Бунёдкорлар туҳфаси

/
Бунёдкорлик иштиёқи, она Ватанимизни янада обод этиш истаги билан тинч-осуда ҳаёт кечираётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва қувонч бағишлайди. Айниқса, қиш бошлангандан бери тез-тез шаҳар ва қишлоқларимизни оппоқ қорга буркаётган табиатнинг тантилигидан барча хушнуд.
Юртимизда ҳар бир байрам арафасида шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб янги бинолар — ишлаб чиқариш ва маданий-маиший бинолар, турар жойларнинг фойдаланишга топширилиши эзгу анъанага айланган. Янги йил байрами кунларида чортоқлик шифокорлар ҳаётида ҳам ана шундай қувончли воқеа бўлди. “Меҳнат нури” хусусий корхонасининг бунёдкорлари туман тиббиёт бирлашмасининг бинолари мажмуасини капитал таъмирлаш ишларини ниҳоясига етказдилар. Бу билан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан яна бири самарали ижро этилди.
Фойдаланишга топширилган мазкур мажмуада аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун янги имкониятлар яратилди. Эндиликда беморлар кенг ва ёруғ хоналарда муолажа оладилар. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида кўплаб янги тиббий ускуналар ҳам келтирилган. Улар орасида УЗИ аппарати, гастрофиброскоп, кардиомонитор, хирурглар ва умумий амалиёт врачлари учун зарур ашёлар мажмуалари, лаборатория жиҳозлари бор. Палаталар, ошхона ва бошқа ёрдамчи бинолар янги мебель тўпламлари билан жиҳозлангани ҳам барчани қувонтирди.
— Жамоамизни қувонтирган яна бир жиҳат шундаки, касалхонамизнинг шошилинч ёрдам бўлимига янги “Ниссан” реаномобили тақдим этилди, — дейди халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, тиббиёт бирлашмаси қошидаги марказий шифохона врачи Баҳромжон Ҳайитбоев. — Бу олис қишлоқлар аҳолисига ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини оширишда ёрдам беради. Чунки мазкур машина оғир аҳволдаги беморларни касалхонага келтириш ва ташишда жуда катта афзалликларга эга. Йўлдаёқ зарур тиббий ёрдам кўрсатишни бошлаб юборса бўлади. Реаномобиль ана шунга имкон берувчи ускуналар билан жиҳозланган.
Шунингдек, байрам кунларида Наманган тумани маркази — Тошбулоқ шаҳарчасининг марказий кўчаларидан бирида тўрт қаватли “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди. Бинони бунёд этишга давлат бюджети ҳисобидан уч миллиард 243 миллион сўм маблағ сарфланди. Икки ва уч хонали хонадонларда истиқомат қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Яқинда хизмат вазифаси тақозоси билан Янгиқўрғон туманига бордик. “Янгиқўрғон ҳаёти” газетаси муҳаррири, халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Дилбар Асқарова билан суҳбатлашганимизда, у туманда бир қатор янги объектлар барпо этилганини айтди. Улар орасида ФҲДЁ туман бўлими биноси ҳам бор. Икки қаватли шинам бинода дастлабки никоҳ маросими ҳам бўлиб ўтди. Комил Юсуфжонов билан Шоҳиста Мамажоновага никоҳ гувоҳномаси топширилиб, янги оилага эзгу тилаклар билдирилди.
Биз вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида рўй бераётган қувончли воқеаларнинг айримлари ҳақида фикр юритдик, холос. Ҳудудларда аҳолига тақдим этилаётган бундай бунёдкорлик туҳфаларидан фуқаролар беҳад мамнун бўлмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўғлимни мактабга ўқитувчидан дакки эшитишга юбормайман. Фарзандимни ота сифатида ҳимоя қилишга қодирман. ...
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....
01 янв 1970
Тўлови кўпмасмикан?”. Баъзан истеъмолчилар ўртасида шу ва шу сингари саволлар учраб туради....
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....