Гўзалликка ошиён шаҳар

/
“Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур. Етти пора қасабаси бор. Жанубий тарафидаги қасабалардан бири Андижондурким, Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтир. Уч дарвозаси бор. Арки жануб тарафида воқе бўлубтур. Қалъанинг гирдо-гирди ҳандақнинг тош ёни сангрезлик шоҳроҳ тушубтур. Эли туркдур. Элининг лафзи қалам билан росттур”. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида келтирилган ушбу маълумот Андижоннинг шаҳарсозлик тарихи қадимий эканлигини, бу шаҳар нафақат водийда, балки Марказий Осиёда катта қалъалардан бири сифатида олис ўтмишда шаклланганлигини кўрсатади.
Кейинги йилларда археолог олимлар Андижон ва унга яқин жойларда олиб борган қазишма ишлари натижасида шаҳар остида олис тарихга оид маданий қатламларни топдилар. Бу маданий қатламлардан топилган ноёб ашёлар шаҳар милоддан олдинги V-IV асрларда барпо этила бошлаганлигини тасдиқлади. Унинг тарихи ҳақидаги илк ёзма маълумотлар милоддан олдинги II асрнинг бошларида Фарғонага келган Хитой сайёҳи Чжянь Цянь битикларида учрайди. У водийдаги Давань давлати таркибида кўплаб шаҳарлар, қалъалар борлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Қадимшунослар ана шу қалъалардан бири Андижон шаҳри ўрнида бўлганлигини аниқладилар. IX-X асрларда Маҳмуд Қашғарий “Девони луғат ут-турк”, Юсуф хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарларида Андижонни қадимий шаҳар деб эътироф этадилар. X-XII асрлар муаррихлари Табарий, Истаҳрий, Абдулкарим ас-Самъоний асарларида шаҳар Андугон, Андукон номлари билан тилга олинади. Бу ердан кўплаб алломалар етишиб чиққанлиги ҳақида маълумотлар келтирилади. Исҳоқхон Тўра Ибрат “Фарғона тарихи” асарида “Тарихи “Қутадғу”дан мустазод будурки, Андижон тўрт минг йилдан муқаддам, яъни Ўғузхон вақтида шаҳар бўлса ҳам, андин аввал ҳам ободон шаҳар экан. Ўғузхон Нуҳ алайҳиссаломни тўққизинчи ўғлидир. Валҳосилки, Андижон Фарғона шаҳарлари ичинда энг аввалги ва қадимийдур”, деб таърифлайди. Буларнинг бари Андижоннинг олис шаҳарсозлик ўтмишидан гувоҳлик беради.
Андижон шаҳри 20 асрдан ошиқ давр ичида бир ҳудудда, бир жойда барпо этилган. Бу ерда қадимий шаҳар вайроналари устига янги шаҳар қуриш анъанаси давом қилган. Шу сабабли қадимий қалъа обидаларидан бирортаси тўла сақланган ҳолда бугунги кунгача етиб келмаган. Фақат унинг эски шаҳар қисмидаги XIХ аср охирларида қурилган мадраса, хонақоҳ, масжид, минорани ўз ичига олган Жомеъ мажмуасининг бир томони сақланиб қолган, холос. Маҳобатли пештоқ, иккита гумбаз, 20 дан ошиқ ҳужралардан иборат бу ёдгорлик аждодлар бунёдкорлигининг намунаси ҳисобланади. Шу билан бирга, андижонликлар аждодлар меъморчилигининг энг яхши анъаналарини қайта тиклашга ҳам алоҳида эътибор бермоқдалар. Шаҳарда ана шу Жомеъ мажмуаси яқинида “Девонавой” масжиди асл тарихий кўринишига монанд равишда қайта қурилди. Тарихий тарҳ асосида барпо этилган бу иншоот Андижоннинг қадим шаҳарсозлик маданиятини намоён этувчи бунёдкорликнинг гўзал тимсолига айланди.
Истиқлол йилларида шаҳарларимизни жаҳон шаҳарсозлик, меъморчилик маданияти талаблари асосида қайта қуриш, уларни миллий ва замонавий асосда барпо этиш ҳаётий заруратга айланди. Шу мақсадда мамлакатимиз Президентининг “Андижон вилоятида 2011-2015 йилларда турар жой массивлари коммунал инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ишлар учун давлат хазинасидан 1,7 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу борада Андижонда иш, аввало, шаҳар марказини қайта қуришдан бошланди. Бу ердаги эгри-бугри, тор, машиналар қатнови учун қийинчилик туғдирадиган кўчалар кенгайтирилди. Икки томонлама қатновга хизмат қиладиган янги, катта йўл қурилди. Йўлнинг икки чеккасида йўлаклар барпо этилиб, улар атрофи эколандшафт асосида кўкаламзорлаштирилди. Кўча атрофидаги пастқам, кўримсиз уйлар олиб ташланиб, улар ўрнида 3-4 қаватли муҳташам бинолар, гўзал иншоотлар қад ростлади. Бу биноларнинг юқори қаватлари аҳоли турар жойлари бўлса, пастки қавати аҳолининг кундалик эҳтиёжларига хизмат қиладиган савдо шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш корхоналарига айлантирилди. Шу тариқа Андижон шаҳрининг марказида унинг шарқий ва ғарбий нуқталарини туташтирувчи, барча кўчаларини ўзаро боғловчи “Ўзбекистон” кўчаси пайдо бўлди. Бу кўча нафақат Андижонда, балки республикамизда замонавий шаҳарсозликнинг илк намуналаридан бирига айланди.
“Ўзбекистон” шоҳкўчаси қурилиши билан унинг бағрида кўплаб иншоотлар барпо этилди. Энг аввало, Алишер Навоий номидаги боғ олдида муҳташам арка бунёд қилинди. У бутун шаҳарнинг ҳуснига ҳусн қўшди. Кўчага туташ нуқтада тикланган “Хотира” майдони андижонликларнинг оёғи узилмайдиган қадрият масканига айланди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят бош кутубхонаси ва вилоят мусиқали драма театри бинолари ҳам кўчадаги бошқа муҳташам иншоотлар каби замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида қайта қурилиб, таъмирланди. Кўчада, булардан ташқари, иккита умумтаълим мактаби, тиббиёт коллежи, болалар уйи бинолари ҳам қад ростлади. Элликдан ошиқ савдо мажмуалари, маиший хизмат уйлари, меҳмонхоналар фаолият юритмоқда. Кўчанинг марказида барпо этилган “Бизнес маркази” замонавий кўриниши, муҳташам иншооти, аҳоли учун барча қулайликларга эгалиги билан шаҳарнинг ифтихорига айланди. Бу бино ғарб шаҳарсозлик архитектурасининг гўзал намуналари даражасида яратилган. Унда XXI аср шаҳарсозлигининг қиёфаси аксини топган. Шу билан биргаликда, “Ўзбекистон” кўчаси Андижон шаҳрининг қачонлардир эски ва янги деб номланган икки қисмини туташтирди.
— Мен шаҳар ҳаётини ярим асрдан ошиқ вақтдан бери биламан. Унинг қайси даҳаси, қай маҳалласи, қайси кўчасида қандай иморатлар, бинолар, иншоотлар барпо этилганлигини яхши эслайман. Илгари бирор бино қурила бошланса, беш-олти йилга чўзиларди. Уни қуриб тугатмасдан олдин эскириб бўларди, — дейди халқ таълими фахрийси Йўлдош Машрабиев. — Эндиликда беш-олти ой, узоғи билан бир йил ичида катта-катта иморатлар қад ростламоқда. Яна уларнинг чиройлилиги, гўзаллигини айтмайсизми?! “Ўзбекистон” кўчасидаги иморатлар икки йил ичида қуриб бўлинди. Шаҳар янги қиёфа касб этди. Аввалдан мавжуд иморатлар — кутубхона, театр бинолари қайта қурилиб, таъмирдан чиқарилганидан кейинги ҳолати тасаввурингизга сиғмайди. Шундай даражада қурсак, шундай ободликда яшасак бўлар эканку!
Андижон шаҳри марказидаги “Ўзбекистон” кўчасида қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари якунлангандан кейин шаҳар аҳли янги шаҳарсозлик асосида барпо этилган кўча ва барча қулайликларга эга уйларни кўриб, уларда яшашнинг афзалликларига тўла ишонч ҳосил қилдилар. Яратилган гўзаллик ва афзалликлар одамлар қалбида янгича яшашга иштиёқ уйғотди. Шундан кейин шаҳарнинг 14 та марказий кўчаси, 10 дан ортиқ катта йўллари туташган чорраҳаларининг янги лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шунга монанд Бобур номидаги шоҳкўча, унга туташ “Истиқлол” ҳамда “Миллий тикланиш” кўчалари қайта қурилди. Бу ерда қурилиш ишлари бошланишидан олдин бир тажриба синовдан ўтказилди. Шаҳарда бунёд этиладиган иншоотларнинг ўринлари тадбиркор, мулкдор бўлишни истаган шахсларга хусусий мулк қилиб берилди. Бунёдкорлик ишлари узлуксиз давом этиши, белгиланган режалар амалга ошиши учун бу мулкдорларга банклар узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратди. Мулкдорларнинг таклифларига кўра кўп қаватли иморатларнинг юзлаб янги лойиҳалари яратилди. Уларнинг орасидан энг яхшилари танлаб олинди.
Андижон азалдан бинокорлар, иморатсозлар юрти сифатида ном қозонган. Шу сабабли шаҳарда бунёдкорликка эътибор кучайгани учун мингдан ортиқ қурилиш ташкилотлари фаолият олиб борди. Уларнинг 11 таси давлат муассасаси бўлса, қолганлари хусусий қурилиш корхоналаридан иборат бўлди. Бу эса қурилиш соҳасида ижодий рақобатни юзага келтирди. Яна бир қиёс: агар “Ўзбекистон” кўчасида қурилган аксарият иншоотларнинг буюртмачиси, қурувчиси давлат ташкилотлари бўлган бўлса, ундан кейинги даврда қад ростлаган биноларнинг буюртмачиси ҳам, қурувчиси ҳам тадбиркорлардан иборат бўлди. Бу замонавий шаҳарсозликни миллий асосда яратишда халқимизнинг қудратли кучга эга эканлигини намоён қилди.
Натижада Бобур номидаги шоҳкўчада, “Истиқлол”, “Миллий тикланиш” кўчаларида юзлаб кўп қаватли турар жой бинолари қад ростлади. Булардан ташқари, Марказий деҳқон бозори, вилоят хўжалик суди, вилоят газ унитар корхонаси, Био-кимё заводи, Уй-жой комбинати, “Мумтоз”, “Холис” каби савдо ўқув марказлари, “Ҳамкорбанк”, “Туронбанк”, “Агробанк”, “Ипак йўли” банки, вилоят молия бошқармаси каби ташкилотларнинг бинолари ҳам замонавий шаҳарсозлик қиёфасига монанд қайта қурилди. Шу билан бирга, ушбу кўчаларда барча талабларга жавоб берадиган 17 та меҳмонхона, шодиёна ва тантаналар ўтадиган 27 та тўйхона, 20 та хусусий шифохона, фуқаролар йиғинларининг 20 та янги бинолари тикланди. Бу бинолар, иншоотлар қурилишида замонавий шаҳарсозлик билан бирга шарқона, миллий бунёдкорлик хусусиятлари — улуғворлик, кўркамлик, маҳобатли устунлар, турфа безаклар, ранглар уйғунлиги каби ҳолатларни ифодалашга алоҳида эътибор берилди. Бинолар олдида фавворалар, йўллар четида яшил хиёбонлар, гулзорлар яратиш андижонликларнинг ўзига хос удумларидан бирига айланди.
— Одамларнинг кўнглида, халқимизнинг дилида муҳташам уйлар, бинолар барпо этиш, яхши яшашга интилиш азалдан бор эди. Лекин бунга имкон берилмасди. Икки қаватли уй қурсангиз, иккинчи қавати бузиб ташланарди. Бир қаватли уйингиз муҳташам қилиб бунёд этилса, тегишли идораларга қатнаб сўроқ берардингиз, — дейди меъмор Рустам Иминов. — Энди эса бунёдкорликка, қурилишга кенг йўл очилди. Ким чиройли, гўзал қилиб бинолар, иншоотлар барпо этса, рағбатлантирилади. Тажрибаси кенг ёйилади. Замонавий ва миллий шаҳарсозлик намуналарини яратишда андижонликлар биринчи бўлдилар. Одатда, ҳар бир соҳада биринчи бўлишнинг ўзига хос мураккабликлари бор. Агар амалга ошираётган ишинг муваффақиятли кечса, яхши. Тажрибанг ўзини оқламаса, бундан ёмони бўлмайди. Не бахтки, андижонликларнинг замонавий ва миллий шаҳарсозлик барпо этиш борасидаги тажрибалари ниҳоятда муваффақиятли чиқди.
Замонавий шаҳарсозлик маданиятини шакллантиришда яна бир соҳага алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Бу шаҳарларимизда аҳолининг маданий дам олиш ва ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етишларига хизмат қиладиган кўнгилочар масканлар, спорт иншоотлари, маданий-маърифий муассасаларни бунёд қилиши билан боғлиқдир. Бу борада ҳам андижонликлар ибратли ишларни амалга оширмоқдалар. Кейинги йилларда шаҳарда 9 та маданият уйи, 28 та оммавий кутубхона, 2 музей, 3 та театр, 3 та мусиқа мактаби, 6 та маданият ва истироҳат боғлари фаолият юритмоқда. Аҳолининг, хусусан, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилган. Бу ерда 13 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 11 та сузиш ҳавзалари, 36 та теннис корти, 1 манеж ва 10 дан ошиқ бошқа спорт иншоотлари ишлаб турибди. Ана шулардан тенг ярми сўнгги 2-3 йил ичида барпо этилди. Айниқса, болаларнинг яйраб дам олишлари учун “Нодирабегим”, “Камолот” сингари болалар боғлари яратилдики, бу масканлар туну кун ёшлар хизматида. Шаҳарнинг бугунги қад ростлаган маънавият масканлари, соғломлаштириш марказлари тимсолида Андижонда замонавий шаҳарсозлик маданиятининг энг илғор анъаналари ўз ифодасини топмоқда.
— Шаҳарда замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида бунёдкорлик, қайта қуришнинг амалга оширилиши муносабати билан бу соҳадаги касб эгаларига бўлган талаб ҳам кучайди, — дейди Андижон индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи директори Равшаной Жўрабоева. — Коллежларда қурувчилик, ҳунармандлик, бинокорлик каби касбий йўналишлар пайдо бўлди. Бу йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Албатта, бугунги кунда тайёрланаётган бинокорлар, ҳунармандлар, усталар кечаги кун шу касб эгаларидан фарқ қилади. Негаки, ҳозирги кунда қурилаётган иншоотлар, бинолар ишга янгича ёндашишни, янгича муносабатни талаб этади. Тайёрлаётган кадрларимиз ана шу талабларга жавоб бера олади. Энг муҳими, коллежларимизни битириб чиқаётган ёшлар жойларда тўла равишда иш билан таъминланмоқда. Табиийки, бу ёш қурувчилар, бинокорлар келгусида янги, кўркам, гўзал шаҳарлар барпо этадиган етук меъморлар, ҳунармандлар, усталарга айланадилар. Зеро, ҳаёт талаби ҳам шундай!
Андижон шаҳри кечаси нурлар оғушида яна ҳам гўзал, ғаройиб тарзда намоён бўлади. Унинг бағрида тунда ҳам одамлар оқими, машиналар қатнови тинмайди. Дам олиш масканлари, оромгоҳлар шаҳарликлар билан гавжумлашади. Тунги чироқлар ёруғида қайта барпо этилган обод кўчалар, миллий меъморчиликнинг энг яхши анъаналари ва замонавий шаҳарсозликнинг ютуқлари асосида қад ростлаган янги бинолар, иншоотлар бор бўйи билан намоён бўлади. Шаҳарга сал тепароқдан назар солсангиз, бунёдкорлик, яратувчилик, кўркамлик тунда ҳам унинг бағрида гўё давом этаётгандек таассурот қолдиради. Табиийки, Андижон шаҳри келгусида янада кенгаяди. Янги даҳалар, мавзелар, майдонлар, хиёбонлар, кўчалар барпо қилинади. Зеро, шаҳарда қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш мақсадида 2032 йилга қадар шаҳарсозлик режалари ишлаб чиқилган.
Андижонликлар республикамизда деҳқончилик, саноат, автомобилсозлик ва бошқа соҳаларда ўз тажриба мактабларини яратиб келганлар. Эндиликда улар юртимизда замонавий шаҳарсозлик мактабининг ҳам асосчиларига айланмоқдалар. Президентимиз шунинг учун ҳам андижонликларнинг меҳнатига юксак баҳо бериб, “Кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўлиқ ҳабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин”, деб эътироф этган эди. Ҳа, Андижон бугун замонавий шаҳарсозлик кўрки билан мамлакатимизнинг янги шаҳарсозлик қиёфасини яратмоқда.
Ҳаёт давом этаверади. Халқимизнинг бунёдкорлик, яратувчилик руҳи ҳеч қачон сўнмайди. Аждодларимиз қадимда буюк тарих, ўлмас мерос яратганликлари каби бугунги авлодлар ҳам улуғвор ишлари билан келажакнинг мустаҳкам асосини барпо этмоқдалар. Бу, албатта, келгусида ўз исботини топади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бунёдкорлик — иш мезони
Яқинда матбуот нашрларидан бирининг бундан 30 йиллар илгари чоп этилган нусхаларини варақлаб ўтириб, бир танқидий мақолага кўзим тушиб қолди. Унда Андижон шаҳрининг кўчалари торлиги, ўнқир-чўнқир бўлиб ётгани, уларда тунги ёритқичлар йўқлиги, аҳолини ичимлик суви, газ билан таъминлаш тизими яхши ишламаслиги, маиший хизмат шохобчаларининг етарли эмаслиги, маданий дам олиш, спорт масканларининг камлиги каби масалалар хусусида танқидий фикрлар билдирилган экан.
Мақолада камчиликлар очиқ-ойдин кўрсатиб берилганди, лекин уларни бартараф этиш йўллари хусусида бир оғиз ҳам сўз йўқ эди. Эҳтимол, ўша пайтда ушбу танқидий мақоладан кейин шаҳарда баъзи камчиликлар бир қадар бартараф этилиб, йўллар тузатилиб, тунги ёритқичлар қўйилгандир. Гўёки йиртиқ ямалгандай иш қилингандир. Аммо... Агар мамлакатимиз мустақилликка эришмаганда, бугунги фарахбахш кунларга етиб келмаганимизда шаҳарда яна қанча йиллар юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш учун “йиртиқларни ямаш” билан банд бўлардик. Ваҳоланки, аҳолиси кундан-кунга ўсиб бораётган, уларнинг талаб ва эҳтиёжлари ошаётган, янги авлодлар эскича яшашни истамаётган пайтда айрим камчиликларни бартараф этиш билан шаҳар ҳаётини яхшилаб бўлмаслиги аниқ эди.
Шунинг учун Юртбошимизнинг саъй-ҳаракати билан республикамиз шаҳарларини замонавий ва миллий асосда тубдан қайта қуриш, таъмирлаш, бунёд этиш ишлари амалга оширилаётгани мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳамда обод, гўзал, кўркам шаҳарлар барпо этишда асосий омил бўлди. Андижонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида ҳам ана шундай эзгу ниятлар ифодасини топмоқда.
Бугун Андижон шаҳридаги даҳалар, мавзелар, майдонлар, хиёбонларни айлансангиз, улардаги яратувчилик, кўркамлик ва гўзалликдан дилингиз баҳра олади. Деярли ҳар бир кўчада катта қилиб ёзилган “Биздан обод ва озод Ватан қолсин” деган сўзларга кўзингиз тушади. Бу сўзлар андижонликларнинг кўнглидаги орзу-армонлар ифодаси эмас, балки уларнинг кундалик ҳаёти, фаолияти мазмунига, иш мезонига айланган. Эндиликда шаҳарнинг марказида бошланган бунёдкорлик ишлари унинг барча нуқталарида давом этмоқда. Андижон давлат университетининг янги биноси ҳам замонавий меъморчиликнинг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Бу олий ўқув юртида талабаларнинг етук билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Келгусида унинг барча ўқув бинолари ана шундай тарҳ асосида муҳташам кўринишда яратилади. Ёхуд шаҳардаги энг кенжа олий ўқув юртларидан бири — Андижон машинасозлик институти мамлакатимизнинг автомобилсозлик саноати учун етук кадрлар тайёрлаб берадиган илм даргоҳи ҳисобланади. Унинг аудиторияларида ўқиш халқаро талаблар даражасида олиб борилмоқда. Бугунги кунда шаҳарда 28 та касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар фаолият юритмоқда. Қувончли томони шундаки, бу коллежлар ва академик лицейлар биноларининг барчаси энг сўнгги ютуқлар асосида муҳташам тарзда бунёд қилинган. Ёшлар эса шаҳарда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг бевосита гувоҳи, иштирокчисига айланмоқдалар. Улар Андижоннинг келгусида янада гўзал ва обод шаҳарга айланишига ишонадилар.
Шоҳида ВАЛИЕВА,
халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Элликқалъа туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчилик ишларида ҳам намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг сал кам беш ярим аср илгари битган чўнг мазмунли фалсафий фикрларида нафақат ўз даври шоҳлари, султонлари, б...
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ўз иқтидорини намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ва рағбатлантиришга катта эътибо...