Хотирага муҳрланган сўнгги кунлар

/
Юртимиз равнақи, истиқболи, келажаги учун, миллатимиз бахт-саодати учун эзгу ишларни амалга ошириб кетган улуғ инсонлар номлари, хотиралари халқимиз қалбидан ўчмайди. Ватанимизнинг ХХ аср тарихига номи муҳрланган улуғ инсонлардан бири, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов эди. Унинг чорак асрдан ошиқ ҳаёти, фаолияти республикамизнинг жуда мураккаб ва оғир йиллардаги бошқарув тизими, иқтисодий, ижтимоий, маърифий, маданий жабҳалардаги тараққиёти билан боғлиқ кечди. Адиб сифатида ундан ўлмас асарлар мерос бўлиб қолди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги шу йил 17 мартда қабул қилинган қарори ана шу улуғ инсон номини ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги муҳим ишлардан бири бўлди. Қарорга мувофиқ Жиззах вилоятида Шароф Рашидов номи билан боғлиқ мажмуа барпо этиладиган, ҳайкали ўрнатиладиган, уй-музейи ташкил қилинадиган, у ҳақда хотира китоблари чоп этиладиган, илмий-амалий конференциялар, хотира тадбирлари ўтказиладиган бўлди. Оммавий-ахборот воситаларида унинг ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи мақолалар берилиши белгиланди. Шу маънода газетамиз саҳифаларида Шароф Рашидов тақдири билан боғлиқ хотираларни ҳам бериб боришни мўлжалладик. Қуйида Шароф Рашидовнинг яқин сафдоши, кўп йиллар Хоразм вилоятида раҳбарлик қилган Мадиёр Худойберганов ёзиб қолдирган хотираларидан айрим ўринларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
...1983 йил деҳқончиликда оғир келди. Пахта ва бошқа деҳқончилик экинлари баҳор серёғин бўлганлиги сабабли кеч экилди. Аксига олиб, куз ҳам эрта келди. Кузнинг ярмига етар-етмас ёғингарчилик бошланди. Далада ҳосил кўп бўлса ҳам ёғингарчилик туфайли уни йиғиб-териб олиш қийин эди. Шунинг учун республиканинг барча раҳбарлари вилоятларда пахта йиғим-теримини ташкил этиш ишларига жалб этилди. Шароф Рашидов 23 октябрда вилоятимизга етиб келди. У билан бирга хотини, ёрдамчиси, соқчиси, доктори, шофёри, ошпази ва бошқа хизмат турлари бўйича ходимлар вагонларда келишди. Улар 30 октябрга қадар Хоразмда туришди ва шу вақт мобайнида вагонларда яшашди. Шароф Рашидов Хоразмда турган пайтида бир марта 26-27 октябрь кунлари Тошкентга бориб келди. Бу ҳам иш юзасидан бўлиб, ўша пайтда шўро раҳбарларидан бири, озарбайжонлик Ҳайдар Алиев Вьетнамга бораётиб, Тошкентга тушиб ўтиши режалаштирилганди. Шароф Рашидов уни кутиб олиб, кузатиб юбориши лозим эди. Шароф ака Ҳ.Алиев билан учрашув ва кузатиш маросимидан чарчаб қайтиб келди. Ўша кунлари Хоразмда ҳам иш ниҳоятда тиғиз ва қийин эди. Оғир шароитларга қарамай, вилоят давлатга пахта топшириш режасини бажариш арафасида эди. Ҳар куни 2-3 та туманга борардик. Шароф Рашидов пахтакорлар, раҳбарлар, ҳашарчилар билан даланинг ўзида учрашар, уларнинг кўнглини кўтарар, қилаётган меҳнатлари учун раҳмат айтарди. 28 октябрь куни у киши Қорақалпоғистоннинг Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманларини бориб кўриб келди. 29 октябрда биргаликда Хивага боришни режалаштирдик.
Айтганимиздай бўлди. Икки-уч соат атрофида Хиванинг қадимий ёдгорликларга бой Ичон қалъа қисмини кўриб чиқдик. “Мана бу ёдгорликларни келажак авлодларга ҳам асраб қолиш керак. Булар бизнинг боболаримиздан қолган мерос. Уларни қайта қуриб, таъмирлаб, асл ҳолига келтириш керак. Дунёнинг турли нуқталаридан сайёҳлар сизу бизни эмас, мана шу тарихий бойликларни кўргани келадилар. Буларни кўриб, уларни барпо этган аждодларимизга раҳмат айтади, қадимий тараққиётимизнинг юксаклигидан ҳайратга тушади. Агар бу ёдгорликлар бус-бутун, гўзал ҳолда сақланаётган бўлса, бу раҳматнинг бир учи сизу бизга ҳам тегади, келажак авлодларимиз ҳам бизлардан миннатдор бўлади. Акс ҳолда... Дунёда асл қадимиятини, тарихини Хива каби бус-бутун сақлаб қолган шаҳарлар жуда кам. У билан фахрланишимиз керак!” деди у. Шароф ака йўл-йўлакай Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, бу улуғ инсоннинг қилган ишлари, Хиванинг мўғуллар, чор ҳукумати томонидан босиб олиниши, рус тарихчиларининг бу шаҳар тўғрисида ёзиб қолдирган асарларидаги аниқ ва тўғри маълумотлар ҳақида тўхталди. Ўз тарихчиларимизнинг асарларини кириллга ўгириб, нашр этиш кераклигини айтди. Унинг куюнчаклик билан айтган гаплари ҳам ҳамон эсимда.
Туман йўлларидан кетаётиб, русча ёзилган бир шиорга кўзи тушиб қолди. Менга секингина: “Нима, бу ерда бошқа миллат вакиллари яшайдими?”, деди. “Йўқ”, дедим. Лекин билдим, нима мақсадда сўраганини. У кишининг шундай одати бор эди. Нимадандир кўнглида норози бўлса, секингина мулоҳазакор тарзда савол берарди. Шунинг ўзи ўзини англаган одам учун етарли эди. “Одамнинг қандайлигини билиш учун унга амал бериб кўриш керак. Ана шунда ҳақиқий қиёфаси аён бўлади”, дерди. Бир куни дала шийпонларидан бирига борганимизда четроқда ўйноқлашиб ётган итларга кўзи тушди. “Мавлоно Румийдан шогирдлари мана шундай аҳил, иноқ, ўйноқлашиб ётган итларни кўрсатиб сўрабди: “Устоз, қаранг итларни, улар қандай аҳил, нега одамлар ўртасида шундай иноқлик йўқ?” “Улар ўртасига битта суяк ташланг, ана шунда бу итлар қай даражада аҳиллигини биласиз”, деган экан мавлоно. Мавлоно Румийнинг отаси Баҳовуддин Валадни биласиз. У киши Хоразмда Нажмиддин Кубро қўлида тарбия топганлар. Демак, Румий ҳазратнинг қонига ҳам шу тупроқ ҳикматлари сингган”.
Шароф аканинг кўнглига ўша кунлари бир маъюслик чўкканди. У бунинг сабабини ошкор қилмасди. Буни биз, атрофидагилар пахта ташвиши, тинимсиз, дам олишсиз меҳнат натижаси, деб ўйлардик. Ўша куни Хивадан қайтаётиб, йўлда кўнглидаги кўп армонларни тўкиб солди. “Бир ниятим, — деди у жиддий қиёфада, — имконият бўлса, мана шундай тарихий жойларни обод қилсак, яна бир ниятим — юртимиздан етишиб чиққан жуда кўп алломалар бор. Мана, масалан, Хоразмнинг ўзида Маҳмуд аз-Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Сайфи Саройи, Абу Бакр Хоразмий, Носириддин Рабғузий, Мажлисий, Ҳайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий каби улуғ инсонлар фаолият юритганлар. Чағминий, Жузжоний каби буюк олимлар асарлар яратганлар. Хўш, шуларнинг ҳаммасини биламизми? Афсуски, йўқ. Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд сингари бир-иккита аллома ва шоирларни биламиз, холос. Ана энди республикамиз бўйича турли даврларда яшаб ўтган алломалар, шоирлар, саркардалар, юртимиз озодлиги учун курашган инсонларни бир кўз олдингизга келтиринг. Уларнинг руҳлари олдида қарздормиз. Меросларини билмаймиз. Хорижий мамлакатларда шу алломаларимиз, ижодкорларимиз ҳақида ёзилган асарлардан бехабармиз. Ахир, улар меросини, ҳаёти, ижоди, фаолиятини биз билмасак, ким билади? Улар бизлардан нажот кутиб, бизлардан имдод кутиб ётибди-ку, мана, менинг кўнглимдаги орзулар, ниятлар. Аммо ҳозирги шароитда бу ниятларни амалга ошириш имконияти йўқ. Лекин бу ишларни, албатта, қилишимиз керак!.. ”
Мен ўшанда Шароф аканинг бор-йўғи икки кунлик умри қолганини билмаганман, у бу гапларни Аллоҳ таолонинг иродаси билан ошкор қилаяптими ёки қалбининг тўрида узоқ йиллардан бери сақланиб келаётган дард эдими, бунга эътибор бермаганман. Лекин бир нарсадан ҳайрон бўлганман. У дардини бирор жойда дастурхон қиладиганлар хилидан эмасди. Аммо ўзим ҳам у кишига бирор нарса деб тасалли беришга қодир эмас эдим.
Шароф ака ўша кунлари Лобосевичнинг “Хива юриши — 1873 йил” китобини мендан сўраб олди. Бу китобга у киши нима учун қизиқиб қолгани ҳақида бир оғиз изоҳ беришим керак. Маълумки, Лобосевич 1873 йилда Хива хонлигига қарши юришда қатнашган чор Россияси офицерларидан бири. Бу хотира китобда чор ҳукуматининг Хива хонлигини босиб олишни кўзлаб юргизган сиёсати, тузган режалари, ҳарбий юриш тафсилотлари батафсил ҳикоя қилинган. Бир суҳбатда Хива хонлигининг чор ҳукумати билан ўзаро муносабатлари ҳақида сўз борганда шу китобдан айрим маълумотларни келтиргандим. Шароф ака дарров бу асарнинг асл нусхаси бор-йўқлиги ҳақида сўраб қолди. У кишига 1874 йилда Санкт-Петербургда нашр этилган нусхаси борлигини айтдим. Тўғри, Рашидов Хива хонлиги, умуман, Ўрта Осиёдаги хонликлар ва амирликлар чор қўшинлари томонидан қурол кучи билан, қирғинбарот жанглар билан забт қилинганини биларди. “Ўрта Осиё Русия империясига ихтиёрий қўшилган” деган ёлғоннинг умри қисқалигини ҳам англарди. У киши ижодкор сифатида ҳам ўша давр тарихидан хабардор эди. Лобосевичнинг бу китоби унга тарих ҳақиқати сифатида керак эди. “Ҳозир бу китобни ўқишга вақт йўқ, вақт топсам, албатта, ўқийман”, деди у.
30 октябрда вилоятимиз пахта топшириш режасини бажарди. Ана шу муносабат билан Урганч шаҳрида йиғилиш бўлиб ўтди. Шароф ака йиғилишда қисқагина гапирди. Ундан кейин Кубанинг Совет Иттифоқидаги элчисини қабул қилди. Элчи Куба ҳукумати раҳбари Фидель Кастронинг саломини етказиш ва элчилик муддати тугагани сабабли Шароф Рашидов билан хайрлашиш ниятида келган эди. Элчи билан хайрлашгач, машиналарда йўлга чиқдик. Шароф ака кейинги кунларни Қорақалпоғистонда ўтказишни режалаштирганди. Шу сабабли вагони, турмуш ўртоғи, ошпазлар ва бошқа хизматчилар 30 октябрь эрталаб Нукусга жўнатилганди. Мен Шароф Рашидов билан соат 12.00 ларда йўлга тушдим. У кишининг таклифи билан катта йўлдан эмас, қишлоқлар, овуллар оралаб кетдик. Йўл бўйи орзу-ниятларини гапириб борди. Тушки соат 13.00 да Гурлан ва Амударё туманлари чегарасига етиб бордик. У ерда Қорақалпоғистон Автоном Республикасининг раҳбари Қаллибек Камолов билан учрашди. Гурлан тумани етакчиси Шоназар Жабборовнинг таклифи билан тушлик қилдик. Соат 14.30 да Шароф Рашидов билан хайрлашдик. Ўшанда у шахсий доктори, соқчиси ва Қ.Камолов билан бирга кетди. Биз у кишини тириклигида охирги марта кўриб турганимизни билмагандик.
1983 йилнинг 31 октябри эрта тонгида Шароф Рашидов Нукусда вагон уйида соғлиги ёмонлашиб, ҳаётдан кўз юмди, деган совуқ хабарни эшитдик. Бир неча соатлар илгари бизлар билан суҳбатлашган, орзу-армонларини айтган, юрт ободончилиги, одамлар ҳаёти ҳақида қайғурган, қалби армонларга тўла бу одамнинг ҳаётдан кўз юмганига ишониш қийин эди. Лекин бу ҳақиқат эди...
Мен ҳам ўзимнинг у киши олдидаги қарзимни адо этиш учун дафн маросимида қатнашдим. У кишига Аллоҳдан имон тиладим. Кейинчалик жасади Чиғатой қабристонига кўчирилганидан сўнг у ерга бориб, дуои фотиҳа ўқидим. Яхши-ёмон кунларимда у кишини хотирлаб тураман. Лекин кўнглимда ўзимни доимо у кишининг хотираси олдида қарздордай ҳис қиламан. Барча соҳаларда устозлик қилган, ҳаётнинг пасту баландларини англатган, инсонларга, халққа, юртга нисбатан муҳаббат намунасини кўрсатган, камтарин, ҳар жиҳатдан бошқаларга ибрат бўлган бу инсонни шунчаки эслаш қийин. Эҳтимол, қарздорлик ҳисси ҳам шундандир. Ўлимидан икки-уч кун олдин даладан, пахтакорлар ҳузуридан қайтиб келаётганимизда менга: “Мен сизнинг олдингизда, бутун хоразмликлар олдида қарздорман. Мана шундай оғир пайтда юзимни ерга қаратмадингизлар, раҳмат!”, деди. Бу раҳматнинг остида чексиз миннатдорлик бор эди. Чунки ўша йили пахта режаси фақат бизнинг вилоятимиздагина бажарилган эди. Шароф ака ана шундай оқибатли, ҳар қандай ташвишли онларда ҳам ҳеч нарсани эсидан чиқармайдиган меҳрибон инсон эди.
Мадиёр ХУДОЙБЕРГАНОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу йилнинг 15-16 май кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йў...
01 янв 1970
ЎФФ беш футболчини умрбод футболдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилди! Нега?
01 янв 1970
Ёши улуғ отахонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган д...
01 янв 1970
Самарқандда қиймати 47 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳанинг биринчи навбати ишга тушди....