Тил ҳаётнинг жон булоғидир

/
Она тили қадим-қадимдан, улуғ аждодлардан бизга етиб келган беназир хазинадир. Ҳар қандай тилда у мансуб бўлган халқнинг маънавияти, руҳий олами, ақл-идроки, инсоний фазилатлари ўз ифодасини топади. Дунёда турли миллат ва элатларга тегишли уч мингдан ортиқ тил бор, уларнинг ҳаммасини ўзлаштириш қийин. Аммо тилнинг мўъжизавий қудрати шундаки, киши ўзи учун мутлақо бегона халқ тилидаги сўзлашувни эшитар, қўшиғини тинглар ёки бирор урф-одатига гувоҳ бўлар экан, шу миллат ёки элат ҳақида маълум тасаввурга ҳам эга бўлади.
Сўз тирик жон янглиғ илоҳий неъмат, унга ёлғон, макр, фисқу фасод аралашса, жозиба ва латофатини йўқотади. Инсонни унинг назокатли лутфи, сўзлаш ва тинглаш одоби, фикрлаш тарзи орқали билса бўлади. Чунки сўз фикрга айланиб, беқиёс таъсир кучига эга бўлади. Улуғ алломалар: “Таъсирли сўз ҳаётнинг жон булоғидир. Фикрлаётган одам яшашда давом этади. Фикрлашдан тўхтаган одамнинг маънавий умри тўхтайди, энди у фақат мавжуд бўлиб қолади”, деб бежиз айтишмаган. Бунинг боиси, фикр инсонни ҳаракатда, жамиятни ривожланиш ҳолатида ушлаб туради. Фикрлар хилма-хиллиги, баҳс-мунозара ҳаётни тараққиёт сари йўналтиради.
Ёқимли ва мукаммал нутқ инсон учун муҳим фазилатдир. Яхши сўз, яхши хабар дилни қувончга тўлдиради, юрагига малҳамдек таъсир қилади. Шу боисдан ҳам халқимизда тилга эътибор бериш, ҳар бир сўз, ҳар иборани ўйлаб гапириш, қисқа сўзлаш, муомала одоби ва маданиятига қатъий риоя қилиш хусусида кўплаб ҳикматлар мавжуд. Бир сўз билан “илон инидан, қилич қинидан чиқиши мумкин”.
Кайковуснинг “Қобуснома” асарида нутқ ва муомала одобига алоҳида эътибор берилган. Асарнинг еттинчи бобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Эй фарзанд, токи қила олсанг (қўлингдан келса), сўз эшитмакдин қочмағилким, киши сўз эшитмак била сухангўйлик ҳосил қилур... Ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир қисмидур. Ҳар кишига сўз айтар бўлсанг, қарағил, у сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, шундоқ сўз дегилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин”.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик” асарида тил одоби, яъни ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти, қисқа ва мазмунли сўзлаш, тилга ортиқча эрк бермаслик хусусида қуйидагилар баён қилинади: “Тил ақл ва билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита (унинг) очиқ ва мазмундор тилидир... Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил арслондир, қара, у сени доим эшикда пойлаб ётади. Эй мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эркинлик берсанг – ўйламасдан сўзласанг – у бир кун эмас, бир куни ўз бошингни ейди....”.
Абу Райҳон Берунийнинг фикрича, тил — сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимондир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ҳам айни ҳақиқат: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
“Садои Фарғона” газетасининг 1914 йилги 3-сонида чоп этилган Ашурали Зоҳидийнинг “Она тили” мақоласида қуйидагиларни ўқиймиз: “...ғазета ва журналларнинг дунё аҳволидан ва бошқа тўғриларидан халқға хабар бериб турмоғидан бошқа улуғ ва кўзга кўринмайдургон бир фойдаси бўлурки, ул она тилининг кенгаймоғи ва мукаммаллашмоғидур”. Юқорида келтирилган фикрлардан кўриниб турибдики, тилнинг мукаммаллиги, она тилини чуқур ўзлаштириш ва уни асраб-авайлаш жамиятнинг маънавий пойдевори нечоғли мустаҳкамлигини кўрсатувчи кўзгудир.
Она тилимиз, ундаги ноёб сўз ва иборалар, ҳикматлар, мақол ва маталлар асрлар давомида жуда катта ҳаётий тажриба асосида шаклланган, тўпланган ва сайқал топган бўлиб, бу беқиёс хазина, биз, биздан кейинги авлодлар учун ҳам ноёб мерос ҳисобланади. Бу хазинадан баҳраманд бўлган буюк аждодларимиз ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мутафаккирлар дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшдилар, айни чоғда, ўзларининг буюк асарлари, илм-маърифатлари билан бу хазинани янада бойитиб, мақомини баланд кўтардилар. Шу боисдан ҳам, тилга эътибор, уни миллий бойлик сифатида севиб-ардоқлаш, бойитиш, келажак наслларга бус-бутун етказиш бизнинг аждодлар руҳи олдидаги маънавий бурчимиз ҳисобланади. Бу бурчни унутиш қандай маънавий фожеаларга олиб келиши мумкинлигига тарихда мисоллар кўп. Тил шундай бир боғки, ундаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир ғунчанинг ўз ўрни бор, бордию улардан бири эътиборсиз, парваришсиз қолса, боғнинг кўрки бузилади, таровати сусаяди. Шу маънода, тилни бугунги кунни олис ўтмиш билан боғловчи маънавий кўприкка қиёслаш мумкин. Бу кўприк бизни эзгу амалларга, инсоний комилликка даъват этади. “Тилини асраган эл бой бўлади, уни йўқотган эл эса йўлидан, ўзлигидан адашади” деганларидек, тил бойлигимизни ўзлигимизни йўқотмаслик учун ҳам асрашимиз лозим.
Собиқ тузум шароитида тилимиз ҳар жиҳатдан таназзулга юз тутди. Она тилига эътибор сусайди, неча асрлар давомида халқимизга маънавий ҳамроҳ бўлиб келган ўзбек тили асоссиз камситилди. 1989 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Олий Кенгаш сессиясида мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб расман эълон қилинди. Мустақилликка эришганимиздан кейин, 1992 йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эса давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб қўйилди, яъни ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси каби муқаддас тимсоллардан бирига айланди.
Бу, шубҳасиз, катта ғалаба эди. Аммо тилимизнинг мавқеини кўтариш, узоқ йиллар давомида унга етказилган маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш осон бўлгани йўқ. Бу борада кейинги йигирма беш йил ичида жуда муҳим ишлар қилинди, ўзбек тилининг қадди-басти, нуфузи тикланди, илмий-тадқиқот ишлари, ёзишмалар ўзбек тилида олиб бориладиган бўлди. Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқув дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бироқ, бу жараён асло тўхтаб қолмаслиги керак. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов сўзлари билан айтганда, “Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиши доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш, бир сўз билан айтганда, ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз”.
Бу вазифани бажариш учун амалга оширилаётган ишларнинг салмоғи тобора ошаётгани, ўзбек тилига, тарихимиз ва маданиятимизга, истиқлол йилларида халқимиз эришган ютуқларга қизиқиш дунё миқёсида кучайиб бораётгани, “ўзбек модели”, ўзбек кураши билан боғлиқ иборалар жаҳон халқлари тилида янграётгани ғоят қувонарлидир. Кейинги йилларда тилшунос олимларимиз билан биргаликда ижодкор зиёлилар ҳам тилимиз нуфузи ҳақида қайғуриб, ибратга молик ишлар қилмоқдалар. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг чоққина “Сўз сеҳри” рисоласи тилшунослар учун ҳам, тилимизни ўрганувчилар учун ҳам муҳим қўлланма бўлди. Физика-математика фанлари доктори, профессор Абдулла Аъзамов тилимиздаги биргина “феъл” устида изланиш олиб бориб, ҳозирча оғзаки сўзлашувда, ёзма ижодиётда қўлланиладиган ўттиз мингдан ортиқ феъл сўзларни тўплагани, аслида ўзбек тилида феъллар сони юз минга яқинлигини исботлагани ғоят қувонарлидир. Жорий йилда Биринчи Президентимиз фармонига кўра, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши эса маънавий ҳаётимиздаги энг улуғ воқеалардан бири бўлди. Янги олий ўқув юрти устоз ва талабалари тилимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадилар, деган умиддамиз.
Бундай ютуқларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ, эътироф этиш керакки, давлат тилини қўллаш, уни янада ривожлантириш борасида муаммолар ҳам йўқ эмас. Ёзувда имло қоидаларига тўла амал қилмаслик, сўзлашувда турли тилларга оид терминларнинг қоришиб кетиши, телевидение ва радиода сўз ва ибораларни нотўғри, ўринсиз ишлатиш, талаффуздаги нуқсонлар, айниқса, кўча рекламасидаги чалкашликлар матбуотда, турли йиғинларда тинимсиз танқид қилинаётганига қарамай, бу нуқсонлар, таассуфки, барҳам топаётгани йўқ. Дунёда ўзбек тилини ўрганишга эътибор кучайган бир пайтда ўзимиз хато қилиб турсак, метро вагонларидаги ғайритабиий рекламаларни кўриб кўрмаганликка олсак, яхши бўлмас. Демакки, тил илмимизни такомиллаштириш борасидаги ишларимиз бундан буён ҳам диққат-эътиборимизда бўлмоғи даркор.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
ЎзМУ доценти

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кейинги йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатимиз равнақ топишига хизмат қиладиган кўплаб қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурлари ...
01 янв 1970
Яқинда пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. ...
01 янв 1970
Азиз ўқувчи, газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб янги рукнимиз остида ҳафта давомида одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлган, эл орасида энг кўп му...
01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...