Барчамиз масъулмиз

/
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани самарали ижтимоий ҳимоя тизимини жорий этиш ҳамда ёшларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.
Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади. Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ масала нечоғли долзарб аҳамиятга эга эканидан дарак беради. Бу жараёнда ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари, умуман, кенг жамоатчилик зиммасига улкан масъулият юкланади.
Бу борада “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонун вояга етмаганлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда, зарур чора-тадбирлар кўришда муҳим дастур ҳисобланади.
Жумладан, мазкур қонун вояга етмаганларнинг назоратсиз, қаровсиз қолиши ва улар содир этиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этишга қаратилган.
Шу билан бирга, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни турли мафкуравий таҳдидлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар бандлигини таъминлашга оид масалалар қамраб олинган. Масалан, интернет клублар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг кечки соат 22.00 дан кейинги фаолиятини чеклаш зарурати каби масалалар шулар жумласидандир. Айниқса, бугунги ижтимоий тармоқлар воситасида “Кўк кит” каби хавфли виртуал ўйинлар тобора авж олаётган бир даврда бу каби масалаларга панжа ортидан қараб бўлмайди. Чунки ҳали оқ-қоранинг фарқига яхши бормайдиган ўспириннинг назоратсиз қолиши унинг тўғри йўлдан чалғиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис бу ишга масъул бўлган давлат идоралари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар фаолияти самарадорлиги ҳамда масъулиятини янада ошириш лозим.
Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни мамлакатимизда Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни сифатида белгилангани болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, ўсмирлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг оддини олиш тизимини мустаҳкамлаш, ота-оналар ҳамда васийлик органларининг масъулиятини ошириш борасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим йўналиш бўлди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оила, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик зиммасига вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигининг олдини олиш, ҳудудларда вояга етмаганларнинг маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, жисмоний, меҳнат тарбиясида иштирок этиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашиш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига ёрдам бериш вазифалари юклатилди.
Хулоса қилиб айтганда, жойларда ёшларни соғлом ва комил инсон қилиб ўстириш ва тарбиялаш, уларнинг спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун барча шароитни яратиб бериш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиши учун кутубхоналар ташкил этиш борасида турли жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда самарали иш олиб борсак, ҳар томонлама билимли, юксак манаъвиятли ёшларимиз яқин ва узоқ истиқболда мамлакат ва халқимиз ҳаётининг ривожланиши учун бор куч-ғайрат ва салоҳиятини аямайди.
Анвар ШОДИЕВ,
Навоий техника-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда компьютерлар бизнинг яқин кўмакчимиз, асосий иш қуролимизга айланиб улгурди. ...
01 янв 1970
Суратларга эътибор беринг-а! Бу айни кунларда, пойтахтимиз — Тошкент шаҳрининг аҳоли гавжум маҳаллаларидан бирида олинган....
01 янв 1970
Сўзимнинг аввалида гапнинг индаллосини айтиб қўя қолай. Китобдаги асосий асар “Ҳоким” қиссасини қизиқиб мутолаа қилдим. ...
01 янв 1970
Ўтган икки ҳафтада марказий нашрлар ва марказий телевидениеда Бўка тумани ҳақида бот-бот янгиликлар берила бошлади....