“Ўқитувчини судга бераман...”

/
Ота-оналар йиғилишида ўғлининг устозини айблаган ота тутган йўл тўғрими ёки?..
“Ўғлимни мактабга ўқитувчидан дакки эшитишга юбормайман. Фарзандимни ота сифатида ҳимоя қилишга қодирман. Уни синфдошларининг кўз ўнгида уришишга ўқитувчининг нима ҳаққи бор? Агар ўғлим сиз айтгандек “дангаса” бўлса, демак, сиз уни ўқишга қизиқтира олмаяпсиз. Дарсларни яхши ўзлаштирмаётган бўлса, яна сиз айбдорсиз. Ҳуснихати чиройли бўлмаса, бу ҳам сизнинг айбингиз. Нега энди ҳамма айб ўзингизда бўлатуриб ўғлимга синфдошларининг олдида дакки берасиз? Ким сизга бундай ҳуқуқ берди? Агар яна бир марта ўғлимни хафа қилсангиз, сизни, керак бўлса, мактаб раҳбариятини судга бераман...”
Ота-оналар мажлисида юз-кўзи, гап-сўзидан ўқитувчига нисбатан нафратини яшира олмаётган, ўзини оқлашга уринаётган муаллиманинг гапини эшитишни ҳам истамаётган, ора-орада “бегуноҳ” партани мушти билан “сийлаётган” отанинг дўқ-пўписаси ҳали узоқ давом этиши мумкин эди. Лекин бу ноўнғай ҳолатга томошабин бўлиб туролмаган онахон вазиятга аралашди. Назаримда, бу аёл билдирган фикр жаҳл отига минган отанинг бироз бўлса-да, ҳовурини пасайтирди.
— Ака дейми, ука дейми, лекин сиздан бир нарсани сўрамасам бўлмади. Болаларимизга қоғоз-қалам тутиб, жажжи фарзандларимизнинг камоли учун умрини бахшида қилаётган инсонга, ўқитувчига бундай оҳангда гапиришга маънан ҳаққим бор, деб ўйлайсизми? Тушунишимча, ўғлингиз “ўқитувчимиз мени койиди”, деб арз қилган. Ўзи ўғлингиздан койишнинг сабабини сўрадингизми? Наҳотки, ҳеч нарсадан ҳеч нарса ўғлингиз дакки эшитганига ҳайрон бўлмадингиз? Ўғлим ўзи шўх, тўполончи ёки дарс қилишни ёмон кўради, деб ҳам ўйлаб кўрмадингизми? Ўқитувчининг асосий вазифаси нима? Болаларга таълим беришми? Ўқитувчи болаларимиздан дарсларни яхши ўзлаштириш, уй вазифаларини бажаришни талаб қилса, ёмонми? Аксинча, бундан хурсанд бўлишимиз керак. Чунки у ўз ўқувчиси, сиз билан менинг фарзандимнинг бугуни ва келажагига бефарқ эмас. Унинг мактабга шунчаки вақт ўтказиш учун келиб-кетишини истамайди. Агар хабарингиз бўлса, ота-боболаримиз фарзандларини “эти сизники, суяги бизники” деб устозлар қўлига топширган. Бизнинг ота-оналаримиз ҳам ҳамиша ўқитувчининг ҳурматини жойига қўйган. Сиз эса шунча одамнинг кўз ўнгида ўқитувчига, фарзандингизга оқ-қорани ўргатаётган устозга ўшқираяпсиз...
Жаҳли бурнининг учида турган ота бир нималар деб ғўлдирагач, кўп ўтмай, ўз ҳаракатидан уялдими ёки янаям жаҳли чиқдими, хуллас, хонани тарк этди. Унинг ёнида ўтирган рафиқаси эса синфда қолиб, “бўлар-бўлмас айби учун койиш боланинг мактабга келиш иштиёқини сўндириши”, “ўғли мактабга боришдан бош тортаётгани” ҳақида нималарнидир гапирди. Ўқитувчи эса таълим-тарбия жараёнида турфа хил хулқ-атвор, руҳиятга эга болалар билан ишлашга тўғри келишини, барча болалар ҳам дарсни бирдек ўзлаштира олмаслиги, берилаётган ахборотни кимдир тезроқ, яна бошқаси кейинроқ қабул қилиши табиий ҳол эканлигини айтди. Шу билан бирга, айрим ўйинқароқ, шўх ва тўполончи ўқувчиларга панд-насиҳатлар доим ҳам таъсир қилавермаслиги, шу боис баъзан бундай болаларга нисбатан кескинроқ чораларни қўллашга тўғри келиши ҳақида гапирди.
— Ўғил болаларни ёшлигиданоқ қизларни хафа қилмасликка ўргатишимиз керак, — деди ўқитувчи ўзининг устидан ота-онасига арз қилган ўқувчининг онасига юзланиб. — Тунов куни бир ўқувчи қизим танаффус вақтида йиғлаб ўтирганини кўрдим. Сабабини сўрасам, “Сардор сочимни қаттиқ тортди”, деди. Бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун Сардорни 10 дақиқа синф бурчагида туришга мажбур қилдим. Қолаверса, Сардор уй вазифаларини мунтазам бажармай келса, дарс жараёнида ҳам хаёли кўчада бўлса, койимай нима қилай, ахир? Яхши ҳам гапирдим, ёмон ҳам. Барибир йўлга сола олмаяпман. Агар болаларга таълим-тарбия бериш усул ва услубларимни нотўғри деб ҳисобласангиз, марҳамат, мактаб маъмуриятига арз қилишингиз мумкин...
Тан олиш керак, мажлисда йиғилган кўпчиликнинг кайфиятини тушириб юборган бу каби ҳолатлар юртимиздаги таълим муассасаларида тез-тез бўлмаса-да, учраб туради. Бинобарин, “Устозига минг раҳмат, фарзандимга меҳрини аямай, таълим-тарбия бераяпти”, “Дунёқараши кенгайишига ёрдам бераяпти” дегувчилар билан бир пайтда “Ўқитувчиси қизимни ноўрин урушибди”, “Ўғлимни бошқа болалар олдида камситибди”, деганга ўхшаш фикрлар ҳам йўқ эмас.
Бир қарашда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятида ўзи ҳамда фарзандининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилаётган ота-онанинг хатти-ҳаракатини ҳам маъқуллаш керакдек, назаримизда. Айниқса, ижтимоий тармоқ бўйлаб кенг тарқалган баъзи видеотасвирларда кузатганимиздек, айрим “педагог”ларнинг ўқувчиларни ҳақоратли сўзлар ва қўлини ишга солиш ёрдамида “тарбиялаш” ҳолатлари ҳанузгача учраётган бир пайтда юқорида ота-она билдирган эътирозда ҳақиқат бордек туюлади. Ҳеч бир ота ёки она боласи маънан ва жисмонан қийналишини истамайди. Айниқса, болажон халқимиз ўзи емаса, киймаса-да, боласига едиришга, кийдиришга одатланган. Бу энди танганинг бир томони.
Келинг, шу ўринда танганинг иккинчи томонини ҳам ағдариб қарайлик. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўқитувчи ўқувчисига таълим-тарбия бериш жараёнида бироз койиши ёки қилмишига яраша жазосини бериш мумкин эмасми? Вазият ўқитувчи ёки таълим муассасасини судга бериш даражасидами? Унда нима мумкин ўқитувчига? Балки фарзандимиз ортиқча уринмаслиги учун унинг ўрнига ҳам дарсларни бажариб қўйсинми? Бу каби хатти-ҳаракатларимиз орқали фарзандларимиз кўз ўнгида ўқитувчиларнинг ҳурматини ерга уриб қўймаяпмизми?..
Саволлар кўп. Лекин жавоблар барибир оиладаги тарбия, муҳитга боғлиқ эканлиги кундек равшан. Араванинг катта ғилдираги қай томонга ҳаракатланса, кичиги ҳам шу томонга юради, деб билиб айтган кексаларимиз. Чиндан ҳам болаларимиз биз, катталарнинг кўзгудаги аксимиз. Уларни синчиклаб кузатсак, фарзандларимизда ўзимиздаги характер, имо-ишора, ҳаётга, одамларга, бўлиб ўтаётган воқеликка нисбатан муносабатимизни ҳам кўрамиз. Фарзандимиз узоғи билан суткасига 6 соат вақтини мактабда ўтказса, қолган 18 соатини оилада ўтказишини баъзан унутиб қўяётгандекмиз. Бу эса бола хулқ-атвори, бошқача айтганда, характерида кимнинг таъсири кучлироқ бўлишини аниқ ва равшан кўрсатади.
Шундай бўлса-да, орамизда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилувчилар, фарзандини койиган ўқитувчиларни мактабдан четлаштиришни талаб этаётган ота-оналар ёки ҳақиқатдан ҳам ўқувчиларни ноҳақ уришаётган, ноўрин изза қилаётган устозлар учраб турган экан, демак, ечимини кутиб турган бу масалани ҳал этишнинг йўлларини топишга уриниб кўриш лозимдир. Балки, ота-она, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатини ҳуқуқий тартибга солиш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир...
Шу ўринда ҳар қанча истиҳолага бормайлик, бир фикрни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишни жоиз топдик. Айниқса, ўқитувчилар ва ёшлар партиямиз электоратининг асосий қисмини ташкил этишини ва уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифаларимиздан бири эканлигини ҳисобга олиб, биз ўртага ташлаётган таклифимиз тегишли мутасаддилар томонидан ўрганилиб, муносабат билдирилади, деган умиддамиз.
Нима деб ўйлайсиз, муҳтарам муштарий, ўқитувчи, ота-она ва ўқувчиларнинг муносабатини тартибга солувчи, яъни ягона ахлоқий-ҳуқуқий меъёрлар асосида мувофиқлаштирувчи ҳужжат, дейлик, “Устоз ва шогирд (ёки ўқитувчи ва ўқувчи) ахлоқ-одоб кодекси”ни ишлаб чиқиш вақти келмадимикан? Бу ҳужжатда ўқувчи, ота-она ва ўқитувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколати акс эттирилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди?..
Масалан, бир ўқувчи бошқа ўқувчининг китоби ёки бирор мулкига зарар етказди. Шундай ҳолатда ўқитувчи ўқувчига нисбатан қандай чора қўллаши лозим? Бурчакка турғизиб қўйиб, дарсини ўтишда давом этиши ёки дарсдан чиқариб юбориб, ота-онасини мактабга чақиртириш керакми? Ёки ўқувчи ота-онасининг илтифоти билан мактабга қимматбаҳо телефон ёки планшет кўтариб келса-ю, уни бирор синфдоши синдириб қўйса-чи? Бу ўринда ҳам ўқитувчи жавобгар бўлиши керакми ёки ота-она?..
Фикримиз сўнгида шуни таъкидлаб ўтишни истардикки, биз ўз мулоҳазаларимиз билан болаларимизнинг ҳар бир шўхлигига нисбатан кескин чоралар қўллаш ёки расмиятчиликни янада “урчитиш” орқали муаммоли масалаларни ҳал этиш керак, деган фикрдан йироқмиз. Аслида боланинг ёрқин келажаги учун ҳамкорликда ҳаракат қилиши керак бўлган икки муҳим бўғин, яъни оила ва таълим муассасаси ўртасидаги муносабатни тартибга солиш учун бағрикенглик, олижаноблик, ҳурматдан бошқа ёзилган ёки ёзилмаган меъёрлар мавжуд, буни тўғри тушунишимиз керак. Лекин ҳар бир ҳаракат ёки ҳаракатсизлик муайян ҳуқуқий асосга мувофиқ амалга оширилиши керак бўлган бугунги жамиятда Ахлоқ-одоб кодексига ўхшаш меъёрлар ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши давр талаби эканлигига доир фикр-мулоҳазаларимизни баён этдик, ҳолос...
Сиз нима дейсиз, азиз газетхон? Муҳтарам оталар, азиз оналар ва ҳурматли устоз-ўқитувчилар фикрингизни кутиб қоламиз.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсониятнинг бугуни ва келажагига хавф туғдираётган трансмиллий жиноятчилик турларидан бири — наркотик моддалар савдоси ҳисобланади....
01 янв 1970
Халқимиз фарзандлари истиқлол берган имкониятлар боис дунёни таниб, дунёга танилиб, нималарга қодирлигини жаҳон миқёсида намоён этаётганининг ҳар с...
01 янв 1970
Автомобиль транспорти Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмидир. ...
01 янв 1970
Тан олишимиз керак, кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан ҳар бир чиқиши, ҳар бир маърузаси ўзининг мазмуни, кўламдорлиги, тан...