Буюк Йўлбошчимиз хотирланди

/
Мустақил Ўзбекистон меъмори, улуғ давлат ва сиёсат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди, Биринчи Президентимиз — Ислом Каримовнинг таваллуд куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ташкил этилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари томонидан ҳам шу муносабат билан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Тошкент давлат педагогика университетида “Эҳтиром ва эъзоз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари, университет раҳбарияти, префессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар мустақиллигимиз меъмори, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг сермазмун ҳаёти ва фаолиятининг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида тўхталишди.
— Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов. — Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.
Биринчи Президентимиз мамлакатимизни мустақил деб эълон қилган биринчи маърузасидаёқ Ўзбекистоннинг бундан кейинги сиёсати инсонпарварлик ва эзгулик тамойилларига асосланишини аниқ-равшан белгилаб берган бўлса, доно раҳбар, халқпарвар сиёсатчи сифатида ишлаб чиқилган бутун дунёга машҳур тараққиётнинг “ўзбек модели” Ўзбекистоннинг давлат сифатида шаклланиши ва ривожланишида асосий тамал тоши бўлди. Ушбу модел асосида қонун устуворлиги ва кучли ижтимоий сиёсат тамойилларининг ҳаётимизда қарор топиши ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этишда муҳим мезон бўлиб хизмат қилди.
Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарор юртдошларимиз кўнглини тоғдек кўтарди. Қарорда юртимизнинг бир қанча диққатга сазовор жойларига буюк Йўлбошчимизнинг номини бериш, Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида у кишининг ҳайкалини ўрнатиш белгилаб қўйилганлиги маънавий ҳаётимизда муҳим роль ўйнаши ҳамда Ислом Каримов сиймосида ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, замонавий Ўзбекистоннинг тарихи – бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Буюк Йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи эди.
Дарҳақиқат, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш жараёнида Биринчи Президентимиз унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратгани ўз самарасини берди. Шу билан бирга, халқ манфаатларига, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият асослари яратилиб, изчил ривожлантириб борилди.
Ислом Каримовнинг таваллуд кунига бағишланган тадбирлардан яна бири Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, олимлар ва санъаткорлар ҳамда партия фаоллари буюк Йўлбошчимизнинг ижтимоий соҳада амалга оширган ислоҳотлари, жумладан, таълим соҳасини ислоҳ қилишдаги ташаббусларини эътироф этишди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қарори билан Ислом Каримов таҳсил олган олий ўқув юрти сифатида Тошкент давлат техника университетига у кишининг номи берилганлиги таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ҳамда у ерда таҳсил олаётган талабаларга фахр-ифтихор бағишлаши баробарида улар зиммасига шу номга муносиб бўлишдек улкан масъулият юклаши қайд этилди.
– Мен илгари буюк Йўлбошчимиз таҳсил олган даргоҳда ўқиётганимдан фахрланган бўлсам, эндиликда қалбимдаги ифтихор туйғуси икки карра ортди, – дейди университет талабаси Аҳмаджон Рихсибоев. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ таълим даргоҳимизга мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилиши биз учун ҳақиқатда тарихий воқеа бўлди. Биз ана шундай буюк инсон номи билан аталувчи университет талабаси эканмиз, бунга муносиб бўлмоғимиз, у киши айтганларидек, ҳамиша маррани баланд олиб, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмоғимиз, олган билимларимизни амалиётга самарали татбиқ этиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.
Қолаверса, Биринчи Президентимиз номи билан давлат стипендияси жорий этилгани ҳам талаба-ёшларни янада чуқурроқ билим олиш, ўз иқтидорини намоён қилиш орқали ушбу шарафли рағбатга интилишга ундаши шубҳасиз. Ислом Каримов бутун Ўзбекистон ёшларини ўз фарзанди деб билган, уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаган буюк раҳнамо сифатида хотирамизда мангу яшайди.
Маънавий-маърифий тадбирларда намойиш этилган Ислом Каримовнинг шонли ҳаёт йўли ва фаолиятини акс эттирувчи ҳужжатли фильм ҳамда талаба-ёшлар томонидан тайёрланган дастурлар иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан
01 янв 1970
Истиқлол йилларида оналик ва болалик муҳофазаси мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди....
01 янв 1970
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган ХХХI ёзги Олимпия ва ХV Паралимпия ўйинлари якунлари мустақил мамлакатимиз шон-шуҳратини дунёга ...
01 янв 1970
Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади....