Тарихий адолат сабоғи

/
31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида ўтказилган маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи экспонатлари билан танишар экан, аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги ёшлар учун ибрат мактаби эканини, ҳар бир бир вилоятда Қатағон қурбонлари хотираси музейининг филиалларини ташкил қилиш кераклигини, улар университет ва институтлар қошида ташкил этилса, айни муддао бўлишини таъкидлади. Музей ёнидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали атрофини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
“Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси — муқаддас зиёратгоҳ. Бу ерда тарихий хотира туйғуси, эзгулик ва адолатнинг боқийлиги, ҳуррият ва озодлик неъматининг қадрини янада чуқур ҳис этамиз. Шу боис хиёбон зиёратчилар билан ҳар доим гавжум.
Барчамизга маълумки, истиқлол йилларида юртимизда миллий урф-одат ва анъаналаримизни, қадриятларимизни тиклаш, тарихий адолатни қарор топтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ХХ асрнинг 30-50-йилларидаги қатағон қурбони бўлган ватандошларимизнинг порлоқ хотирасини абадийлаштириш мақсадида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2000 йилда Тошкент шаҳридаги Бўзсув канали бўйида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди.
Айтишларича, бир пайтлар бу жой Алвастикўприкдан ва қўрқинчли жарликлардан иборат бўлган, кечалари ўқ овозлари эшитилиб турган. Теварак-атрофда истиқомат қиладиган одамлардан баъзи бир довюраклари тунлари панада туриб кузатишса, бу ерда одамлар қатл этилар экан. Лекин бу тўғрида суриштириш, гапириш, овоза тарқатиш қатъиян тақиқланган. Шу тариқа ўз Ватанини мустақил кўриш орзусида ёниб яшаган халқимизнинг энг сара ўғлонлари отиб ташланган, бекафан кўмиб юборилган. Маълумотларга кўра, 1937-1953 йилларда 100 мингдан ортиқ юртдошларимиз қатағон қилинган.
Мустақиллик йилларида аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимиз адо этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майдаги «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида»ги фармонига биноан, ҳар йили 31 август куни — Мустақиллик байрами арафасида Қатағон қурбонларини ёд этиш маросими «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуида ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ушбу мажмуа Ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида ўз жонидан кечган юртдошларимизнинг безовта руҳи қўним топган муқаддас зиёратгоҳга айланди.
Миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасининг марказида жойлашган бўлиб, ушбу зиёратгоҳга янада кўрк бағишлаб турибди.
— “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи Фанлар академияси тизимидаги мустақил илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади, — дейди музейнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Мурод Зикруллаев. —Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 5 майдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 861-сонли қарорига мувофиқ музей экспозицияси янада такомиллаштирилди. Бугунги кунда экспонатларнинг умумий сони 13 715 та, шундан 1 005 таси кўргазмага қўйилган. Фондда сақланаётган ҳужжатлардан илмий тадқиқотлар олиб борувчи мутахассислар ҳамда қатағонга учраган ўз яқинлари тўғрисида маълумот сўраб мурожаат қилган фуқаролар фойдаланиб келишмоқда. Экспонатлар таркибидаги 558 та буюм қатағонга учраган ватандошларимизга тегишли. 9 та муҳр ва 6 та ўзбек давлатчилигининг турли даврларига оид тангалар, Тошкент ислом маданияти пойтахти рамзий калити, Ўрта Осиё хонликлари аскарлари қуроллари, қатағон даврига оид ГАЗ-11-73 автомобили, 30-йилларга доир фотоаппарат, шамсия ва бошқа буюмлар ҳам томошабинларни бефарқ қолдирмайди.
Музейимиз ходимлари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида биргина 2016 йилда 3 та монография ва 1 тўплам ва 1 та рисола нашр этилди, 73 та илмий мақолалар эълон қилинди. Шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаётган турли фонд ва муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. DVV (Халқ университетлари немис ассоциациаси филиали), Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Озарбайжон элчихонаси, қрим-татарларнинг Тошкент шаҳридаги “Авдет” миллий маданият маркази шулар жумласидандир.
Музей биноси ва экспозиция заллари замонавий мебеллар ва техника воситалари билан жиҳозланган. Хусусан, экспозиция залларига 10 та сенсор киосклари, 9 та монитор ўрнатилган бўлиб, уларга жойланган мустамлакачилик ва қатағон даврининг жафоларини акс эттирувчи ноёб архив маълумотлари, хотиралар, интервьюлар, мусиқий асарлар, видеолавҳалар ва сюжетлардан иборат қайғули давр кўринишлари музейга ташриф буюрувчиларга халқимиз тарихида кечган оғир дамларни чуқур ҳис қилиш имконини беради.
Янгиланган музей экспозициялари “Ўрта Осиё (Туркистон)нинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ва маҳаллий халқнинг бунга қарши кураши”, “Миллий уйғониш, унинг намоён бўлиши ва амалий йўналишлари”, “Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тугатилиши ва совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1917-1924 йиллар)”, “Ўрта Осиё минтақасида зулм ва босқинчиликка қаршилик ҳаракати ва қуролли чиқишлар (1918-1936 йиллар)”, “Совет ҳокимиятининг “коллективлаштириш” ва “қулоқлаштириш” сиёсати, унинг фожиали оқибатлари (1930-1936 йиллар)”, “30-йилларнинг бошларидаги сиёсий қатағонлар (1929-1936 йиллар)”, “1937-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар”, “1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар”, “1980 йиллардаги қатағонлар: “Пахта иши” кампанияси” ҳамда “Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар (1991 йилдан кейинги давр)” деб номланган 10 бўлимга жойлаштирилган.
Мазкур бўлимлардаги экспозициялар юртдошларимиз қалби ва онгида ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат ва садоқат ҳиссини уйғотиш, айниқса, ёшларимизни бугунги дориломон кунлар қадрига етиш, қатағон қурбонлари хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишга ундайди.
Мухтасар айтганда, мустабид тузум даврида юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган ХХХI ёзги Олимпия ва ХV Паралимпия ўйинлари якунлари мустақил мамлакатимиз шон-шуҳратини дунёга ...
01 янв 1970
— Ўғлимнинг юқори синфда ўқиётганини эшитган танишим яхши репетиторлар борлигини айтиб қолди. ...
01 янв 1970
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсал...
01 янв 1970
Ўзининг табаррук 91 ёшида саҳар туриб сигир соғишни ёки томорқасидаги сабзавотга ишлов беришни хуш кўрадиган Майрам момо ҳақида эшитганмисиз?...