Мактаблар 11 йиллик таълим тизимига тайёр

/
Маълумки, янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий этилди ва бу борада кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Хўш, 10-11-синфларда ўқишни давом эттириши учун умумтаълим мактаблари тайёрми? Ушбу ўқув даргоҳларида малакали ўқитувчилар, зарур дарслик китоблари етарлими? Ўқувчиларни синф хоналари ва бошқа зарурий ашёлар билан таъминлаш қандай ҳал этилмоқда? Мухбиримиз мазкур мавзуда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев билан суҳбатлашди.
— Ҳурматли Дилшод Муталлибович, мамлакатимизда 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий этилди ва бу долзарб мавзу кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлмоқда. Айниқса, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг кўпчилиги бу янги тизимга ижобий баҳо бераётгани эътиборга молик. Айтинг-чи, янги ўқув йилида республикамиздаги умумтаълим мактабларининг 10-синф ўқувчиларини дарслик китоблари билан таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
— Жорий йилда юртимиздаги умумтаълим мактабларининг 9-синфини 466 минг нафар ўқувчи битирди. Улардан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш хоҳишини билдиришди.
Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг қўшма қарори билан тасдиқланган ижодий гуруҳлар томонидан 10-, 11-синфлар учун ўқув дастурлари лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олимлар, методистлар ва амалиётчи-ўқитувчилардан иборат муаллифлар гуруҳлари ҳам шакллантирилди. Адабиётлар фан йўналишларига қараб, тегишли олий таълим муассасалари, ҳудудий малака ошириш институтлари, тажрибали ўқитувчилар, педагог-олимлар, методистлардан иборат эксперт гуруҳлари томонидан мазмунан ва дизайн жиҳатдан экспертизадан ўтказилиб, билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида такомиллаштирилди.
Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари учун 18 номдаги дарсликлар 7 та тилда яратилди ва 9 миллион нусхадан ортиқ чоп этилмоқда. Муҳими, янги ўқув йилида 10-синф ўқувчилари дарсликлар билан 100 фоиз таъминланади.
— 10-, 11-синф ўқувчилари учун айнан қайси нашриётлар дарслик китобларини чоп этмоқда? Мазкур синфларга мўлжалланган ўқув дастурлари тайёрлаш ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 июлдаги “2017-2018 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-синф ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш, уларни қисқа муддатда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва таълим муассасаларига етказиб берилишини таъминлаш тўғрисида”ги 803-Ф-сонли фармойишида шу мақсадда бир қатор вазифалар аниқ белгилаб берилди. Шунга мувофиқ 10-синф ўқувчилари учун дарсликлар “Ўзбекистон”, “Шарқ”, “Ўқитувчи” ва ўафур ўулом номидаги нашриётларда чоп этилмоқда. Ушбу фармойишда умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-,11-синфлари учун ўқув режаси ҳамда дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этишни амалга оширадиган нашриётлар ва босмахоналар рўйхати тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, умумтаълим фанлари бўйича ягона ўқув дастурларини ишлаб чиқиш юзасидан ишчи гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан умумтаълим фанлари бўйича умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-, 11-синфлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ягона ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
2017-2018 ва 2018-2019 ўқув йилларида ушбу ўқув дастурларини тажриба-синовдан ўтказиш режалаштирилди. Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун дарсликлар яратиш бўйича муаллифлар таркиби узлуксизликни таъминлаш мақсадида умумтаълим мактабларининг 1-9-синфлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун яратилган умумтаълим фанлари дарсликлари муаллифларидан ташкил топган муаллифлар гуруҳлари тасдиқланган. Янги ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-синфлари билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳам ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминланади. Шунингдек, 2018-2019 ўқув йилида ушбу ўқувчилар 11-синфга ўтганларида 11-синф дарсликлари билан тўлиқ ижара тизими асосида таъминланади.
— Эндиликда мактабларнинг ушбу юқори синфлари ўқувчиларига таълим берувчи ўқитувчи кадрлар масаласи қандай ҳал этилмоқда?
— Жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларида 10-синф очилиши муносабати билан 22,5 минг ставка ўқитувчиларга эҳтиёж юзага келади. Бу эҳтиёжнинг 9,5 минг нафари олий таълим даргоҳларининг битирувчилари ҳисобидан, 13 минг нафари академик лицей ва коллежлар фан ўқитувчиларини жалб этиш ҳамда ўқитувчилар дарс юкламасини ошириш орқали қопланади.
— “Адолат” СДПнинг ҳудудлардаги ишчи гуруҳлари умумтаълим мактабларида ўтказган ўрганишларда кўплаб синфлардаги ўқувчилар сони 38-40, баъзан қирқдан зиёдлиги, бу эса белгиланган гигиена талабларига мос келмаслиги, дарсларни 2 сменада ташкил этиш ҳолатлари ҳам борлиги аниқланган.
10-синф ўқувчилари синф хоналари билан қай тартибда таъминланади? Шулардан келиб чиқиб, шаҳар ва туманларда яна бир нечтадан янги мактаб бинолари қуриш зарур, деган таклифни билдирсак, бу фикрга қандай қарайсиз?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли қарори умумий ўрта таълим тизимида амалда мавжуд бўлган, лекин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан асосланмаган айрим ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши, мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларни белгиланган меъёрларга амал қилган ҳолда синфларга жойлаштириш, юртимиз фарзандларининг сифатли умумий ўрта таълим олишини таъминлаш ва бошқа кўплаб масалалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, янги Низомнинг 28-бандида белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли ва чўл ҳудуди) аҳоли пунктларида жойлашган, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади. Шунга кўра янги ўқув йилидан бошлаб 1-синфларда бола сони 35 нафардан ошмайди ва юқори синфдаги ўқувчилар сони босқичма-босқич мазкур меъёрга мослаштирилади.
10-синф ўқувчиларини жойлаштириш масаласи мактаб қувватидан ва ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Қайси мактаб ҳудудида аҳоли сонининг кескин кўпайиши оқибатида мавжуд қурилган биноларда ўқувчилар сони кўпайиб, синфхоналар етишмаётган мактабларга (яъни навбатлилик коэффиценти 1,3 дан ортиқдан бўлса) мазкур мактаб атрофида 3 километр узоқликдаги мактабларда бўш бинолар, хоналар мавжудлиги ўрганилади ва эҳтиёжга қараб янги мактаблар қурилади.
Ҳар йили умумтаълим мактаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 10 декабрдаги 291-сонли қарори билан тасдиқланган Тартибга асосан, вилоят ҳокимликлари таклифига асосан Инвестиция дастурларига киритиб борилмоқда.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” республика спорт мусобақалари ...
01 янв 1970
Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноатни модернизациялаштириш...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Саддатаги” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Бола ҳуқуқлари в...