Олимнинг ибрат мактаби

/
Мамлакатимизда юқори салоҳияти эътироф этилган олимлар кўп. Бутун ҳаётини илм-фанга бағишлаган академик Абдумуталиб Ҳожиев ўзининг улкан илмий тажрибаси, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига қўшган салмоқли ҳиссаси, айниқса, пахта етиштириш, тупроққа маҳаллий ва минерал ўғитлар солиш жараёнларини механизациялаш соҳасида янги технологияларни ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлари, илмий ва амалий ишланмаларни тарғиб қилиш ва жорий этишдаги ўзига хос фидокорлиги билан танилган олим.
Техника фанлари доктори, профессор, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Абдумуталиб Ҳожиев билан мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрами шукуҳли кунларида суҳбатлашдик.

— Жаннатмонанд ўлкамиз азалдан илм-фан, маданият ва маърифат марказларидан бири бўлиб келган. Бу табаррук заминдан етишиб чиққан Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек каби алломалар жаҳон илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Бугун юртимиз олимлари изланишларига назар ташласак, бобокалонларимиз даҳоси авлодлар қонида оқаётганига гувоҳ бўламиз.
— Дарҳақиқат, истиқлол йилларида республикамизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар эътирофга молик. Президентимиз томонидан 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда малакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш каби қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида соҳада амалга оширилиши зарур бўлган долзарб таклифлар илгари сурилди. Жумладан, юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори академик фан нуфузини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасини тубдан яхшилаш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва олимларнинг сермашаққат меҳнатларини муносиб моддий рағбатлантиришга кенг йўл очди.
— Ҳамкасбларингиз сизни “деҳқон оиласидан чиққан академик” дейишади. Шу ҳақда сўзлаб берсангиз.
— Бунинг сабаби жуда оддий. Мен деҳқон оиласида ўсиб-улғайганман. Таржимаи ҳолимни қисқа баён қилсам: 1953 йил ўрта мактабни тугатгач, илмга чанқоқлик билан Тошкентдаги Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Ислом Каримов номли Тошкент давлат техника университети)нинг механика факультетига ўқишга кирдим. 1958 йили институтни тамомлаб, “Машиналар механизмлари назарияси ва деталлари”, “Тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналари” кафедраларида ассистентлик қилдим. Сўнгра 1961-1964 йилларда Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасида таҳсил олдим. 1965 йилда номзодлик, 1989 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 1990 йилда профессор унвонига эга бўлдим. 1991 йилдан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзосиман. 59 йиллик илмий-педагогик фаолиятим давомида Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институтининг лаборатория раҳбари, институт директори, бир неча ихтисослашган кенгашлар раиси сифатида меҳнат қилдим.
— Республикамиз етакчи олимлари, конструкторлар ва ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари билан доимий ҳамкорлик пахтачиликни механизациялаш борасидаги илмий тадқиқот ишларида қандай натижалар берди?
— Ҳамкорликда олиб борилган илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари туфайли 60 дан ортиқ технологиялар, машиналар, уларга мослама ва ишчи аъзолар конструкциялари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. 650 дан ортиқ ихтироларга муаллифлик гувоҳномалари ва патентлар олинди. 67 та техника воситасига агротехник талаблар тайёрланди.
Шу ўринда бир мисол. Ўтказилган тадқиқотлар натижасида далаларга ўғитларни сочишда нотекислик мавжудлиги, бунда 60 фоизгача ўғит тупроқнинг қуриб қолган юза қисмида қолиб кетиши, қатор ораларга энсиз тасма ҳолида кўмилган ўғитларни ўсимликлар ўзлаштира олмаслиги пахтачиликда минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлиги пастлининг асосий сабаби эканлиги аниқланди. Ўзимизда ва чет элларда ишлаб чиқарилган барча турдаги ўғит солиш аппаратлари ўрганиб чиқилганда, улар юқори концентрацияланган минерал ўғитларни меъёрда (20-30 кг/га) солишни таъминлай олмаслиги маълум бўлди. Бу камчиликларнинг барчаси таҳлил этилиб, озуқа моддаларини чигит уялари ва ғўза кўчатлари тупларига яқин қилиб, бир текисда жойлаштириш, тупроққа экишдан олдин ишлов бериш жараёнида минерал ўғитларни кенг тасмали усулда бўлажак ғўза қаторларига солиш, чигит экиш ва ғўзани парваришлаш даврида эса икки қатламга бир текис минерал ўғитларни солиш интенсив технологиясининг илмий асослари ҳамда уни амалга ошириш учун техника воситалари комплекси ишлаб ишлаб чиқилди.
Илмий тадқиқотлар натижаси ўлароқ, чизель ўғитлагич, дискли борона учун мослама, чуқур юмшатгич учун мослама ва ғўза қатор ораларига ишлов бериш культиваторининг ўлчамларини асослаш услубияти ва математик усуллари таклиф этилди. Бунинг самарасида ўғитлардан унумли фойдаланиш имкони яратилди.
Тукли чигитларни аниқ меъёрларда экиш мақсадида озиқлантирувчи-ҳимояловчи қобиқ билан қоплаш учун такомиллаштирилган технологик тизим ва техника воситалари комплексини яратиш устида олиб борилган тадқиқотлар туркуми ҳам алоҳида ўрин тутади. Техника воситасида тайёрланган қобиқли уруғлик чигитлар турли тупроқ-иқлим шароитида синовдан ўтди ва деҳқонлар томонидан ижобий қабул қилинди.
— Абдумуталиб Ҳожиевич, шогирдларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
— Илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бирга, ёш авлодни қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук мутахассислари қилиб тарбиялашдек эзгу мақсад йўлида 26 нафар фан номзоди ҳамда бир қанча фан докторларига устозлик қилдим. Шогирдларим билан 332 та илмий мақола, 4 та монография яратганмиз, 53 та ихтиро муаллифимиз.
Ёшим 80 дан ошса-да, эл хизматида бўлиб, илм-фан ривожига ҳисса қўшиб, ёшларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш йўлида иш олиб бораётганимдан мамнунман.
Абдумуталиб Ҳожиев оилавий ҳаётидан ҳам мамнун. Рафиқаси Сайёра Ҳожиева шифокор, ҳозирги кунда нафақада. Уларнинг 4 нафар фарзанди олий маълумотли, халқ хизматида. 12 нафар невара ва 3 нафар эваранинг ҳар бири бир дунё.
Табиатан вазмин кўринган олимда катта ҳаётий тажриба, уммон қадар илм мужассам. Ҳар кунидан бир олам мўъжиза кутгувчи, техникани жону дилидан севиб, тинмай изланган, ёшлардан, шогирдларидан меҳрини аямаган бу инсон ҳаёти барчамиз учун ибрат мактабидир.

Ойгул РАЗЗОҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...
01 янв 1970
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
01 янв 1970
Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг &...
01 янв 1970
Мактабларимизда янги ўқув йили бошланганига ҳам ўн кундан ошди. Ўзгаришлар бир олам. Уларнинг ҳаммаси яхшиликка......