Ўзбекистон темир йўллари довруғи дунёга таралмоқда

/
Обод ва озод юртда яшаш, мустақил Ватан истиқлоли йўлида хизмат қилишдан улуғроқ саодат йўқ. Бунёдкор халқимиз истиқлол йилларида барча соҳаларда оламшумул ютуқларни қўлга киритди, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзига хос ва мос ўринга эга бўлиб, иқтисодиёти тез суръатларда ўсиб бораётган давлатга айланди. Шу эътирофнинг ўзиёқ мустақиллик ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган улуғ неъмат эканини англатиб турибди.
Дарҳақиқат, 1 сентябрь – Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади.
Истиқлолнинг ҳар бир йили озод Ватанимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳиятининг амалий ифодаси, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида катта тантана билан нишонланади.
Таъкидлаш жоизки, бугун халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами шукуҳи билан яшаяпти. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган эзгу шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган байрам тантаналари барчамизга олам-олам қувонч бахш этмоқда.
Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқариш ва саноат тармоқларида қўлга киритилаётган ютуқлар нафақат турмуш тарзимизни ўзгартираяпти, балки юртимиз довруғини дунёга ёйишга хизмат қилмоқда. Буни республикамиз темир йўл тизимида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. “Ўзбекистон темир йўллари” “1-сон Электромонтаж поезди” унитар корхонаси бошлиғи Анварбек Сафарбеков билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— Анварбек Сафарбекович, ҳар бир давлат тараққиётида темир йўл тармоғининг ривожланганлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис пўлат излар мамлакат иқтисодиётининг қон томирига қиёсланади.
— Маълумки Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йиллардан темир йўл коммуникация тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, дунё бозорига янги йўллар очиш, республикамизни бошқа минтақалар билан боғлайдиган замонавий транспорт коммуникациялари яратиш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилди. Янги темир йўллар қуриш, мамлакатимизнинг ягона ва яхлит темир йўл тизимини барпо этишга киришилди. Бугун ҳеч иккиланмай, ғурур ва ифтихор билан мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилган лойиҳаларни истиқлол нафасидан баҳраманд бўлган бунёдкор халқимиз томонидан яратилган буюк мўъжизаларга қиёслаш мумкин. Янги қурилаётган пўлат излар хавфсиз ва равонлиги, замонавийлиги, халқаро талабларга тўла жавоб бериши, айни пайтда, салобат ва маҳобати билан киши ақлини лол қолдиради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти жамоасига темирйўлчилар касб байрами муносабати билан йўллаган табриги мени тўлқинлантириб юборди. Табрикда таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида темирйўлчиларимиз томонидан 1100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилгани, 4 минг километрлик темир йўл магистраллари модернизация қилингани, 1700 километрлик темир йўл боғламалари электрлаштирилгани таҳсинга сазовордир.
Мамлакатимиз иқтисодиёти учун ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган ва Амударё узра қурилган кўприкни ҳам қамраб олган Навоий – Учқудуқ – Нукус – Султон Увайстоғ, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон ва Ангрен – Поп темир йўлларининг бунёд этилиши билан Ўзбекистоннинг ягона ва мустақил темир йўл тармоғини шакллантириш ишлари якунига етказилди.
Мураккаб тоғ ва иқлим шароитида бунёд этилган, денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги тоғ чўққилари орқали ўтган ва замонавий инфратузилма объектлари билан таъминланган, умумий узунлиги 346 километр бўлган Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон ҳамда Ангрен – Поп темир йўллари Марказий Осиё минтақасида ноёб иншоотлар ҳисобланади.
Ангрен – Поп электрлаштирилган янги темир йўли лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон темирйўлчилари билан бирга хитойлик мутахассислар ҳам катта ҳисса қўшди. 2016 йилда ишга туширилган ушбу темир йўл тармоғи Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан ишончли боғлаш имконини яратиш билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл тизимининг ажралмас ва муҳим бўғини бўлиб хизмат қилаётгани айниқса эътиборлидир.
— Юртимиз бўйлаб истиқлол шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Қарши – Термиз йўналишида электрлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Ушбу лойиҳанинг қиймати 481,759 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қарши – Термиз темир йўл йўналишининг умумий узунлиги 325 километр бўлиб, Дарбандгача 183 километр йўл тўлиқ электрлаштирилди ва электровозлар ҳаракати йўлга қўйилди.
Бунинг учун 10000 га яқин туташтирув таянч устунлари учун махсус чуқурлар қазилиб, 8000 га яқин пойдевор, 7520 дан зиёд темир-бетон ва металл-таянчлар, 4200 дан ортиқ консоллар ўрнатилди. Ушлаб турувчи тросс ҳамда контакт симлари тортилди. Хуллас, мавжуд темир йўлда энди бемалол замонавий электровозлар ҳаракатланиши мумкин. Ҳозирда “Дарбанд – Термиз” участкасида ҳам қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.
Қарши – Термиз темир йўлининг электрлаштириш ишларида сўнгги замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда. Жумладан, Франциядан келтирилган 3 та дрезина мазкур линияга жалб қилинган, шунингдек, 3 та махсус ишчи поезд белгиланган ишларни тезроқ, сифатли бажаришда муҳим омил бўлмоқда. Керакли барча эҳтиёт қисмлари ўз вақтида етказиб берилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг овқатланиши ва дам олишлари учун зарур шароитлар яратилган.
Лойиҳага кўра, Бойсун таянч кичик станцияси ишга туширилди, шунингдек, Деҳқонобод, Оқработ ва Тошгузарда ҳам электр тортиш станциялари шай ҳолатда. Эътиборлиси, қурилаётган объектларда замонавий автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви, электр энергияси сарфини ҳисоб-китоб қилишни автоматлаштириш тизимини (АСКУЭ) қўллаш режалаштирилган.
Электрлаштириш лойиҳалари асосида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда электр тортиш станцияларининг ташқи электр таъминоти бўйича қурилиш-монтаж ишлари ҳам олиб борилмоқда. Контакт тармоғини ўрнатиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар, асосан, маҳаллийлаштириш асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмокда. Бу эса, ўз навбатида, қурилиш харажатларини камайтириб, янги иш жойларини яратишга имкон беряпти.
Ўзбекистон, шу муқаддас заминда яшаётган юртдошларимиз эришаётган оламшумул ютуқлар ҳақида мароқ билан сўзлаш киши кўнглини осмон қадар юксалтиради, фахр-ифтихор ҳисларига лиммо-лим тўлдиради, юрагида эртанги кунга, буюк келажакка ишончни мустаҳкамлайди. Айни пайтда бу ғурур замирида ана шу озод ва обод Ватанни кўз қорачиғидай асраш, эришилган ютуқларни янада кўпайтириш масъулияти ётади. Бу масъулият эса ҳар биримизни ҳаётда сергакликка, меҳнатда фидойиликка ундайди. Зеро, дилга эзгу мақсадларни жо қилиб, улкан бунёдкорлик ишларига елкадош бўлиш улуғ саодатдир.
Суҳбатдош:
Ойгул РАЗЗОҚОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари ҳам салмоқли улуш қўшиб келмоқ...
01 янв 1970
Бугун ижтимоий тармоқларда бир хил рекламага дуч келасиз: “Ёшлар, фалон давлатга бориб, имтиҳонсиз ўқишга киринг...” ...