Сифатли тиббий хизмат — соғлом ҳаёт омили

/
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, ҳаёт тарзимиз, турмуш даражамиз тобора юксалаётганида, эришаётган муваффақиятларимиз дунё ҳамжамиятида муносиб эътироф этилаётганида яққол намоён бўлмоқда.
Хусусан, мустабид тузум даврида оғир муаммолар гирдобида қолган тиббиёт соҳасида ҳам туб бурилиш ва сифат ўзгаришлари рўй бериб, бу борада амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар аҳолининг соғлом турмуш кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадлар рўёбига замин яратди.
Дарҳақиқат, мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда Давлат дастури амалиётга татбиқ этилди. Сўнгра, унинг мантиқий давоми сифатида бир қанча умуммиллий дастур ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий моделига асос солинди.
Албатта, бундай ютуқларни 20-25 йил аввал тасаввурга сиғдириш қийин эди. Ўша даврнинг гувоҳи бўлган кишилар тиббиёт пунктларининг аччиқ хлор ҳиди анқиб ётган хоналарию кўримсизгина, пастки қисми кўк бўёқ билан бўяб қўйилган тор палаталарни, ғичирлаган сим каравотлар, эски-туски тўшакларга ўраниб олган беморларнинг тушкун қиёфаларини ёмон тушдек эсласалар, ажаб эмас.
Ҳатто эндигина дунёга келган чақалоқларни парваришлашда ҳам номақбул ёндашувлар мавжуд эди. Яъни, бола туғилган заҳотиёқ онасидан ажратилар, натижада гўдакларда турли нуқсонлар пайдо бўлиш ҳоллари ҳам кузатиларди. Ёки пахта яккаҳокимлиги туфайли республикамизда экологик вазият кескинлашуви оқибатида қанча болалар майиб-мажруҳ туғилгани, қанчаси бедаво дардларга мубтало бўлганини халқимиз яхши билади. Айтайлик, ўша пайтларда ғўза баргини тўкишда қўлланилган заҳарли кимёвий модда — бутифос аҳоли саломатлигига жуда жиддий салбий таъсир кўрсатган.
Бугун мамлакатимиздаги ҳолат тамоман бошқача. Сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи вужудга келди. Айниқса, соҳада бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими шакллангани, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникаларда аҳолига юқори сифатли тиббий хизматнинг йўлга қўйилгани қувонарли.
Ёки ўта нозик ва қийин жарроҳлик амалиётларининг нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли бажарилаётгани соҳа моддий-техник базаси ва тиббий кадрлар салоҳияти давр билан мутаносиб равишда такомиллашиб бораётганини кўрсатади. Жумладан, айни пайтда Наманган ва Урганч шаҳарларида юрак клапанларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак касалликларини операция қилиш, электр кардиостимулятор имплантацияси, эхокардиография каби даволашнинг янги усулларидан кенг фойдаланилмоқда. Нукус, Қарши, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Жиззах шаҳарларида эса юрак ҳолатини узлуксиз мониторинг қилиб бориш амалиёти самарали ўтказилмоқда.
Табиийки, бу — мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган улкан ишларнинг бир қисми, холос. Бунга қўшимча қилиб айтсак, тиббиётнинг урология, офтальмология, хирургия, травматология ва ортопедия, онкология, стоматология, эндокринология каби йўналишларида диагностика ва даволашнинг мутлақо янги усул ҳамда услубларини жорий этаётган мутахассисларимиз ҳам борки, очиғи, улар эришаётган муваффақиятлар чиндан-да ҳайратланарли.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш, соғлом бола туғилиши, жисмонан ҳамда маънан соғлом авлодни вояга етказишга устувор аҳамият берилаётгани яна бир эътиборли жиҳатдир. Хусусан, “Соғлом она — соғлом бола” дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий марказлари ташкил этилди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, соғлом фарзандлар туғилиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд махсус поливитаминлар билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундай тажриба жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамаслигини халқаро экспертлар фикрлари ҳам яққол тасдиқлайди.
Ўтган йили Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 60 ўринли болалар хирургия бўлими, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида даволаш корпуси каби ўнлаб шифохоналар тубдан реконструкция қилингани ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг изчиллигидан далолат беради. Энг муҳими, бунёд этилаётган замонавий даволаш муассасаларида ноёб технологиялар орқали юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга қодир мутахассислар тайёрлаш тизими ҳам мувофиқлаштирилаётгани диққатга сазовор.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, фуқаролар саломатлигини асраш, уларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўлами кенгайиб бораётгани оилаларда соғлом муҳит ва фаровон турмушнинг қарор топиши, оналар ва болаларнинг бахтиёр ҳаёт кечириши, мўътабар кексаларимизнинг миннатдорлик ҳамда шукроналик ҳисси билан умргузаронлик қилишида муҳим омил бўлмоқда.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биз Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиевга мурожаат этдик....
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Айни пайтда солиқ, коммунал соҳа, божхона, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ахборот тизимлари кенг жорий этилган....
01 янв 1970
Эрталаб ўғлим: “Ойи, бугун тушимда мазза қилиб қизил олма едим, ишдан қайтишингизда шунақасидан олиб келинг, илтимос,” деб қолди. ...