Матбуот: сифатсиз нашрлар кимга керак?

/
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолиятининг даражасига боғлиқ. Бу борада мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўз ва ахборот эркинлигининг таъминлангани, ижодкорларнинг эркин фикр юритиш имкониятига эга бўлгани соҳада кенг ислоҳотларни амалга оширишга шароит яратди. Ўтган йиллар давомида соҳанинг моддий-техник асоси мустаҳкамланиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Айни пайтда соҳада бир қатор муаммо ва камчиликлар учраётгани, аниқроқ айтганда, бугунги кунда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз ва халқаро майдонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тўғри таҳлил қила олиш ва холисона хулоса чиқариш кўникмасининг етишмаслиги, айниқса, хусусий мулк шаклидаги айрим газеталарда эълон қилинаётган мазмунан саёз, ижтимоий аҳамияти паст, “оммавий маданият” руҳидаги материаллар, афсуски, вақтида малакали баҳосини олмай, уларга нисбатан тегишли қонуний чоралар қўлланмаётган эди. Ушбу ўта масъулиятли ишни бажаришга масъул бўлган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ўзига юклатилган вазифаларни адо этишда сусткашликка йўл қўяётган эди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 августдаги “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши соҳада учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мазкур фармоннинг қабул қилинишига туртки бўлган омиллар, унинг ижтимоий аҳамияти ва бугунги матбуотимиздаги оғриқли нуқталар хусусида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг масъул ходими Шоқаҳҳор Салимов билан суҳбатлашдик.
— Шоқаҳҳор ака, айтинг-чи, бугун кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётган мазкур фармоннинг ижтимоий аҳамияти нималарда намоён бўлаяпти?
— Фармонда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаа фаолиятини ривожлантириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасида 10 дан зиёд қонун ва 150 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Натижада 26 йил давомида оммавий ахборот воситалари қарийб 4 марта, нашриётлар 13 карра ва матбаа корхоналари 12 баробар кўпайиб, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти сезиларли даражада яхшиланди.
Дарҳақиқат, салкам 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида матбаачилик соҳасини кузатиб, таҳририят, нашриётлар фаолиятини таҳлил, мониторинг қилиш билан шуғулланиб келаётган мутахассис сифатида айта оламанки, бундан 15-20 йил аввал таҳририятлардаги шароит ҳозиргидан буткул фарқ қилар эди. У вақтларда таҳририятлар ҳозиргидек компьютер, интернет ёки замонавий русумдаги фотоаппаратлар билан таъминланмаган эди.
Бугун бу борада деярли муаммо кузатилмаяпти, аксарият ҳудудий ёки тармоқ нашрлар таҳририятида ҳам зарур моддий-техник база етарли даражада. Лекин тан олиш керак, ўтган давр ичида матбуот, ноширлик соҳаларида сифат эмас, миқдор кўрсаткичларимиз юқори бўлишига эриша олдик, холос. Кўпгина тадбирларда ёки мақолаларимизда фалон йиллар мобайнида мамлакатимизда бир неча юздан ортиқ газета-журнал ташкил этилди, деб айтиб келдик. Аслида газеталаримиз сони кўплиги соҳада рақобат ривожланишига хизмат қилиши керак эди, лекин аксарият газета-журналларда чоп этилаётган мақола ва хабарларнинг сифати, савияси, ўқувчиларга берадиган маънавий озуқаси бўйича бугунги муштарийларнинг талаби, дунёқараши, билим ва салоҳиятига жавоб бера олаяпти, деб айта олмаймиз.
Оммавий ахборот воситаси – жамият кўзгуси, миллатнинг юзи. Унинг зиммасида кенг жамоатчиликни фикрлашга чорлаш, тарбиялаш, дунёқарашини бойитишдек масъулият туради. Бироқ, афсуски, юқорида айтганимиздек, сўнгги йилларда республика матбуот ва оммавий ахборот воситалари мониторинги баъзи таҳририятларда бу масъулият тобора сусайиб кетаётгани, улар фаолиятида қатор камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларининг содир этилиши мунтазамлик касб этаётганини кўрсатди. Қонунбузилишлар юзасидан таҳририятлар ва муассисларга нисбатан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қўлланилаётган таъсир чораларидан тегишли хулоса чиқармаслик, уларга яратиб берилаётган имконият ва эркинликни суиистеъмол қилиш оқибатида кўплаб тақдимнома ва кўрсатмалар қоғозда қолиб кетиши, айрим оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар томонидан ўзининг низом талабларига тўғри келмайдиган, миллий қадриятларимизга зид, ғоявий ҳамда матбаа сифати паст маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳолатларига йўл қўйилаётгани ҳам бор гап.
Шу боис ҳам юқоридаги фармонда оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаачиликни янада ривожлантириш, замонавий ахборот бозорини шакллантириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклангани нафақат соҳанинг жонкуяр ходимларини, балки дунёқараши, тафаккури ўсиб бораётган зийрак ўқувчиларимизни ҳам қувонтиргани аниқ.
— Юқорида матбаачилик, нашриёт соҳасида учраётган айрим қонунбузилишлар ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Бу камчиликларни бартараф этиш борасида агентликнинг роли ва ўрни нега сезилмаяпти?
—Биргина 2017 йилнинг ўтган ойлари давомида қайд этилган қонунбузилишларга чек қўйиш мақсадида агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларига 100 дан ортиқ, нашриёт ва матбаа корхоналарига 70 га яқин таъсир чоралари қўлланилди. Бироқ, айрим турдаги қонунбузилиш ҳолатлари борки, уларга жамоатчилик эътибори ўз вақтида қаратилмаса, “касаллик” бошқа нашрларга ҳам юқиши, “тадбиркорман-ку, журналист эмасман, фаолиятимда камчиликларга йўл қўйсам ҳам бўлаверади” қабилида иш тутиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари ўз нутқида турли хусусий газета-журналлар, нашриётлар ижод маҳсулининг савияси пастлиги, саёзлигини кескин танқид қилиб, бу соҳанинг тижоратлашувига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур учрашувдан сўнг агентликнинг расмий баёноти эълон қилинди. Унда “агентлик юқоридаги сингари “ишбилармонлар”ни “қонунни бузманг” деган юмшоқ ва сип-силлиқ тақдимномалар юбориб, огоҳлантириш эмас, балки халқимиз, жамоатчилик олдида изза қилиш, соҳа қонунларини менсимайдиган, миллий қадриятларимизни оёқости қиладиган, пул топаман деб журналистика шаънига доғ туширадиган “ҳамкасбларимиз”ни соғлом ва холисона танқид қилиши қайд этилди. Ҳақиқатдан ҳам соҳамизда айрим камчилик, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўяётган таҳририятларга нисбатан қатъий чоралар қўлланилса, ўқувчиларимизга тақдим этилаётган мақола ва материалларнинг сифати, савияси ортади. Бундан эса, кенг жамоатчилик, яъни газетхонлар ҳам, таҳририятлар ҳам ютади.
— Йўл қўйилаётган камчиликлар ва қонунбузилишлар бўйича аниқ мисоллар келтира оласизми?
— Ҳеч ким ёки ҳеч бир ташкилот хатоликка йўл қўйишни истамайди ёки уларни атайин содир этмайди. Бироқ матбуот соҳасида сўнгги пайтларда учраётган баъзи камчиликларни кузатар экансиз, айрим газета ёки журналларда фаолият юритаётган масъул мутахассисларнинг хатти-ҳаракатларида оддий мантиқ, узвийликни кўрмаслигимиз кишини хавотирга солади.
Шундай газеталар борки, рўйхатдан ўтганидан кейин бор-йўғи бир маротабагина чоп этилган. Масалан, “Коммуналчи” номли ҳафталик газета 2017 йил июнь ойида рўйхатдан ўтган, бироқ шу пайтга қадар икки мартагина чиққан. Ёки бир хусусий фирма таъсисчилигида чоп этилган “Адабиёт” газетасида ҳам худди шундай ҳолат кузатлиган. Ёки Наманган вилоятида 2016 йил 10 май куни рўйхатдан ўтказилган “Дилроз” газетасининг 10 та сони ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган, холос. Одатда, кенг аудиторияни жалб этиш мақсадида бундай газеталарнинг нишона сонида элимиз суйган таниқли санъаткор ёки “юлдуз”ларнинг сурати ва дастхати, ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар ўрин олганига гувоҳ бўламиз.
Ўрганишлар давомида бир хил юридик манзилда рўйхатдан ўтган бир неча газеталар ҳам борлигини аниқладик.
Масалан, Самарқанд вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан қайта рўйхатдан ўтказилган “Express sayoхat servis” МЧЖ муассислигида айни бир хил юридик манзилда икки номдаги газета, яъни “Ёш авлод” ва “Maktab.uz” рўйхатдан ўтган. Ўқувчилар орасида “Шунга нима бўлибди, тадбиркорликка кенг йўл очилган бўлса, уддасидан чиқса, қандини урсин, имконияти бор экан, икки газета ташкил этибди, бунинг нимаси ёмон?” дейдиганлар ҳам топилиши мумкин. Бироқ матбуот, аввало, даромад топиш манбаси эмас, балки халқимизга ишончли, тўғри ва холис ахборотни тарқатувчи, жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилувчи минбар бўлиши шарт эканлигини унутиб қўймаслигимиз керак.
Қизиғи шундаки, адади 600 тани ташкил этувчи бу газеталардаги мақолалар бир-бирига ўхшаш, ҳатто аксарият ҳолатларда айнан кўчириб босилаверган. Бу газеталарнинг бирида бош муҳаррир сифатида фаолият юритадиган инсон иккинчисида нашр учун масъул сифатида қайд этилган ва иккинчи нашрда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. “Ёш авлод” газетасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи номи “Бирлашган ёшлар уюшмаси” деб ёзилганига кўзингиз тушади. Бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин...
Амалдаги қонунларимизга беписандлик билан қараётган нашрлардан яна бири “Oltin asr” журналидир. Нашрнинг таъсис ҳужжатларида ихтисослашуви ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий, ҳуқуқий экани кўрсатилган. Бироқ журналда берилган кўплаб материалларда “Oltin asr” ҳуқуқий журнали тарзида маълумотлар келтирилган. Журналга ҳуқуқий дея зўр беришга уринишдан мақсад нима?
Ушбу “ҳуқуқий” журнал муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига риоя қилмаслик, тил қоидаларини қўпол равишда бузиш бўйича “рекордчи” нашрлардан биридир. Хусусан, нашрнинг 1-сонида ўндан ортиқ материал Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан кўчирилган ёки асл манбаси кўрсатилмаган. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент қарор, фармонлари номи ва нормаларини бузиб кўрсатиш ҳолатлари бўйича ҳам “етакчи” бўлган бу нашр саҳифаларида саноқсиз имловий ва услубий хатоларга йўл қўйилган.
Бундан ташқари, журналда мақолалар сарлавҳаси бир неча бор такрорланган. Журнал республика миқёсидаги нашр ҳисобланади. Аммо унда чоп этилаётган бир қатор мақолаларда материал қайси туман ёки вилоятга мансублиги қайд этилмаган, маҳалла ёки мактаб номи кўрсатилган, холос.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари, нашриётлар муассисларига белгиланган тартибда чоралар қўлланилган. Бироқ бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади дейишганидек, бирини эпласанг, иккинчиси иш кўрсатиб туради. Шунинг учун биз ўз истеъмолчиси – обуначисидан пулини олиб сифатсиз “маҳсулот” тақдим этаётган бундай газета-журналлар, нашриётларнинг асл қиёфасини очиб ташлаб, халқ ҳукмига ҳавола қилиб боришда давом этишимиз зарур.
— Айтинг-чи, соҳамизда бу каби камчилик ва хатоларни камайтириш, оммавий ахборот воситалари чинакамига миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?
— Аввало, халқимизга ахборот, фикр, билим ва маънавият тарқатиши лозим бўлган оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш керак, назаримда. Айниқса, ОАВларни рўйхатга олиш, услуб, тил, йўналиш, мавзу борасида бир-бирини такрорловчи тармоқ нашрларини мақбуллаштириш, таҳририятлар қошида “устоз-шогирд” тамойиллари асосида самарали фаолият юритадиган “маҳорат мактаблари”ни шакллантириш ва энг асосийси, журналист кадрлар тайёрлаш борасида ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Ана шунда келажакда мамлакатмизда чоп этилаётган босма нашрларда учраётган хато-камчиликларнинг олди олинади.
“Adolat” мухбири
Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жанггоҳлардан келган мактубларни кўрганмисиз? Қўлингизда бир бор тутиб хаёлга ботганмисиз? ...
01 янв 1970
Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?...
01 янв 1970
27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...