Ҳисоблагичлар қачон текширилади?

/
“Электрон ҳисоблагични ўз вақтида қиёсловдан ўтказмаганим боис фалон миқдордаги жарима тўлашга мажбур бўлаяпман”, “Газни ўлчаш мосламасини қиёслашдан ўтказиш учун кимга мурожаат қилишни билмайман. Тўлови кўпмасмикан?”. Баъзан истеъмолчилар ўртасида шу ва шу сингари саволлар учраб туради.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган табиий бойликларимизнинг ҳисобини юритишга хизмат қилувчи ўлчов воситаларининг белгиланган стандартлар асосида тўғри ишлаш ёки ишламаслигини аниқлаш, уларни муайян давр мобайнида махсус текширувдан ўтказишга оид механизм мавжуд. Хўш, ушбу текширувлардан кўзланган мақсад нима? Нима сабабли юридик шахслар ҳар икки йилда, жисмоний шахслар эса ҳар тўрт йилда ҳисоблагичларни синовдан ўтказиши белгиланган? Ҳисобга олиш мосламаларини қиёсловдан ўтказиш учун истеъмолчи кимга мурожаат қилиши лозим? Тўлов миқдори-чи? Шу ва шу сингари масалалар юзасидан “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси директори Фахриддин Саматов билан суҳбатлашдик.

— Биринчи ва асосий саволимиз шундан иборат: нима сабабли табиий газ, сув, электр энергияни ҳисобга олиш приборларининг қиёслаш муддати жисмоний шахслар учун тўрт йил, юридик шахслар учун икки йилни ташкил этади? Бу муддатни узайтириш мумкинми?
— Аввало, айтиш лозим, давлат метрологик текшируви ва назорати доирасида татбиқ этилувчи барча ўлчаш воситалари, жумладан, электр энергияси, газ, сувни ҳисобга олиш приборлари метрологик текшируви Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни 14-моддасига асосан давлат метрологик хизматлари томонидан ўтказилади.
Энергия манбаларини (электр энергия, табиий газ ва сувни) ҳисобга олиш приборларини қиёслаш даврийлиги “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тасдиқланган “Қиёслашдан ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати”га мувофиқ амалга оширилади. Ушбу ҳужжатга асосан аҳолига ўрнатилган маиший энергия ҳисобга олиш приборларининг (табиий газ, сув ва электр энергия) даврий қиёслаш кўриги жисмоний шахслар учун ҳар 4 йилда, юридик шахслар учун ҳар 2 йилда бир маротаба деб белгиланган. Қиёслашлараро интерваллар “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Давлатлараро стандартлаштириш бўйича тавсияга доир меъёрий ҳужжатга мувофиқ белгиланган.
— Юқоридаги савол бежиз берилмади. Хабарингиз бор, сенатор ва депутатлар ҳар ойнинг бошида аҳоли билан мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган масалалар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар билан атрофлича танишиб, уларнинг ечимини топишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзоси, депутат Улуғбек Саматов пойтахтда турли соҳа вакиллари билан суҳбатлар ўтказган. Жумладан, “Электрон ҳисоблагич” МЧЖ Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси мутахассислари билан ўтказилган мулоқот давомида ходимлар мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган ҳисоблагичлар 12 йилгача бўлган муддат давомида соз ҳолатда ишлаши мумкинлигини таъкидлашган. Бу борада қўшни давлатлардаги ҳолат ўрганилганида, масалан, Россия Федерациясида амалдаги қонунчиликка мувофиқ электрон ҳисоблагичлар моделига кўра 8 йилдан 16 йилгача бўлган муддатда тегишли назоратдан ўтказилиши аниқланган. Нима деб ўйлайсиз, бизда ҳам бу муддатни ўзгартириш вақти келмадимикан?

— Депутат У.Саматовнинг агентликка йўллаган депутатлик сўровидан хабаримиз бор. Биз бу сўровга ўз вақтида жавоб ҳам йўлладик. Ўз жавоб хатимизда мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда электр энергия ҳисоблагичларининг қиёслашлараро интервалини янги қийматга ўзгартириш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигимизни маълум қилганмиз. Ўрни келганда таъкидлаш лозим, аҳоли, тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар, шу жумладан, ўлчов воситаларининг даврий текширилиши масаласи депутатлар, сиёсий партия, жамоат ташкилотлари вакилларининг эътиборини тортаётгани биз, соҳа вакилларини қувонтирди.
Айни пайтда ҳозирча мамлакатимизда қиёслашлараро оралиқ муддатни ўзгартиришга эҳтиёж мавжуд, деб айтолмаймиз. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 августдаги 245-сонли “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 103-бандига мувофиқ ҳисобга олиш приборлари, шунингдек, маиший электр ҳисоблагичлари симёғочларга ва очиқ электр тақсимловчи қурилмаларга ўрнатилиши белгиланган.
Мамлакатимиз иқлим шароити кескин ўзгарувчанлиги, ёз кунлари ҳарорат +45оС даражага етиши ва қиш мавсуми эса совуқ кечиши билан бошқа давлатлардан ажралиб туради. Ҳароратнинг кескин ўзгариши симёғочларга ва очиқ электр тақсимловчи қурилмаларга ўрнатилган ўлчаш воситаларининг метрологик хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин ва ҳисоблагичларнинг устки қобиқлари (корпуслари) пластмассадан тайёрланганлиги учун эриб кетиш ҳолатлари ҳам учраши мумкин. Бундан ташқари, истеъмолчиларга узатилаётган газ, электр энергия, сув таркибидаги айрим моддалар ва элементлар ҳисоблагичларнинг ишлаш сифатига салбий таъсир кўрсатиши кузатилмоқда. Ўзингизга маълум, нотўғри ишлаётган ҳисоблагич ҳам истеъмолчи ҳамёнига, ҳам давлат иқтисодиётига зарар келтириши мумкин. Бу каби ҳолатнинг олдини олиш мақсадида ҳисоблагичларни даврий равишда текширувдан ўтказиш механизми ўзини оқлаб келаяпти.
— Аҳолидан келиб тушаётган савол ва мурожаатлардан маълум бўлаяптики, маиший ҳисоблагичларни даврий қиёслашдан ўтказиш учун тўланадиган ҳақ миқдори бир-биридан кескин фарқланмоқда. Фуқаролар билан суҳбатлашиш жараёнида, олайлик, газ ҳисоблагичини қиёсловдан ўтказиш учун метрология хизмати мутахассислари ёки таъминотчи корхона вакиллари кимгадир “60 минг сўм”, яна бошқаларга “100 минг сўм тўласа, сертификатни янгилаб бериши”ни маълум қилаётганлиги аниқланмоқда. Айтинг-чи, аслида бунинг учун қанча ҳақ ундирилади?
— Аввало, шуни маълум қилиш керак, “Ўзстандарт” агентлиги таркибига кирувчи корхоналардаги метролог мутахассислар ҳеч қачон хонадонма-хонадон юриб, “қиёсловдан ўтказиш”, “сертификатни тайёрлаб бериш” билан боғлиқ хизматларни таклиф этмайди. Шуни аниқ тушуниб олишимиз керак. Афсуски, амалиётда сиз таъкидлаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳатто ўзини “Ўзстандарт” агентлиги ходими сифатида таништираётганлар ҳам йўқ эмас. Бу каби ҳолатлар аҳоли ўртасида амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан тушунтириш, тарғибот ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шундай ҳолат юз берган тақдирда аҳолига “қиёсловдан ўтказиш ва сертификатни келтириб бериш” хизматини таклиф этаётган “метролог” ёки таъминотчи корхона вакилларидан гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилиш тавсия этилади. Белгиланган нархларга нисбатан қимматроқ маблағни талаб этиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида “беминнат ҳожатбарор”лардан қиёсловдан ўтказилиш хизмати учун тўланганлигини тасдиқловчи чек (квитанция)ни сўраш лозимлигини халқимизга тушунтиришимиз керак. Умуман олганда, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари ташаббуси билан жойларда, маҳаллала, муассаса ва корхоналарда фуқаролар ўртасида бу борада тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилаяпти.
Шу билан бирга, бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш зарур: газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказишни ташкил этишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, ҳисоблагич ҳудудий газ таъминоти корхонаси мутахассиси томонидан ечиб олинади, бироқ истеъмолчининг ўзи метрология хизмати органига топшириши белгиланган. Аммо электрон ҳисоблагичларни даврий қиёслашдан ўтказишни ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатларда эса ечиб олинган ҳисоблагични (зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда) давлат метрология хизмати органига ваколатли ходим тақдим этади.
Ҳисоблагичларни қиёслов кўригидан ўтказиш Метрология хизмат кўрсатиш маркази ва унинг туманларда очилган бўлинмалари ҳамда ихтисослашган хусусий корхоналар томонидан амалга оширилади. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керак, республикамизда “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги корхоналаргина маиший ҳисоблагичларни қатъий белгиланган нархларда давлат қиёслов кўригидан ўтказишга мажбур.
“Ўзстандарт” агентлигининг ҳудудларда жойлашган таркибий бўлинмалари алоҳида юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг харажатларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблагичларни қиёслаш нархини белгилайди. Масалан, Тошкент шаҳрида шаҳар ҳокимлигининг молия бошқармаси томонидан тасдиқланган реестрига асосан, маиший электр энергия ҳисоблагичининг қиёслаш нархи — 25 979,4 сўм (ҚҚС билан), газни ҳисобга олиш приборининг қиёслаш нархи — 4 260 сўм, сувни ҳисобга олиш мосламасининг қиёслаш нархи — 5 964 сўмни (ҚҚС билан) ташкил этмоқда.
— Келинг, фурсатдан фойдаланиб, газетхонларимизга ҳисобга олиш приборларини даврий текширувдан ўтказиш билан боғлиқ тартиботлар ҳақида батафсил тушунтириш берсак.
— Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, навбатдаги қиёслаш даврининг тугашидан бир ой олдин таъминотчи корхоналар томонидан ҳисоблагични навбатдаги қиёсловдан ўтказиш лозимлиги ҳақида хабарнома тақдим этилади. Яъни тегишли ҳудуддаги таъминотчи корхоналар раҳбарлари газ, электр энергияси, сув, иссиқ сувни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида истеъмолчиларни ўз вақтида огоҳлантириш учун масъулдир.
Ундан сўнг истеъмолчи ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказиш учун уни ечишни сўраб ўз ҳудудидаги таъминотчи корхонага ариза билан мурожаат қилади. Ариза берилганидан сўнг уч-беш иш куни ичида корхона мутахассислари ҳисоблагични истеъмолчи иштирокида ечиб олади. Ҳисоблагичларнинг пломбалари бут бўлган тақдирда ҳисоблагич ечилиб, унинг ечиб олинганлиги ҳақидаги далолатнома тузилади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси таъминотчи корхонада қолади.
Кейин эса юқорида қайд этганимиздек, истеъмолчи ёки электр таъминоти корхонаси мутахассиси мавжуд далолатнома нусхаси ҳамда ҳисоблагични метрология хизмати органига топширади. Текширувдан ўтказилган ҳисобга олиш приборини ўрнатиш учун истеъмолчи ҳудудий таъминотчи корхонага ариза билан мурожаат қилади. Икки кун ичида корхона мутахассиси ҳисоблагични ўрнатиб бериши лозим. Уни ўрнатишдан аввал мутахассис ҳисоблагичнинг текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларнинг бутлигини текширади.
— Суҳбатимиз якунида яқин истиқболда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш борасида қандай ўзгариш ва янгиланишлар жорий этилиши ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
— Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида маиший ҳисоблагичларни қиёслаш кўригидан ўтказиш учун республика бўйича 20 та шохобча фаолият юритмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа, Чимбой, Қўнғирот туманларида, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида ва бошқа вилоят ва туманларимизда “Ўзстандарт” агентлиги таркибига кирувчи шохобчалар мавжуд. Яқин истиқболда республикамизнинг чекка ҳудудларида ана шундай шохобчаларнинг яна 7 тасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
“Adolat” мухбири Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда Болалар боғида бир-биридан қизиқарли тадбирлар бўлиб ўтди....
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. ...
01 янв 1970
Хоразмшоҳлар — Ануштегинийлар давлати илк ташкил топишидан, яъни 1097 йилда хоразмшоҳ Қутбиддин Муҳаммаднинг тахтга ўтиришидан бошлаб то 1231...