“Иш топишда ёрдам берсангиз...”

/
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди. Таҳририятимизга ана шундай эзгу ниятлар билан яшаётган фуқаролардан бири мурожаат этган. Андижон вилояти, Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ қишлоғидаги “Навоий” номли маҳаллада истиқомат қилувчи Мақсуда Раҳмонова шундай ёзади:
“56 ёшдаман, пенсионерман, 36 йиллик иш стажига эгаман. Мактаб ва коллежда, шунингдек, нодавлат таълим марказида ўқитувчи бўлиб ишладим. Қаерда бўлмай, ўз мутахассислигим — она тили ва адабиёти бўйича ўқувчи ва абитуриентларга дарс бердим. Туман, вилоят, республика миқёсидаги “Янги авлод”, “Камалак юлдузлари” каби танловларда шеърият, наср, амалий санъат йўналишлари бўйича қатнашган ўқувчиларимнинг ютуқлари билан фахрланиб келаман.
Сизлардан ёрдам сўраб мурожаат қилаяпман. Гап шундаки, кичик қизим узоқ тайёргарлик натижасида, яъни 5 йил деганда Андижон қишлоқ хўжалик институтига шартнома (контракт) асосида ўқишга қабул қилинди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Халқ банкидан 6 650 000 сўм шартнома тўловининг 50 фоизига кредит олиб, тўладим. Энди 1 мартгача ўқув йилининг II ярим йиллиги учун тўловни амалга оширишим керак. Ишга кирмоқчи бўлиб ҳаракат қилаяпман, қаерда соҳам бўйича ўқитувчи етишмаётган жой бўлса, ижарада туриб бўлса ҳам, ўша ерга бориб ишлашга тайёрман. Боламнинг ўқиши учун шунга мажбурман. Кўп суриштирдим, афсус, иш топа олмадим. Ёрдам берсангиз, мени жуда хурсанд қилган бўлардингиз ва ташвишим бартараф бўларди...”
Очиғи, мактуб бизни ўйлантириб қўйди...
Албатта, бу мурожаатни, аввало, ҳудуддаги бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга Андижон вилоятидаги туман бандликка кўмаклашиш марказлари ва маҳалла фаолларининг эътиборига ҳавола этган бўлардик. Зеро, қонунчилигимизда пенсионерларнинг меҳнат қилишини чекловчи меъёрлар мавжуд эмас. Аксинча, мамлакатимизда ёшларимизни миллий қадриятларга ҳурмат, эл-юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда маънавий баркамол авлодни вояга етказишда фахрийларимиз тўплаган тажрибадан унумли фойдаланишимиз лозим. Демак, билим олиш, изланиш, меҳнат қилиш борасида ўз фарзандлари ва ўқувчиларига намуна бўла олган бу онахон илтимосининг ечими мавжуд.
Айни пайтда жамиятда шундай ёзилмаган қонунларимиз борки, уларнинг ижросини таъминлашга ҳеч бир фуқаро мажбур эмас, лекин бу қонуниятлар инсонпарвар, ҳожатбарор, танти халқимизнинг онг-шуурида шаклланган. Гап ён-атрофимиздаги саховатпеша, олижаноб, бағрикенг инсонлар ҳақида кетмоқда. Умид қиламизки, халқимиз орасида фарзанди олий маълумотли бўлиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида вояга етиши ва жамиятга, давлатга нафи тегишини истаётган булоқбошилик онахонга беминнат ёрдам кўрсатиш истагида бўлган ҳомийлар кўплаб топилади. Зотан, энг ўзини оқлайдиган сармоя — таълимга йўналтирилганидир, деб бежиз айтилмаган. Ажаб эмас, кимнингдир таянчи, ёрдами билан ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик соҳасидаги олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ҳамюртларимиздан бири яқин келажакда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган мутахассис бўлиб етишса...
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб олий ўқув юртлари талабалари ўртасида...
01 янв 1970
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....