Истиқлол берган улуғ неъмат

/
Биз учун тоабад яккаю ягона, муқаддас ва мўътабар, севги ва садоқатимиз ҳамиша бахшида бўлган, бахту иқболимиз бешиги ҳисобланган гўзал ва жаннатмонанд она диёримиз — Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга янгиланиб, яшариб бораётгани мустақиллик шарофатидан.
Мустақиллик – бу шундай улуғ неъматки, у асрлар тўфонидан соғ-омон ўтиб, ўзимиз ва ўзлигимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни англаш имконини берган муқаддас бойлик. Узоқ йиллар ҳукмронлик қилган зўравон ва мустабид тузумнинг қурбони бўлган ота-боболаримизнинг орзуси, истак ва мақсадлари истиқлол туфайли рўёбга чиқди. Мустақиллик, энг аввало, миллий ўзлигимиз, миллий давлатчилигимиз, қадрият ва анъаналаримиз, беқиёс тарихимиз ва маънавиятимиз, асосийси, ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни қайтариб берди.
Собиқ иттифоқ даврида азалдан ота-боболаримиздан мерос бўлиб келган она тилимиз, миллий маданиятимиз, анъаналаримиз камситилиб келингани сабаб буюк алломаларимиз ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмадик. Уларнинг номлари қораланиб, тарих саҳифаларидан ўчириб юбориш даражасига етиб келган, миллий байрамлар ва халқ ўйинларимизга эскилик сарқити сифатида қаралганлиги каби аянчли ҳолатларнинг шоҳиди бўлганмиз. Юртимизда таълим-тарбиянинг самарадорлигига эътибор сусайтирилиб, юзлаб мактаблар хароб аҳволга келиб қолганини ҳам кўрганмиз. Она тилимизга бўлган эътибор кундан-кунга сусайиб, ўзбек тили қанча камситишларни бошдан кечирди. Шукрким, она халқимиз дориломон кунлар келишига умид билан қараб, курашга бел боғлаши самарасида истиқлолга эришди.
Бугун ҳар бир юртдошимиз чеҳрасидан шоду хуррамлик, тақдиридан розилик, ҳаётидан мамнунликни илғаб олиш қийин эмас. Юртимизнинг қай бир гўшасида бўлманг, қай бир шаҳар, қай бир қишлоғига борманг, қайси юртдошимиз билан суҳбатлашманг, ҳамманинг нигоҳида хуш кайфият, кўтаринкилик, истиқлол шукуҳи ҳукмронлигининг гувоҳи бўласиз. Бу эса қалбимизга ҳузур, кўнглимизга ғурур, кўзларимизга қувонч бахш этади.
Буларнинг барчаси замирида истиқлолдан баҳрамандлик, шу муқаддас заминдан фахрланиш туйғулари юракларда барқ ураётганлиги мужассам, “Ким эдигу ким бўлдик”, деган эзгу ғоя халқимизни янада бирлаштираётганлиги қувончлидир. Бугун ҳар бир маҳалладаги хонадонлардан тортиб, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олишда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори янада кўтаринкилик бахш этаётганлигини кўриш мумкин.
Хусусан, истиқлол шарофати туфайли кундан-кунга чирой очиб, гуллаб-яшнаётган Жиззах тумани бунинг яққол мисолларидан биридир. Туман ҳудудига киришдаги Учтепа шаҳарчасига кўз ташласангиз, замонавий меъморчилик услубида қад ростлаган уй-жойлар, спорт мажмуалари, кенг ва равон кўчалар, гўзал боғ-роғлар, тиббиёт муассасалари, савдо шохобчалари юртдошларимиз, айниқса, келажагимиз ворислари бўлган ёшларнинг қалбида шу азиз ва муқаддас Ватанга нисбатан фахрланиш ҳиссини оширмоқда.
Мустақиллик шарофати билан cўнгги йилларда Жиззах туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилиб, саноат ва қурилиш соҳасидаги унумдорлик янада ўсди. Туман ёшларининг асосий қисми бугунги кунда қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришга ўз меҳнатлари билан ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, ёшлар, хотин-қизларни қўшимча касбларга ўргатиш, уларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш борасида бажарилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Чунончи, жорий йилнинг ўзида саноатда 26 та, қишлоқ хўжалигида 36 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 43 та янги лойиҳалар амалга оширилиб, жами 21 миллиард 288 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилиши натижасида 678 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Эътиборлиси, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ўтган йиллар мобайнида янги лойиҳалар асосида 978 та уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилган бўлса, жорий йилда 411 та уй-жой қуриб битказилаётганлиги қувонарли ҳолдир.
Замон талабларига мос равишда жиҳозланган 58 та умумтаълим мактаблари ва улардаги 44 та спорт зали, 23 та мактабгача таълим муассасаси, 7 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари бугун ёшларимизнинг билимли, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун хизмат қилмоқда. Хотин-қизларнинг саломатлигини яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, умуман олганда, халқимиз саломатлиги йўлида замонавий типда қурилган, давр талабларига мос равишда тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, малакали тиббиёт ходимларига эга бўлган 26 та қишлоқ врачлик пунктлари ишлаб турибди. Шу билан бирга, ёшларимизнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитлар яратиб берилганлиги ўз ижобий самараларини намоён этмоқда. Шу боис, ёшларимиз спортнинг кураш, бокс, гимнастика каби бир қанча турлари бўйича жаҳон ареналарида етакчиликни қўлдан бермай келаётир.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тез суръатларда ривожланди. Юртбошимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Дунё маданияти ва илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган буюк бобокалонларимизнинг муборак номлари қайта тикланиб, маънавий-маданий меросимиз ўзимизга қайтарилди. Юртимиз фарзандларининг дунё тамаддуни, инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшган улуғ зотларнинг авлоди эканлиги, бугун ҳеч кимдан кам бўлмаганлиги ва кам эмаслигини тушуниб етганлиги айни ҳақиқат.
Ҳар куни меҳнат фаолиятим юзасидан йўлга отланган чоғимда, беихтиёр теварак-атрофга кўз ташлар эканман, юртдошларимнинг ҳаёти кундан-кун ўзгариб, она юртим жамоли янада чирой очаётганлигини кўриб, қалбим чексиз қувончга тўлади. Туманимизда бугун кўплаб оилалар ўзининг замонавий типдаги ҳовлиси, уй-жойи, юртимизда ишлаб чиқилган енгил автомашинасига эга. Маҳаллаларда тинчлик ва тотувлик ҳукмрон. Тўй-тантана ва байрамлар авжида. Буларнинг барчаси, республикамизда олиб борилаётган оқилона сиёсат самараси, мустақилликнинг бизга берган улуғ неъматидир.
Айни пайтда фуқароларнинг ишончли вакили, депутат сифатида она халқимга нафим тегиб, мустақил Ватанимнинг тараққиёти, юртдошларим фаровон яшашига оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман.
Дилмурод КАРИМҚУЛОВ,
халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари, партия фаолла...
01 янв 1970
Бу дунё — синов даври. Эҳтиёжлар олами. Бола туғилгани заҳоти эҳтиёжлари ҳам вужудга келади. Улар улғайганимиз сари каттариб бораверади....
01 янв 1970
Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” республика спорт мусобақалари ...