Сўз ва амал уйғунлиги — бугуннинг муҳим талаби

/
Оммавий ахборот воситалари жамиятда кечаётган жараёнларни холис ва ҳаққоний ёритувчи кўзгу ҳисобланади. Мамлакат ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз бераётганида бу кўзгунинг аҳамияти янада ошади. Матбуот жамиятнинг эркин демократик институтларидан бири сифатида янги ғоялар, таклиф ва ташаббуслар, ижтимоий ҳаракатлар тарғиботчисига, жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг таъсирчан минбарига айланади. Шу тарзда жамият аъзоларида мамлакатда, дунёда юз бераётган муҳим ўзгаришларни матбуот орқали билиш, ижтимоий-сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш хоҳиши кучаяди.
Шу боис истиқлолимизнинг дастлабки қадамларидан бошлаб собиқ тузум нашрларидан тамомила фарқ қиладиган янги миллий матбуот тизимини шакллантириш ҳамда фаолиятини эркинлаштириш, соҳага доир моддий-техника базани мустаҳкамлаш, янгича фикрлайдиган журналист кадрларни тайёрлаш, бунинг учун тегишли олий ўқув юртларининг ўқув дастурларини янги талабларга мослаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг касб малакасини ошириш, таълим жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таклиф этган Концепцияда парламент фаолиятини, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, партиялараро рақобатни кучайтириш билан бир қаторда оммавий ахборот воситаларига доир ҳуқуқий қонунчиликни такомиллаштириш борасида яқин келгусида амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар белгилаб олинган эди.
Ушбу ҳужжатда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа муҳим масалалари қатори ахборот соҳасини ҳам ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди. Чунки аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига эришиш учун, аввало, жамиятда ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган минбарга айлантириш зарур бўлади.
Мустақиллик йилларида бу борада самарали ишлар қилинди. Оммавий ахборот воситаларининг демократик талаб ва стандартларга мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Муҳими шундаки, бу йўналишда қабул қилинган қонунларнинг барчаси умумхалқ муҳокамасидан ўтди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши одамларнинг ўзлари истаган ахборотни ҳеч бир монеликсиз олиш, айни чоғда, ахборотни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини берди. Натижада матбуотимиз саҳифаларида собиқ тузум шароитида мутлақо қўл урилмаган кўплаб мавзулар, чунончи, танқидий мушоҳадалар, қиёсий таҳлиллар пайдо бўлди. Мамлакатимизда кўппартиявийликнинг юзага келиши билан эса сиёсий партияларнинг нашрларида баҳс-мунозара, қиёсий таҳлил юзага келдики, бу ҳолат миллий журналистикамиз нуфузини бирмунча мустаҳкамлади десак, муболаға бўлмайди.
Аммо ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш жараёни бу ютуқлар билангина ниҳоясига етгани йўқ. Давр руҳини тўла ва холис акс эттириш, ўқувчи ишончини қозониш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги давр хусусиятидан келиб чиқадиган янги вазифалар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламли янги тўлқини, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларда акс этаётган муаммолар, таклифлар, жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти ва, умуман, жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши матбуот олдига янада масъулиятли вазифаларни қўйди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловдан кейинги қисқа вақт ичида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маъданий-маърифий ҳаётида юз берган сифат ўзгаришлари, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Одамлар ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари зарур”, “Ўз болангни ўзинг асра” каби долзарб шиорларнинг ўртага ташланиши, барча бўғинларда раҳбар кадрлар масъулиятининг жиддий оширилиши, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш, самарадорликка эришиш, қуруқ ҳисоботлардан, “хўжакўрсин”га тадбир ўтказишдан воз кечиш, одамларни тинглаш ва муаммоларни ўз жойида ҳал этиш, бу билан уларнинг розилигига эришиш мақсади, бу борадаги дастлабки ютуқлар, айтиш керакки, мамлакатимизда янги ижтимоий-сиёсий вазият, маънавий муҳитни юзага келтирди. Одамларда юртимизнинг эртанги келажагига, сўз ва амал уйғунлигига, янада фаровон ҳаётга бўлган ишонч ҳисси ошди, ижтимоий фаоллик кучайди.
2017-2021 йилларда мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш; маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш; жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш; суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш каби долзарб вазифаларнинг тўла ва юксак самарадорлик билан бажарилиши бугунги кунимизнинг энг муҳим вазифаси, деб белгиланган. Ушбу муҳим ҳужжатда суднинг мустақиллиги ва беғаразлигини таъминлаш, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича муайян амалий чора-тадбирлар белгилангани ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Пойтахтимиз Тошкентда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда Президентимиз яна бир муҳим вазифани ўртага қўйди. Бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси, уларнинг дунёқарашини тўғри шакллантириш, турли ғаразли оқимлар, ёт ғоялар таъсиридан сақлаш мамлакат ва миллатнинг эртанги тақдири билан бевосита боғлиқ масала бўлиб турибди. Шундай экан, ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот олиб бориш ишининг самарадорлиги ва таъсирчанлиги ғоят муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Вазиятнинг ўзи тарғиботчи ва тарбиячининг одоб-ахлоқли, тарбияли, эл-юртда ҳар жиҳатдан обрў-эътиборли, сўзи ва амали бир, билими кенг, имон-эътиқоди мустаҳкам, ҳаётий позицияси, мамлакатимизда, дунёда юз бераётган воқеаларга муносабати аниқ-равшан бўлиши лозимлигини талаб этмоқда. Давлатимиз раҳбари бу жараёнда иштирок этаётган имом-хатибларнинг хизматларини эътироф этган ҳолда, диний маросимлардаги, ибодат аввалидаги маърузалар асосан тор маънода бўлиб қолаётгани, маърузачи инсоний фазилатлари, турмуш тарзи билан тингловчиларга ўрнак бўлиши, фақат шундагина унинг даъватлари тингловчилар қалбида акс-садо бериши мумкинлигини алоҳида уқдириб ўтди.
Бундай пайтда оммавий ахборот воситалари кундан-кунга ўзгариб, янги маънолар билан тўлишиб бораётган воқеалар, янгиликлар ривожидан орқада қолиши мумкин эмас. Жаҳон миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар, информацион хуружлар тобора кучайиб бораётган таҳликали бир вазиятда халқимиз, айниқса, ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратишга қодир инсонлар этиб тарбиялаш, уларни доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга даъват этиш оммавий ахборот воситалари зиммасига юксак масъулият юклайди.
Биз бугун дунёда кечаётган мураккаб жараёнларнинг бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу жараённи бошқараётган куч — ахборотдир. Ахборот эса кучли сиёсий қарама-қаршиликлар, ахборот хуружлари, турли манфаатларга мос равишда тарқатилмоқда. Мана шундай жанг майдонида давлат ва жамиятнинг чинакам ва таъсирчан ҳимоячиси бўлиб турадиган қалқонлар журналистлардир. Ахборот асрида дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодиса, ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаётдаги ўзгаришлар, ютуқ ва камчиликлар тўғрисида ошкора ёзиш, турли хавф-хатарлардан жамиятни, одамларни ўз вақтида огоҳ қилиш оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуот — газета ва журналлар, радио ва телевидение, шунингдек, турли матбуот хизматлари зиммасига юкланади. Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, миллий истиқлол ғоялари билан қуролланган янги матбуотнинг жамоатчилик фикрини шакллантириш, жамиятда барқарор тараққиётга эришиш, одамларнинг тинч-тотув ҳаётини таъминлаш, янада ёруғ, фаровон келажакка ишончини мустаҳкамлаш борасидаги масъулияти кескин ошди. Оммавий ахборот воситаларининг бош вазифаси жамиятда эркин фикрнинг шаклланишига, жамият аъзоларининг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилишдан иборат экан, бу борада асло сусткашликка берилмаслигимиз лозим.
Матбуот сўзи одамлар қалбига етиб бориши ва акс-садо бериши, жамиятнинг ҳар бир аъзосини бугунги куннинг нафасини ҳис этиб яшашга ундаши зарур.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Шу кунларда Музработ туманидаги учта маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда....
01 янв 1970
“Инсон бу дунёда яшар экан фақат яхшилик қилиши зарур, халққа хизмат қилиши керак. Инсонийлик ҳиммати ҳамма нарсадан устун бўлмоғи шарт!&rdqu...
01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...