Мустақиллик беқиёс имкониятлар эшикларини очиб берди

/
Холиджон КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Кўпни кўрган, ҳалол меҳнати, эришган марралари билан эл-юрт ўртасида юксак ҳурматга сазовор, Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтиришга ҳисса қўшган инсонлар билан руҳан, маънан ва фикран тайёргарликсиз суҳбатлашиб бўлмайди. Ҳатто жиддий ҳозирлик кўрсангиз ҳам, салобат босиб, сўзлар, фикрларда адашиб, чалғиб кетишингиз турган гап.
Ўзбекистон Қаҳрамони, энг олий нишон — “Олтин юлдуз” медали, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, тиббиёт фанлари доктори, профессор, партиямиз фаоли Холиджон Комилов билан суҳбатимиз аввалида ана шундай ҳаяжон оғушида эдик. Аммо минглаб шогирдларнинг қадрли устози, кўплаб илмий ишларга бош-қош бўлаётган бу инсондаги самимият, камтарлик, бағрикенглик кишини бироз енгил торттирди. Қаҳрамонимиз билан суҳбат қисқа, аммо сермазмун бўлди.

— Холиджон Махамаджанович, мамлакатимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганлигининг 25 йиллигига оз фурсат қолди. Шундай улуғ кунларда қандай ўйлар хаёлингиздан ўтаяпти?
— Ҳақиқатан ҳам, 25 йил аввал давлатимизда Мустақиллик эълон қилингач, ўтган давр мобайнида истиқлол шарофати билан мустабид тузум даврида топталган миллий давлатчилигимиз, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклашга муваффақ бўлдик, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар эшиклари очиб берилди. Бугун қай гўшага борманг, ким билан суҳбатлашманг, ҳамманинг қалбида шукроналик, бахтиёрлик ҳисси ҳукмронлик қилаётганига гувоҳ бўласиз.
Мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётган, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётган, “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиямиз бутун дунё ҳамжамияти томонидан юксак қизиқиш билан ўрганилаётган, эртанги кунимизнинг суянчи, таянчи ҳисобланмиш ёшларимиз спорт, санъат, илм-фан чўққиларини эгаллаш борасида улкан мувафаққиятларга эришаётган бугунги дориломон кунларда яшаш насиб айлаганидан бахтиёрлик ҳиссини туймасдан бўладими?
Жаҳонда юз бераётган хунрезликлар, қирғинбарот урушлар оқибатида ҳар бир давлатга хавф-хатар, таҳдид кучайиб бораётган, давлат ва жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш масаласи долзарблигича қолаётган айни замонда жаҳоннинг нуфузли тадқиқот марказларидан бири Legatum Institute таҳлил маркази томонидан эълон қилинган дунёнинг 2014 йилда энг тинч ва фаровон мамлакатлари рейтингида 150 га яқин давлат орасида Ўзбекистон 57-ўринда қайд этилгани ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғусини янада кучайтиради.
Асосийси, Мустақиллик туфайли одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгаргани, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси кучайганини алоҳида таъкидламасдан бўлмайди.
— Президентимиз деярли барча нутқларида ҳар биримизни тинчлик, Мустақилликни қадрлашга чорлаш баробарида аввал ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага яна қандай юксак марраларни эгаллаш ҳақида ўйлашга ундайди. Айтинг-чи, салкам ярим асрдан буён меҳнат қилиб келаётган тажрибали офтальмолог-шифокор сифатида шахсан ўзингиз офтальмология соҳасида қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаяпсиз?
— Аввало шу кунга қадар жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида бўлган шифокор сифатида юксак фахр ва қатъий ишонч билан айта оламан, ҳеч бир юртда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар тани сиҳатлигини асраш масаласига бизнинг мамлакатимиздагидек эътиборни кўрмадим.
Айнан истиқлол йилларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг ишончли ва замонавий тизими яратилиб, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари, ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар ташкил этилди. Чекка-чекка ҳудудларимизда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, малакали мутахассислар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари, скрининг ва перинатал марказларининг ташкил этилиши билан олис қишлоқларда истиқомат қилувчи ҳамюртларимизнинг шифокор кўригига узоқ йўл босиб келиши, вақт ва маблағ сарфлаш муаммоси бартараф этилди.
Офтальмология соҳасига келсак, 2007 йилда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази, вилоятларда кўз шифохоналари, қолаверса, хусусий кўз касалликлари клиникаларига асос солиниши Ўзбекистоннинг ўзига хос офтальмология мактаби яратилишига хизмат қилди. Бугунги кунга келиб соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, таъминланган моддий-техник база ва мутахассислар малакаси бўйича жаҳоннинг исталган мамлакати билан бемалол рақобатлаша оламиз. Хусусан, эндиликда кўз микрохирургияси йўналишида катаракта, глаукома, тўр парданинг кўчиши ҳамда қовоқ соҳаси билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини жорий этиш, кўрув аъзоларини такомиллаштириш, ҳайвонлардан олинган тўқималарни кўз касалликларини даволашда ишлатиш, янги дори-дармонларни қўллаш бўйича натижалар таҳлилини юритиш борасида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда.
Даволашнинг янгидан-янги усуллари жорий этилиши натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қамрови, сифати ва тезлиги ортди. Мисол учун, ўтган асрнинг 80-йилларида катаракта жарроҳлик амалиёти ўтказилиш жараёнида кўзнинг кесилган жойига 5-6 та чок тушириларди, кейин кўзга сунъий гавҳар ўрнатилиши беморнинг истагига кўра қилинарди. Бу каби мураккаб операциядан сўнг бемор шифохонада ҳафталаб қолишига тўғри келарди. Ҳозир эса вазият буткул ўзгарган. Биринчидан, бундай турдаги жарроҳлик амалиёти чоксиз амалга оширилиб, сунъий гавҳар қийинчиликсиз ўрнатилаётир. Иккинчидан, операциядан кейин бемор эртаси куниёқ уйига кетиши мумкин ва кўзойнак тақишига эҳтиёж қолмайди. Бунга ўхшаш мисоллар талайгина.
Яна бир муҳим ислоҳот ҳақида тўхталмоқчиман. Ҳар қандай соҳа ривожида унда фаолият юритаётган кадрлар, мутахассисларнинг билим ва малака даражаси муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда офтальмолог-шифокорларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида жорий этилган механизмлар соҳа вакилларининг ўз устида ишлаши, изланиши, замон талабига мос равишда фаолият юритишини таъминлашга имкон бермоқда. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги Офтальмология кафедраси, Республика кўз касалликлари шифохонаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг тажрибали, юксак маҳоратли мутахассислари республикада фаолият юритаётган офтальмологлар ҳар 5 йилда икки ойлик малака ошириш курсларида билим ва тажрибаларини оширишлари учун шароит яратиб бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, аввалги офтальмология соҳасининг ҳолати билан бугунги кунда соҳадаги ютуқлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Камина доимо шогирдларим, ёш ҳамкасбларимга бугунги кундаги шароитлар, имкониятларнинг қадрига етишни, шундай дориломон кунларгача етиб келишнинг ўзи осон бўлмаганини кўп бора таъкидлайман.
— Энг улуғ айём муносабати билан юртдошларимизга тилакларингиз.
— Юртимиз доимо тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз соғ-саломат бўлиб, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Суҳбатдош: Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда....
01 янв 1970
Арзонлаштирилган уйлар қурилмоқда.
01 янв 1970
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг сал кам беш ярим аср илгари битган чўнг мазмунли фалсафий фикрларида нафақат ўз даври шоҳлари, султонлари, б...
01 янв 1970
“Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси — муқаддас зиёратгоҳ.