Президент ишончига муносиб бўламиз

/
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарси” Фарғона вилояти таълим муассасаларида ҳам юксак савияда ўтказилди.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни қарамликдан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, дунёда “Ўзбек модели” деб кенг эътироф этилган тараққиёт йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди.
Халқимиз тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Биргина Фарғона вилоятида ўтган йилларда 13 мактаб янгидан қурилди, 276 умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилинди, 600 дан ортиғи капитал ва жорий таъмирланди. Кўплаб замонавий ва муҳташам спорт мажмуалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари бунёд этилди.
Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 1-синфдан бошлаб чет тили ўргатила бошланди. Бунинг учун 2 мингдан зиёд синф хоналари замонавий таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг байрам қилиниши, уларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш ва меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилаётган доимий ғамхўрлик мактабни чин маънода билим ва маънавият масканига айлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Фарғона шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Хотира дарси”да Президент Ислом Каримовнинг Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлиги йўлида кўрсатган фидойилиги ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги буюк хизматлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Буюк давлат арбобининг фаолияти ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.
– Халқимизнинг истиқлол йилларида эришган барча ютуқ ва марралари мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан боғлиқ, – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфуза Умрзоқова. – Бу улуғ инсоннинг мустақил Ўзбекистон тарихида тутган ўрни ҳақида ёшларга кенг тушунча бериш, порлоқ хотираси олдида таъзим бажо келтириш бурчимиздир.
Мамлакатимиз, бутун халқимиз доно Йўлбошчисини йўқотганидан чуқур қайғуда. Айниқса, ёшларимиз давлатимиз раҳбарининг ўзларига кўрсатган оталарча меҳрибонлиги ва ғамхўрлигини миннатдорлик билан ёдга олмоқда.
– Президентимизнинг ёрқин сиймоси бир умр қалбларимизда яшайди, –дейди 9-синф ўқувчиси Моҳларой Аҳмаджонова. – Юртбошимиз ёшларнинг бахту камоли йўлида керак бўлса жонини ҳам қурбон қилишга тайёр бўлганини “Хотира дарси”да янада чуқур англадик. Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Ўқишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз учун барча шароитлар муҳайё. Биз Президентимиз билдирган юксак ишончга муносиб бўлиш, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилишга ваъда берамиз.
М.СУЛАЙМОНОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда ...
01 янв 1970
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!...
01 янв 1970
Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” республика спорт мусобақалари ...
01 янв 1970
Сафдошимиз мазкур танловда “Ижтимоий шериклик мавзуси энг яхши ёритилган материал учун” номинацияси ғолиби бўлди....