Электротехника саноати депутатлар диққат марказида

/
Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноатни модернизациялаштиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, электротехника соҳасининг дунё иқтисодиётида шиддат билан ривожланаётган йўналишлари амалиётга татбиқ этилиши даромади ортиб бораётган ва натижада истеъмол талаби кенгайиб бораётган халқимизнинг замонавий маиший техникага бўлган эҳтиёжи асосан ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳисобига қондирилишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда электротехника саноатининг ривожланиши: ҳолати ва истиқболлари” мавзусида ўтказилган конференцияда шу ҳақда сўз борди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар вакиллари, “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида электротехника саноатининг вужудга келиши ва шаклланиш босқичлари, тармоқнинг бугунги кундаги ҳолати ва муаммолари ҳамда электротехника саноатини ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда электротехника соҳасида ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида замонавий маиший техника, жумладан, телевизор, кир ювиш машиналари, электр печь ва плиталар, светодиод лампалар ва турли хил ёритқичлар, шунингдек, кондиционер, совуткич ва газ плиталарининг янги моделлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Хусусан, бугунги кунда “Ўзэлтехсаноат” АК тизимида 50 га яқин корхоналарда турли йўналишларда, яъни кабель, электротехника, маиший техника каби 27 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
— Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 25 йиллик шодиёналари олдидан ўтган даврга назар ташлаган ҳар бир инсон истиқлол йилларида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли даромадларини янада кўпайтириш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасини ўз ҳаёти, турмуш тарзидаги ўзгаришлар, янгиланишлар мисолида ҳис қилиб яшамоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ёрмамат Холияров. — Бугун ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилларга эга бўлиб, 47 фоиз оила шахсий компьютерлар билан таъминланган. Шунингдек, ҳар 100 та оиладан 31 таси кондиционерга эга, ҳар 100 та оилага эса 234 та мобиль телефон тўғри келаяпти. Бу тўкинчиликларга ўз-ўзидан эришилмади, албатта. Ваҳоланки, бундан чорак аср муқаддам, собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда фақат хомашё етказиб беришга асосланган бирёқлама иқтисодий сиёсат юритилиши оқибатида катта бойликлар, ишлаб чиқариш ва фан-техника имкониятларига эга бўла туриб, республикамиз асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича охирги ўринларда турганини биз, катта ёшлилар жуда яхши эслаймиз. Ишлаб чиқариш — бу бунёд этиш, яратиш демакдир. Бошқача айтганда, ақл-заковат, меҳнат ва тажрибани ишга солиб, зарур хомашёни қайта ишлаш саноатнинг муҳим қисми десак, янглишмасак керак. Бундан 30-40 йиллар аввал Ўзбекистонда автомобиль, телевизор ёки музлатгич у ёқда турсин, телефон ишлаб чиқарилишини тасаввур қила олмасдик. Бугун эса электротехника саноати республикада жадал ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Чунончи, 2005 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 80 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 1 триллион 300 миллиард сўмни ташкил этди. Маиший техника маҳсулотларининг улуши 2005 йилда 3,7 фоиз бўлган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 29 фоизга етди. Бу рақам ва кўрсаткичлар тармоқда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Тадбирда электротехника саноатини ривожлантиришнинг истиқболлари хусусида ҳам фикр юритилди. Сўзга чиққан мутахассислар тармоқни ривожлантириш дастури асосида 2030 йилгача соҳада 1 миллиард АҚШ долларига яқин сармоя ўзлаштирилиб, 22 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши, шунингдек, барча корхоналарни модернизациялаш ҳисобига маҳсулот тайёрлаш ҳажми 5,1 баробарга ортиши кутилаётганини қайд этишди. Шунингдек, юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни аниқлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида ҳали фойдаланилмаётган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
— “Ўзэлтехсаноат” АК томонидан 2016-2019 йиллар давомида ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ва қишлоққа саноатни олиб киришни жадаллаштиришга қаратилган қиймати 295 миллион АҚШ доллари бўлган 95 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган, — дейди “Ўзэлтехсаноат” АК бошқаруви раиси ўринбосари Жаҳонгир Исмоилов. — Мазкур лойиҳаларни татбиқ этиш натижасида 5 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган. Кези келганда таъкидлаш лозим, компаниямиз томонидан электротехника саноатини ташкил этишга доир қонунчилик базаси ва тармоқ учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, тармоққа замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этишни жадаллаштиришга эришиш борасида саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Тадбир доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари собиқ Мотор заводи негизида бунёд этилган Artel ва Samsung брендлари остида маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ва маркетинг марказига ташриф буюриб, марказ фаолияти билан яқиндан танишишди.
Конференция якунлари бўйича республикада электротехника саноатини янада ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Шифокорларнинг узлуксиз таълим олиши учун қандай имконият ва имтиёзлар берилмоқда?...
01 янв 1970
Навоий мамлакатимизнинг саноати юксак тараққий этган вилоятларидан бири саналади....