Шавкатли миллий армиямиз ривожи йўлида

/
Тинчликнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, осойишта юртдагина тараққиёт бардавомдир.
Мамлакатимиз Қуролли Кучларига асос солиниши билан боғлиқ тарихий жараён хаёлдан ўтганда, албатта, ҳуқуқни — мустақилликни, демакки, ўз йўлимизни ўзимиз танлаш ҳуқуқини асраш, ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этишга тайёр туриш учун қудратли миллий армияга эга бўлиш заруратини 25 йил муқаддам ҳаётнинг ўзи олдимизга қўйганини яхши англаймиз. Шу маънода олиб қараганда, миллий армиямизни барпо қилиш масаласига давлат қурилишининг ғоят муҳим, узвий бир қисми сифатида қаралди.

Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнида энг жиддий муаммолардан бири — бу кадрлар масаласи эди. Мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида ҳарбий таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга киришилди. Бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда ҳарбий хизматга салоҳияти етарли, аҳди қатъий, шижоатли, мард ва жасур Ватан ҳимоячилари тайёрлаш ишлари юқори босқичга кўтарилди.
1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ташкил этилди. Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу даргоҳ зиммасига малакали офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, қолаверса, ҳарбий соҳадаги илмий-амалий тадқиқот ҳамда ишланмаларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш вазифаси юклатилди. Бу, албатта, истиқлол берган улкан имкониятдир.
Миллий армиямизни профессионал асосга ўтказиш жараёнида офицерлар ва аскарлар таркиби ўртасида нафақат боғловчи бўғин, балки том маънода армиямизнинг таянч устуни, офицерларнинг ишончли ёрдамчилари, ҳар қандай вазиятда ҳам ташаббускор ҳамда самарали қарорлар қабул қилишга қодир бўлган сержантларнинг янги авлодини тайёрлаш ва тарбиялаш мақсадида уларнинг тайёргарлик даражасини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилган бундай ишлар миллий армиямиз мудофаа салоҳияти юксалишида, халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини таъминлашда, она юртга садоқат билан хизмат қиладиган авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этаяпти.
Жаҳон миқёсида вазият тез ўзгариб, дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол тобора кескин тус олаётгани, турли қарама-қаршиликлар, можаро ҳамда қон тўкишлар кучайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани бизда чуқур ташвиш ҳамда хавотир туйғусини уйғотмасдан қолмайди, албатта. Юзага келаётган ана шундай мураккаб ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият барчамиздан юқори даражадаги огоҳликни сақлаш ҳамда доимий тайёргарлик ҳолатида бўлишни, қисқача айтганда, Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар қобилиятини ҳар томонлама мустаҳкамлашни талаб этади.
Буларни инобатга олиб мамлакатимизнинг ҳудудларида ҳарбий округлар тузилди, давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлашнинг замонавий талабларга жавоб берадиган тизими шакллантирилди, ҳарбий операциялар амалга ошириладиган энг муҳим йўналишларда ҳаракатчан, яхши таъминланган бўлинмалар ташкил этилиб, етарли самара бермайдиган тузилмалар тугатилди.
Замонавий талабларни, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучларнинг ташкилий-штат тузилиши принципиал жиҳатдан ўзгартирилди, тезкор-стратегик бошқарув, оператив тайёргарлик ҳамда қўшинларни жанговар қўллашнинг ҳақиқий марказига айланган самарали бошқариш тизими яратилди.
Ўтган йигирма беш йил мобайнида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, ҳар томонлама яхши таъминланган, жанговар қобилият ҳамда тайёргарликка эга миллий армиямиз шакллантирилди. Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ва бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди. Армия сафларида Ватан учун хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг ғуруру ифтихорига айланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигини нишонлаш ҳамда давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни, Қуролли Кучлар фахрийларини ва хизматчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида қабул қилган махсус фармон ҳам, албатта, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган ҳарбий хизматчиларга бўлган юксак эътибор ифодасидир.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Уч йил давомида амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг ўзагини айнан жамият ва давлат ҳаётида адолат тамойилини жорий этиш ташкил этмоқда....
01 янв 1970
Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов бошчилигида вилоят фаоллари қарши олди....
01 янв 1970
21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун...