Темурбеклар мактаби

/
Шарқда азалдан “одил подшоҳ” тушунчаси мавжуд ва ҳар бир халқ доим шундай подшоҳни орзу қилган. Ана шундай сифатларга эгалиги билан нафақат ўз даврида ҳурмат ва эътибор қозонган, балки тарихнинг ҳам буюк сиймосига айланган Соҳибқирон Амир Темур бобомизни дунё аҳли улуғ саркарда, кучли ва марказлашган давлат асосчиси сифатида тан олади. Негаки, Соҳибқирон интизомли қўшин тузиш ва уни моҳирона бошқариш, жанг тақдирини ҳал этадиган жойларга ҳарбий кучларни тезкорлик билан йўллаш, мавжуд тўсиқ ва ғовларни тадбиркорлик билан бартараф этиш ҳамда қўшиндаги жанговар руҳни юксак даражада тутиб туриш маҳоратига эга бўлган.
Президентимизнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига асосан республикамизнинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилгани ҳам буюк давлат арбоби ва саркарда бобомизга нисбатан билдирилган юксак эҳтиром ва ҳурмат ифодасидир.
Маълумки, давлатимиз раҳбари фармонига биноан Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч ҳарбий академик лицейларига Соҳибқирон бобомиз номи берилди. Айтиш керакки, уларнинг фақатгина номи ўзгаргани йўқ. Бу мактаблар орқали келгусида Соҳибқирон Амир Темур бобомизга муносиб авлодларни вояга етказиш, чинакам ватанпарвар, мард ва фидойи ёшларни тарбиялаб, камол топтириш, буюк саркарданинг жанг санъати билан ёш курсантларни яқиндан таништириш, келажаги буюк Ватанимизнинг ўтмиши ҳам нечоғли буюк эканини уларга англатиш ва асосийси, юрти, халқи тинчлиги, осойишталиги учун ҳар доим, ҳар нафас сергак турувчи посбонларни улғайтириш мақсади кўзда тутилган.
Яқинда ана шу мактаблардан бири — Тошкент Темурбеклар мактабида бўлдик. Мактаб биносига яқинлашар экансиз, ҳали остона ҳатлаб кирмасданоқ, у ерда ўрнатилган тартиб-интизомдан воқиф бўласиз. Боиси атроф сув қуйгандек жимжит. Гоҳ-гоҳида қушлар чуғур-чуғури, машиналар овози эшитилади, холос. Ҳар бир ёш курсант мактаб раҳбарларидан тортиб, ўқитувчи, меҳмонларгача ҳарбийчасига салом бериб, мурожаат қилишади. Бу одатий тартиб-қоиданинг бир кўриниши бўлса-да, кишига чексиз фахр ва ғурур бағишлайди. Ўқув биноси сари одимларканмиз, бўсағада бизни мактаб директори ўринбосари, подполковник Қамбарали Азизов кутиб олди. Унинг сўзларига кўра, ёш курсантлар ҳозир ўқув машғулотларида, 20 дақиқадан сўнг иккинчи танаффусга чиқишаркан ва ана ўшанда улар билан яқиндан танишиш, суҳбатлашиш имкони бўлар экан. Унга қадар биринчи взвод командири Баҳодир Ортиқов бизни мактаб ўқув хоналари, ошхона ва курсантлар ётоқхонаси билан таништирди.
Ўқув хоналарини кўздан кечирарканмиз, ҳар бири керакли жиҳозлар, кўргазмали қуроллар, услубий-методик ўқув қўлланмалари билан жиҳозланганининг гувоҳи бўлдик. Шубҳа йўқки, бу хоналарда ўқувчилар тажрибали устозлари кўмагида фанга доир барча илмларни пухта эгаллашади.
— Мактабимизда биринчи босқичданоқ нишонга аниқ отиш, саф тайёргарлиги бўйича бошланғич билимлар берилади, — дейди ўқитувчи Қаҳрамон Раҳмонов. — Кейинги ўқув босқичларида бу билимлар янада чуқурлаштирилиб ўқитилади. Амир Темур бобомизнинг жанг санъати, услублари ва қизиққан спорт турлари ҳақида курсантларга етарлича билим берилмоқда. Уларнинг ўзлари ўқиб, ўрганишлари учун ҳам дарсликлар, ўқув қўлланмалари бор. Қолаверса, ўқувчиларимизни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, мактабга энди келган курсантларга яхши муомалада бўлиб, керак бўлса ота-онасидек дўстлашиб, тил топишиш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш асосий вазифаларимиздан биридир.
Уч босқичли синов асосида, яъни дастлабки танлов (туманларда ўтказилади), ҳарбий касбий танлов (вилоят мудофаа ишлари бўлимида) ва давлат тест синовлари(Темурбеклар мактабининг ўзида)дан ўтказилиб, билимли, тиришқоқ ва келгусида аждодларга муносиб авлод бўлишни мақсад қилганлар Темурбеклар мактабида таҳсил олиш бахтига мушарраф бўладилар. Ўқишнинг илк кунларидаёқ, ўқувчиларнинг бари ҳарбий кийим-бош ва турар жой билан таъминланадилар. Баҳодир Ортиқовнинг сўзларига кўра, ҳозир бу даргоҳда 450 нафар ўқувчи билим олмоқда. Шуларнинг 150 га яқини биринчи босқичга қабул қилинган ёш курсантлардир. Айтганча, илгарилари ўқувчилар уч йиллик таълим олишган бўлса, жорий йилдан икки йиллик таълим жараёни йўлга қўйилди. Шу давр мобайнида улар керакли барча билимларни пухта эгаллашади.
Айтиш жоизки, ўқувчилар маълум меъзонлар асосида танлаб олинса, мазкур ўқув масканида илм берувчи педагоглар, ҳарбий хизматчилар ҳам қатъий талаблар асосида ишга қабул қилинади. Тегишли маълумотга, юксак ахлоқий-руҳий сифатларга эга номзодларгина педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Ҳарбий хизматчилар эса маънавий-маърифий тайёргарлик ва жанговар тайёргарликдан юқори натижаларни қўлга киритган, қўшинлар сафларида камида 10 йил тажриба орттирган, педагог, психолог ёки юридик олий маълумотга эга бўлиши шарт.
Ўқув жараёнида йўлга қўйилган кун тартибида ҳаракатланиш режаси бизга жуда ёқди. Сабаби ўқувчиларнинг бир сонияси бекорга сарф бўлмайди. Қўшимча мустақил шуғулланиш дейсизми, китоб ўқиб, дам олишми — бари режага биноан бажарилади.
— Кун тартиби асосида ҳаракатланган ҳар бир ёш, аввало, вақтдан унумли фойдаланиш, вақтни фойдали ишларга сарф этишни ўрганади, — дейди взвод командири, майор Искандар Жалилов.
— Ватан ҳимоячиси бўлишни ўзим учун шараф деб биламан, — дейди қашқадарёлик 2-босқич ўқувчиси Нурфайз Муҳаммадиев. —Ҳам илмли, ҳам меҳрибон ўқитувчиларимизнинг бераётган таҳсиллари натижасида билим савиям ошди, ҳарбий соҳага бўлган қизиқишим янада ортди. Келажакда ҳарбий олий ўқув юртларидан бирига ўқишга кирмоқчиман. Мақсадим Ватанимиз сарҳадларини муносиб ҳимоя қилишдир.
Тошкент Темурбеклар мактабига малакали ўқитувчи-педагогларни жалб этган ҳолда Амир Темурнинг мардлиги, ташкилотчилик қобилияти ва стратегик тафаккури, қўп сонли ғалабалари, бунёдкорлик ишлари, бетакрор шахсий фазилатларини кенг тадқиқ этишга қаратилган ўқув-услубий, илмий, бадиий адабиётлар, методик қўлланмаларни тўплаш, тайёрлаш, шу йўналишда АРМ фондини янада бойитиш ва мазкур адабиётлардан таълим жараёнида кенг фойдаланиш йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, мактабда ҳар ой ёзувчи-шоирлар, таниқли актёрлар билан ижодий учрашувлар ўтказиб келинади. Стол тенниси, кураш, қўл жанги, футбол, волейбол, баскетбол каби спорт тўгаракларида курсантлар ўзларини янада чиниқтирадилар.
Сўнгсўз ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳарбийларимиз бор экан, сарҳадларимиз мустаҳкам, юртимиз осойишта. Ўтаётган куну тунимиз тинчлик-омонликда. Темурбеклар мактаби ўқувчилари эса уларга издош, аждодларига муносиб ворислардир.
Абдуғани СОДИҚОВ,
Гўзал МАЛИКОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг асрлар давомида шаклланадиган миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналари бўлади....
01 янв 1970
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади....
01 янв 1970
Хива мамлакатимиздаги тарихий шаҳарлар ичида шаҳарсозлик нуқтаи назаридан мўъжизавий қалъа сифатида эътироф этилади....
01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...