Юрт ободлигига ҳисса қўшиш қалбимизга ғурур бағишлайди

/
Доно халқимизда “Озода уйга фаришта қўнади” деган пурҳикмат гап бор. Бу хоҳ хонадонларимиз, хоҳ маҳалла-кўй ёки шаҳару қишлоқларимиз бўлсин, ўша ерда тозалик, саранжом-саришталикка ва ободончиликка жиддий эътибор берилса, файзу барака ёғилишига ишорадир. Шундай экан, қайси бир ҳудуддаги фаровонликка баҳо беришда шу жойдаги ободончилик муҳим аҳамият касб этиши табиий ҳол.
Шу маънода айтганда, Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада вилоят маркази фарғоналиклар ва меҳмонларнинг ҳавасини келтирадиган, кўрганда кўзини қувонтирадиган қиёфа касб этмоқда. Айниқса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган жорий йилда амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Айни пайтда шаҳарда 283 та кўча, 7 миллион квадрат метр майдон тозаланиб, 531 минг квадрат метр майдондаги майсазор доимий парваришланмоқда. Янгиланиш ва яшариш фасли баҳорда шаҳарнинг кичик ҳалқа йўли ва марказий кўчалари ҳамда хиёбонларига экилган 500 минг донадан ортиқ мавсумий гул ва 100 минг дона райҳон кўчатлари, шунингдек, 3181 та кўп йиллик манзарали дарахт кўчатлари шаҳримиз кўркига кўрк бағишлади. Қолаверса, 100 минг донадан 10 йиллик дарахтларга шакл берилиб, оқланди.
Шуни мамнуният билан эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғамхўрлиги туфайли бу йил шаҳримизда муҳташам “Нуронийлар маскани” ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бизнинг жамоамиз ҳам мазкур бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этди. Яъни ҳар иккала бино атрофини кўкаламзорлаштириш мақсадида 30 минг квадрат метр майдонга майса экиб, ундирилди. Сўнгра мавсумий гуллар, арча ва манзарали дарахтлар экилди. Жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари вилоятимизга ташриф буюрган Президентимиз “Нуронийлар маскани”да ҳам бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берганида кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Бугун шаҳримизнинг марказий кўчалари ва жамоат жойларини 12300 дона ёритиш чироқлари нурафшон этиб турибди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида 4100 дона янги ташқи ёритиш чироқлари ўрнатилди. 2800 донадан ортиқ ташқи ёритиш чироқлари эса энергия тежовчи светодиодли ёритқичларга алмаштирилди. Шу билан бирга, “Бурхониддин Марғиноний” кўчасидаги 130 дан ортиқ бир томонлама ташқи ёритиш тизими реконструкция қилиниб, икки томонлама ташқи ёритиш тизимига алмаштирилди. Яна 5,8 километр узунликдаги эски электр симлари ўрнига янги, чидамли кабеллар тортилди.
Мана саноқли кунлардан кейин энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлмиш мамлакатимиз Мустақиллигининг 26 йиллигини катта тантаналар билан нишонлаймиз. Вилоятимиздаги, хусусан, шаҳримиздаги байрамга тайёргарлик ишлари борасида ҳам бизнинг зиммамизга катта масъулият юкланган. Шу боис бугунгача 8 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Улуғвор”, “Узун йўл”, “Нуронийлар”, “Янги ҳаёт”, “Ёруғлик”, “Ҳамид Олимжон”, “Лоҳутий”, “Байрам”, “Адолат”, “Янги баҳор”, “Ҳилол”, “Ёшларобод”, “Механизатор” ва “Зилол” кўчаларидаги 7,4 километр масофадаги ички йўллар таъмирланиб, янги асфальт ётқизилди. Бу хайрли ишларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 765 миллион сўм маблағ сарфланди.
Жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида шаҳримиздаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўп қаватли уйлар атрофида, маданий-маърифий дам олиш масканлари ҳудуди ва жамоат жойларида бажарилган ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида 5,1 минг тонна чиқинди шаҳар ташқарисидаги марказий чиқиндихонага олиб чиқилди.
Маълумки, қабристонларни тоза сақлаш марҳумлар ёдига ҳурмат ифодаси деб қаралади. Негаки, марҳумлар руҳини шод этиш қабристонлардаги саранжом-саришталикка ҳам боғлиқ. Бинобарин, бошқармамиз тасарруфида бўлган 26 та қабристон ҳам Наврўзи олам ва ийд-Рамазон байрамлари арафасида ободонлаштирилди. Шу билан бирга, “Эски Рус” қабристони атрофи 400 метрлик ва “Сурхтепа Рус” қабристони атрофи 500 метрлик узунликда янги девор билан ўралди. “ўайрат маҳалла”, “Чоп-чоп қўрғон” қабристонларида узунлиги 80 метрдан иборат бўлган девор қуриб битказилди. “Қашқарқишлоқ” қабристонида 200 метр квадратлик йўлакка бетон қопламаси ётқизилиб, 150 метр квадратдаги ташқи ёритиш тармоқлари таъмирланди. “Оқмозор” қабристонида ҳам 100 метр квадратлик йўлакка бетон қопламаси ётқизилди. Шунингдек, “Сирпуштота” қабристонида 500 метр квадрат майдонга асфальт ётқизилди.
Шаҳримизнинг ҳар қарич ери, унган ҳар бир гиёҳ ва дарахтлар биз учун қадрли, ҳудудимиз ободлиги кўнгил ободлигининг ифодаси каби намоён бўлади. Бир сўз билан айтганда, айни пайтда амалга ошираётган барча ишларимиздан кўзланган мақсадимиз битта — ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонлари учун қулайлик яратиш ва “Водий марвариди” деб ном олган Фарғонамизни янада обод кентга айлантиришдир. Албатта, шундай эзгу мақсад йўлида меҳнат қилиш, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшиш меҳнат жамоамизнинг ҳар бир аъзоси қалбига чексиз ғурур бағишлайди.
Дилфуза ХОДЖАЕВА,
Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли кўплаб миллий қадриятларимиз каби халқ ўйинлари ҳам қайта тикланди....
01 янв 1970
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни &ldq...
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....