Тарих қатидан жавоҳир излаб

/
Профессор Мавлон Жўрақуловни Европада ҳам, океанорти мамлакатларида ҳам, қадимий эҳромлар юрти Мисрда ҳам Улуғбек академиясининг муносиб давомчиси сифатида билишади.
Самарқандлик камтарин ўзбек олими, таниқли археолог, этнограф, миллат тарихининг зукко тадқиқотчиси ҳисобланган юртдошимиз эса ўз шахсига билдирилган иззат-икромдан кўра Улуғбек академиясининг илмий кашфиётлари асрлар оша барҳаётлигидан ва дунё миқёсида тан олинаётганидан қалби фахр-ифтихорга тўлиб сўзлайди. Самарқанд давлат университети Улуғбек академиясининг том маънодаги вориси сифатида илму фан тараққиётига салмоқли улуш қўшиб келаётганини, заковатли аждодлар мероси инсонга, энг аввало, ўзликни ва дунёни англашга хизмат қилаётганини бот-бот таъкидлайди.
Бахтли тақдир ва заҳматли меҳнат туфайли оддий ассистентликдан Самарқанддаги ана шу улуғ дорилфунун ректори даражасига кўтарилган Мавлон Жўрақулов илмий ташкилотчилиги, зукко раҳбарлиги, ёш олимларга ғамхўр устозлиги, беқиёс илмий кашфиётлари билан дорилфунун довруғини яна бир карра дунёга маълум қила олганини бугун унинг ўнлаб шогирдлари фахр билан эътироф этишмоқда. Олимнинг турли йилларда яратган “Ўрта Осиё ибтидоий аср археологияси”, “Самарқанд сўнгги палеолит макони”, “Зарафшон водийсининг тош асри маданияти”, “Ўрта Осиё антропологияси”, “Зарафшон воҳаси мезолити” сингари йирик илмий тадқиқотлари тарихимизнинг янги қирраларини очишга ва уни дунё илмий жамоатчилигига етказишга хизмат қилди.
— Бундан чорак аср муқаддам АҚШнинг Техас университетида бўлиб ўтган қадимшуносликка оид йирик илмий анжуманда мендан Улуғбек академиясининг баланд устунларини сақлаб қолиш ҳақида сўраб-суриштиришганди, — дейди тарих фанлари доктори Мавлон Жўрақулов. — Бугун шуни мамнуният билан айтишим лозимки, илму фан тараққиётига қўйилган қадим устунлар янги зебу нақшлар билан жило топган. Менинг ўша маърузамдан сўнг Самарқандга ташриф буюрган Техас университетининг бир гуруҳ олимлари бу хулосага ўз кузатувлари асосида иқрор бўлишганди.
Профессор Мавлон Жўрақулов яна кўп мамлакатларда, шу жумладан, Мисрда бўлган чоғидаги таассуротларини ибратли воқеа сифатида эслайди. Мисрда у билан бирга борган ўзбекистонлик меҳмонларга “Сиз кўҳна эҳромларга бу қадар ҳайрат билан боқманг, барча ҳайрат ва ҳаваслар ўз юртингизда. Биз уни ўз кўзимиз билан кўриш, ҳис этиш учун сафарга имкон туғилишини ҳар гал орзиқиб кутамиз” дейишди.
Шундай самимий таърифлардан сўнг Самарқанднинг, Бухорою Хиванинг, бутун Ўзбекистоннинг дуру жавоҳирларга тенглаштириб бўлмайдиган тарихи, маданиятини севмай, қадрламай, тадқиқ этмай бўладими? Шу боис етук олим Мавлон Жўрақулов ўз илмий фаолияти давомида юртнинг чинакам зиёли фарзандига хос куюнчаклик билан кўҳна тарихимизга оид 700 дан ортиқ илмий мақола, 14 та монография, 18 та ўқув қўлланмаси ва дарсликларини яратди. Домланинг муҳим илмий хулосаси шу бўлдики — Зарафшон ҳавзаси кишилик даврининг жуда қадимги босқичида, яъни 150 минг йил аввал ҳам одамзод ватани бўлиб келган ва бу жамиятда қарор топган маданият авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтган. Маҳаллий маданият ўзга юртлардан кириб келмаганлиги, балки туб жойли бобокалонларимиз ақл-заковати маҳсули эканлигини археологик қазишмалар ҳам яққол исботлайди.
Устоз олим доимо қадрдон даргоҳи — Самарқанд давлат университети илмий жамоатчилиги билан бугун ҳам яқин алоқада. Бу ерда у университет фахрий профессори, дорилфунун оқсоқоллар Кенгаши қошидаги “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раиси сифатида фаолият юритмоқда. Университетдаги таълим-тарбия, ёшларнинг илмий ишларини қўллаб-қувватлашда ҳар доим ўзини масъул сезади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Мавлон Жўрақуловни табаррук 85 ёшида ҳам турли суҳбат, анжуманларда, нуфузли илмий йиғилишларда тез-тез учратиб турасиз. Бундай мулоқотлардан ёшлар ҳар гал ўзларига тегишли сабоқ олишади, ҳаётий ҳикматлардан баҳраманд бўлишади. Туғилиб ўсган Ватанга, халққа хизмат қилиш нечоғлик шарафли иш эканлигини домланинг ҳаёт йўли мисолида англаб етишади.
Вақт, ойлар, йиллар, асрлар шамолдай тез ўтаверади. Тезоқар, асов дарёларни жиловлаш инсон қудратига бўйсундириш мумкиндир. Лекин вақтни бўйсундириб ёки ортга қайтариб бўлмайди. Ўтган ҳар кун биз учун тарих. Бу тарих бизга ҳар доим қандай яшаш, киндик қони тўкилган юртни қай даражада қадрлаш, аждодлар меросини улуғлаш орқали бахтга мушарраф бўлиш синоатларини эслатиб туради. Шундай бахти баркамол инсонлар доимо ёнимизда бор бўлишсин, давраларга файз қўшишсин, деймиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.
01 янв 1970
Газетанинг 2019 йил 13 декабрдаги 50-сонида эълон қилинган “Ўзимизнинг пулимизни қачон оламиз?” сарлавҳали мақола “Ўзпахтасаноат&...
01 янв 1970
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди....
01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мур...