Шаҳар бағридаги мўъжизалар

/
БИР-БИРИДАН КЎРКАМ
Ёз ёмғири ҳар вақт-ҳар вақт об-ҳавони мўътадиллаштириб, дов-дарахтлар ва гулларнинг ифорини тўрт тарафга таратиб туради. Ранго-ранг фавворалар кўзу кўнгилларга қувонч бахш этиб, орзу-умидларни ундириб-ўстиради. Бутун табиат тинчлик ва бунёдкорлик куйига рақсга тушади гўё. Шунда камалак аслида ўткинчи ҳодиса эмас, балки турмуш гўзаллигининг, юрт ободлигининг инъикоси эканлигини ҳис этиб, қалбинг тўлқинланади. Юрагинг тубида шу обод элу юртнинг фидойиси бўлиш истаги аланга олади.
Пишиқ ғиштдан қурилган турар жойлар, маъмурий ва хизмат кўрсатиш муассасалари иморатларига эндиликда об-ҳаво ноқулайликлари, хусусан, жазирама иссиқ писанд эмас. Уларда қадимий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашиб кетган.
Минг йилларга бардошли кошинлар яна истеъмолга қайтди. Аксарият янги турар жойлар, хизмат кўрсатиш муассасалари, корхона ва ташкилотлар, ўқув даргоҳлари биноларининг пештоқларига кошинчилик санoатининг намуналари ота-боболаримиз битган дастхатдай кўрк бағишлай бошлади.
Айниқса, «Хоразмий» кўчасидаги улуғвор салобат ва тароват ўзгача. Кундуз кунлари иморатларнинг нақшу нигорлари офтоб нурлари билан ўйнашади. Бу беқиёс жозиба ва нашида касб этади. Келажак эпкинлари хаёлларингни силаб ўтади гўё. Кечқурунлари эса тунги чироқлар бутун теварак-атрофга файз таратади. Сокин оқшом ором манбаига айланади.
Аҳоли турар жойларини бунёд этиш талаблари эндиликда фақатгина ташқи кўриниш гўзаллигини таъминлаш билан боғлиқ эмас. У кўп жиҳатдан хонадонларда, энг ривожланган мамлакатлардаги сингари, қулайлик, енгиллик, осудалик шарт-шароитларини яратишни кўзлайди. Айтайлик, ошхона, иситиш ва санитария тизимлари замонавийми? Яъни улар енгил бошқариладиган ва юқори сифатлими? Фуқароларнинг бу борадаги талаблари қатъий.
Бу йил давомида Урганчда ҳар қачонгидан кўп аҳоли турар жойлари бунёд этилди. Шаҳарнинг барча буржида янги, бир-биридан кўркам иморатлар қад ростлади. Янги уйга кўчиб ўтган фуқаролар, авваламбор, бунёдкор замонадан, қолаверса, қурувчилардан беҳад мамнун бўлишмоқда. Бамисоли бу шаҳарда мўъжизалар бўй таратаётгандек.
«Навбаҳор» маҳалласида ўндан зиёд янги уйга икки юздан ортиқ ёш оила кўчиб келди. Уйлар олдидаги янгича безатилган майдонларда бошланган тантаналар хонадонларда ҳам давом этди.
Юзу кўзлари қувончдан порлаб турган фуқаролар ўз ҳаяжонларини яширишга интилмади. Ахир шодликни баҳам кўриш қувончига нима етсин.
— Янги уйимиз биз орзу қилганимиздан ҳам зиёда экан, — дейди янги хонадон соҳиби Сарвар Омонов. — Турмуш ўртоғим ҳам жуда хурсанд. Тўғрисини айтсам, унинг ошхонадан чиққиси келмайди. Ўзим эса катта залимизни жуда ёқтириб қолдим. Унда ишдан чарчаб қайтгандан кейин мириқиб дам олса бўлади. Болалар хоналари ҳам фарзандларимизга жуда манзур бўлди.
Қурувчиларимизга ҳам даврон тегди. Улар моддий манфаатдорликдан, қулай иш шароитлари ва имкониятлардан рағбат топиб, режани қисқа муддатда уддалаш ҳадисини олишди. Илгари тўрт-беш йилда, шунда ҳам чаласи қолган ҳолда ниҳоясига етказиладиган иншоотлар бугун тўрт-беш ойда якунланаётганлиги эндиликда ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун, шаҳримизнинг яна бир обод манзилида қад ростлаган Комилжон Отаниёзов боғ-мажмуасида қурилиш ишлари учун беш ой кифоя қилди.
— Мустақиллик қурувчиларнинг ғайрат- шижоатини узлуксиз равишда ошириб турибди, — дейди «Шовоттемирбетон» қурилиш ташкилотининг раҳбари Азимбой Ёрматов. — Боғ-мажмуани қуришда керак бўлган қурилиш материалларининг кўпчилигини ўзимиз тайёрлаймиз. Келгусида фаолият доирамизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Аҳоли учун турар жойлар қуришда ҳам корхонамизнинг ҳиссаси сезиларли бўлади.
ЮЛДУЗИ ЯРАҚЛАГАН ЁШЛАР
Урганч олимпия захиралари коллежининг катта услубчиси Азамат Қариев таълим-тарбия даргоҳининг ёшлари амалдаги йилда эришган муваффақиятлар ҳақидаги саволимга жавобан каттагина рўйхатни узатди. Унда икки юзга яқин ўқувчининг номлари битилган экан. Умуман олганда, рўйхат кейинги олти ой давомида коллеж тарбияланувчилари 46 та олтин, 144 та кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишганидан шаҳодат берди.
— Бу рўйхатга шаҳар, туман, вилоят биринчилиги ғолиблари ҳам киритилганми? — сўрадим катта услубчидан.
У бу саволга жилмайганча шундай жавоб берди:
— Албатта, сиз айтган мусобақалар ҳам ўқувчиларимиз камол топишида муҳим аҳамиятга эга. Лекин, биз асосан, республика ҳамда халқаро мусобақалар, биринчиликлар, катта турнирлар ғолиблари рўйхатини юритамиз.
Муваффақиятлари тобора ортиб бораётган ёш спортчиларнинг вакиллари билан танишиш истаги туғилди. Улар билан бевосита мулоқотда дил сўзларини эшитиш, ҳар томонлама камол топиш руҳиятини ҳис этиш мақсадга мувофиқ туюлди.
Таниқли енгил атлетикачи, турли масофаларга югуриш бўйича бир неча бор республика чемпиони Комила Ражабова бугунги ёш спортчиларимизнинг истеъдодли ва бахтиёр вакили қиёфасини кўз олдимизда намоён қилди. Аслини олганда, Комила узун бўйли озғингина қиз. Лекин кўзларидаги шижоат ва орзу-умидлар унинг руҳан ва жисмонан бақувватлигидан, шижоаткорлигидан дарак беради.
— Биз, мураббийлар ўғил-қизларимиздаги ички куч-қувватни, улар қайси даражаларгача юксалиши мумкинлигини дарҳол англаб оламиз, — дейди мураббий, вилоят енгил атлетика федерацияси ижрочи директори Жасур Абдуллаев. — Комиладаги қатъият, ўз кучига ишонч, тартиб-интизомга астойдил риоя қилиш фазилатлари дарров ўзига қаратди. Унга ишондик. У ҳам ишончимизни оқлаб келаяпти. Умуман олганда, айни пайтда вилоятда мингга яқин енгил атлетикачи қизлар маҳорат машқларини мунтазам бажармоқдалар.
Олимпия захиралари коллежининг спорт базалари бетакрор. Уларда барча имконият ҳамда шароитлар муҳайё этилган. Ёшлик шаҳарчасида янги спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилиши нур устига нур бўлди. Комила сингари истеъдодли ёшлар бу даргоҳда ҳам сабоқ олишмоқда.
Комила учун йилнинг ўтган ойи жуда тиғиз келди. У бирин-кетин бир нечта катта мусобақаларда иштирок этди. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари спортчилари ўртасидаги енгил атлетика биринчилигида олтин медални қўлга киритиб, фахру ифтихори ортди.
— Тўғрисини айтсам, илгари ҳозирги даражага эришишни хаёлимга ҳам келтиролмасдим, — дейди Комила Ражабова. — Юртимизда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар туфайли бугун таниқли спортчига айландим. Бунинг учун ўқув даргоҳимиздан, устозларимдан беҳад миннатдорман. Жонажон Ватанимизга муҳаббатим чексиз. Келгусида унинг байроғини янада баланд кўтараман.
«Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори биз, ёшларнинг ҳам қалбларимизга жо бўлди. Юрт учун фидокорликка доим тайёрмиз.
Энг катта мақсадим — Олимпиада мусобақаларида қатнашиб, ўзбекистонлик ёшларнинг нималарга қодирлигини яна бир бор дунёга кўрсатиш.
— Спортчи болаларимизга кўз тегмасин, — дейди набирасини Ёшлик шаҳарчасидаги спорт мажмуасига олиб келган меҳнат фахрийси Қодир ота Эгамберганов. — Улар бўладиган болалар.
Отахон муҳим гапни айтди. Дарҳақиқат, юлдузлари ярақлаган ёшларимизга кўз тегмасин. Улар бизнинг фахру ифтихоримизни ошириб, бекорга яшамаганлигимизни англатиб туришади.
«БОРДИМ, КЎРДИМ, ИШОНДИМ!»
Абдураҳмон ҳисобчи бетоб бўлиб қолди. Шифокорлар уни синчиклаб кўриб-кузатиб, текшириб аниқ ташхис қўйишди: «Юракка қон элтувчи тож томирларда тиқин пайдо бўлган. Операция қилмаса бўлмайди».
Ташхис жуда қатъий бўлиб, эътирозга ўрин қолмади. Аммо операциянинг ўзи бўладими? Жарроҳлик деярли юрак соҳасида амалга оширилади. Абдураҳмон ҳисобчини бундан ҳам кўпроқ катта тўлов ташвишга солди. Ахир чет элга бориб-келиш, ундан кейинги жонлантириш муолажалари учун қанча маблағ керак? У барча имкониятларини чамалаб кўрди. Енгил автомашинасини сотса, бир-иккита қорамолининг баҳридан кечса, амалласа бўлади. Лекин кейин нима қилади? Кейин нима бўлса бўлар, деганча у операцияга кўнди. Қайси мамлакатга боришни ҳам ўзича ҳал қилди.
Кечқурун телевизор кўриб ўтириб, кўзларига ишонмади. Ахир ўзимизнинг Урганчдаги Республика кардиология маркази бўлимида юрак тож томирларига шунт қўйиш, яъни кўприксимон қўшимча томир улаш операцияси муваффақиятли амалга оширилаётган экан. Ёшгина жарроҳ бўлимнинг имкониятлари кенгайганлиги, хусусан, ангеография анжоми ўрнатилгани ҳақида сўз юритди. Абдураҳмон ҳисобчи жарроҳ йигитни таниди. Ундан қимматли маслаҳатлар олганини эслади. Демак, ўқиб келибди-да, ёнида устозлари ҳам бўлса керак, хаёлидан ўтказди у.
«...Лекин Урганчда шундай мураккаб операцияни қандай ўтказишар экан-а?» Бу савол унга тинчлик бермади ва эртаси куни бўлимга йўл олди. Шифохона дарвозасидан кириши билан руҳида бир енгиллик ҳис қилди. Теварак-атрофдаги ранго-ранг гуллар ва дов-дарахтлар, бир текис тош плиталар ётқизилган йўллар ва йўлаклар ободликдан, бу даргоҳда ишнинг кўзини биладиган одамлар хизмат қилишидан дарак берарди.
Унга бўлим раҳбари операция жараёнларини оддий тилда тушунтирди. «Қўрқманг, бизда жарроҳлик амалиёти худди Киев ва Москвадаги, Ҳиндистондаги каби юрак тўхтатилмасдан бажарилади», деди. Абдураҳмон ҳисобчи биргина савол берди:
— Ишқилиб, уйга омон қайтаманми?
— Ҳазилкаш одам экансиз, — деди унга бўлим раҳбари.— Омон қайтасиз ва бир ҳафтадан кейин «Лазги»га ўйинга тушиб кетасиз.
Хуллас уни ишонтиришди. Ҳал этилмаган биргина масала қолди. Абдураҳмон ҳисобчи шу масалага ишора қилди:
— Ҳисобли дўст айрилмас, деган гап бор...
Бўлим мудири уни тушунди ва деҳқончасига жавоб берди:
— Хорижга бориб операция қилдирганингизда кетадиган маблағнинг ўндан бирича бўлмас...
Абдураҳмон ҳисобчи бу жавобдан мамнун бўлди. Демак, «Нексия» ёнига қолади.
Отасига моддий ёрдам кўрсатишга шошилган ўғил-қизлар:
— Ота, сиз сира ташвиш тортманг, чиқимнинг ҳаммасини биз кўтарамиз, — дейишди.
— Қанақа чиқим? — сўради Абдураҳмон хисобчи бамайлихотир.
Ўғил-қизлар яна отасини юпатишга тушишди:
— Отамизни даволата олмасак, биз қандай одам бўлиб юрибмиз. Эл-юрт нима дейди?..
Абдураҳмон ҳисобчи ҳам бўш келмади. Яна хотиржамлик билан сўз бошлади:
— Нимага тушунмайсизлар? Давлат ўз фуқароларига қайғурмай қўядими? У менинг ғамимни олдиндан еган экан. Гапнинг пўсткалласи операция ўзимизнинг Кардиология маркази бўлимида қилинади.
Ўғил-қизлар ўйланиб қолишди. Уларнинг шубҳа-гумонларини Абдураҳмон ҳисобчи бир зумда тарқатиб юборди:
— Бордим, кўрдим, ишондим!
Кейин у тўловларни тўлашга ўзининг қурби етишини яхшилаб тушунтирди.
Орадан икки ҳафта ўтиб, Абдураҳмон ҳисобчининг ўғил-қизлари ва яқинлари яна тўпланишди. Давра тўрида ўтирган мезбон яқиндагина оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган одамга ўхшамасди. Тинмай давру давронга, шифокорларга раҳмат айтарди.
Абдураҳмон ҳисобчи яқинда яна ҳайратга тушди. Ахир у «Мен қайта туғилган жой» деб ҳисоблагувчи Кардиология маркази бўлимида яна бир оламшумул янгилик юз берибди. Унинг қошида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак қон-томир жарроҳлиги марказининг филиали очилиши тадбирлари кўрилаётган экан. Ҳатто, марказ раҳбари академик Лео Бокериянинг ўзи Урганчга ташриф буюриб, бўлимда ноёб операциялар ўтказибди. Бундан Абдураҳмон ҳисобчи жуда мамнун бўлди...
Сотим АВАЗ,
Хоразм

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бирор воқеа ҳаётингизни тубдан ўзгартиришига, айниқса, ижобий томонга ўзгартиришига ишонсангиз, уни интизорлик билан кутасиз....
01 янв 1970
Мен қишлоқ хўжалигида 49 йилдан бери ишлаб келаман. Оддий тракторчиликдан иш бошлаган эдим. ...
01 янв 1970
Азал-азалдан аждодларимиз, момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган....
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Саддатаги” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Бола ҳуқуқлари в...