтказилди. Шунингдек, ўқувчи-ёшлар ўртасида фан олимпиадалари, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Инглиз тили билимдонлари”, “Солиқ билимлари – болаларга”, “Ёш қутқарувчи”, “Мангулик жамоли” каби танловлар ташкил қилинди.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида вилоятнинг 3 нафар ўқитувчиси – Шарофат Қаландарова бошланғич таълим фани бўйича 1-ўринни, Рўзагул Собирова немис тили фани бўйича 1-ўринни, Ҳамза Бобожонов француз тили бўйича 2-ўринни эгаллади
“Президент асарлари билимдонлари” кўрик-танловининг республика босқичида Хонқа туманидаги 25-сонли умумий ўрта таълим мактаби фахрли 1-ўринни эгаллади. “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловининг республика босқичида вилоятнинг “Парламент” жамоаси “Энг тезкор жамоа” номинациясини қўлга киритди. “Энг яхши дарс ишланмалар” онлайн кўрик-танловининг республика босқичида вилоятнинг 2 нафар ўқитувчиси ғолиб бўлди. “Солиқ билимлари – болаларга” танловининг республика босқичида Урганч шаҳридаги 1-мактаб ўқувчиси Сардорбек Салимов тасвирий санъат йўналишида 1-ўрин, Урганч туманидаги 38-мактабнинг “Камалак зукколари” жамоаси “Камалак билимдонлари” танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллашди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида таълим ва тарбия савиясини ошириш, спорт ва жисмоний тарбияга, айниқса, қизларимизнинг ушбу йўналишдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Шу йилнинг март ойида спорт ойлиги ўтказилиб, ҳар бир туманда бештадан намунавий спорт майдончалари шакллантирилди.
Хулоса қилиб айтганда, Дастур ижроси фаолиятимиз сифати ва самарадорлигини янада юқори поғонага кўтариши шубҳасиз.
«Adolat» мухбири
Ҳаётбек ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт қувончи, дунёнинг шодлиги болалар билан, уларнинг кулгиси оламни мунаввар этади.  ...
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....
01 янв 1970
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 23 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити иштирокч...
01 янв 1970
Шунча оворагарчиликлардан сўнг қувончимнинг чеки кўринмасди. Афсуски, хурсандчилигим кўпга бормади....