Жасоратга йўғрилган йиллар

/
Буюк ва бебаҳо мерос
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан. Ҳаво мавжларида ҳаёт фалсафасидан иборат “Нима қолди?” деган қўшиқ янграмоқда. Ҳофизнинг ҳар банд охиридаги “Нима қолди?” саволи тингловчига бу дунёнинг ўткинчилиги, лекин унда фақат эзгу амаллар унутилмаслигини уқтираётгандай.
Бу саволни мушоҳада қилган инсон, энг аввало, ўз ҳаётига баҳо берса керак. Умрнинг анча манзилини босиб қўйдик, буёғи қанча қолганини ҳеч ким билмайди. Хўш, эртага биздан нима қолади? Шундай сўроқ бўлганда юзимиз ёруғми? Ўзга мамлакатдан келган меҳмон бирдан сўраб қолди: “Айтинг-чи, Ислом Каримовдан нима қолди?”

Ажабо, юртимиздаги ҳақиқий ҳаётдан бехабар одам шундай савол бериши мумкиндир. Лекин Ўзбекистон заминида яшаган, шу тупроқ ноз-неъматидан баҳраманд ҳар бир инсон Биринчи Президентимиздан нима қолганлигини яхши билиши керак.
Эҳ-ҳе... Мустақил Ўзбекистоннинг раҳбари ўзидан нималар қолдирганини санаб саноғига етиб бўлармикан?! Биз ҳаётимизнинг қайси соҳаси ҳақида гап юритмайлик, кўп ҳолларда беихтиёр “Ислом Каримов айтганларидек” деган иборани сўзимиз бисмиллосида тилга оламиз. Биринчи Президентимиздан, таъбир жоиз бўлса, озод ва обод Ватан қолди. Шу озод ва обод Ватанимизнинг ҳар бир бурчаги, ҳар бир қаричи ул зот учун қанчалик қадрли эди. Шуларни ўйлар эканмиз, кўнглида ўз заминига меҳри бор инсон шу Ватанни янада обод қилиш ишига ҳисса қўшгиси келади.
“Мустақиллик — муқаддас неъмат”. Бу калом исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. “Тарихий хотирасиз — келажак йўқ”. Ушбу ҳикматни ҳаётимизнинг ҳар қадамида ёдимизга оламиз. “Эгали юрт эркини бермас”. Асрий орзуларимиз ушалгандан кейин тўққиз йил ўтгач ушбу сўзлар янгради. “Барқарорлик ва бунёдкорлик — тараққиётнинг қўш қаноти”. Бу сўзларни газеталаримиз биринчи саҳифаларида йирик ҳарфларда бергани кечагидек ёдимда. “Адолат — қонун устуворлигида”. Бу калом ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг доимий шиорига айланди. “Раҳбар, етакчи ўзи ёниб, ўзгаларни ҳам ёндириб яшаши керак”. Бу даъват ҳамон кун тартибидан олинган эмас. “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор”. Ижод аҳлининг дил-дилидан жой олган бу сўзлар Ватан ишқида ёнувчи ижодкорларга илҳом бахш этмоқда. Бундай даъватлар халқимиз онгидан мустаҳкам жой эгаллаб, ҳаётимиз, кундалик фаолиятимизга сингиб кетганлиги барчамизга аён.
Агар Ислом Абдуғаниевичдан энг катта орзуингиз, ҳаётдан мақсадингиз нима деб сўраш имкони бўлганда қуйидаги жавобни олиш мумкин эди: “Ватан озодлиги, халқимнинг омонлиги, юртимнинг равнақи, ҳар бир оила фаровонлиги — мен учун олий саодат”. Бу тилак, бу истак Ўзбекистонда миллион-миллион инсонлар қалбига нур ато этди, халқимизни ягона мақсад сари бирлаштирди.
“Ислом ака миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида халқини, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонни жонидан ҳам ортиқ севар, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади деб билар эди”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шарофатли одамнинг қадамида гул очилади, дейишади. Ислом Каримов 1993 йил 16 сентябрда илк бор ислом оламининг йирик вакили Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги тантаналарига ташриф буюрганда шу муборак манзилнинг бахти очилди. Мустақиллик йилларида Президент ташаббуси ва раҳнамолигида илгари қаровсиз ётган жойда асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Неча аср муқаддам кўмилиб кетган обидалар қайта кўз очди. Бу ерга қадам қўйган меҳмонлар зиёратни, энг аввало, буюк алломанинг онаси мангу қўним топган қабрдан бошлайдиган бўлишди. Биргина шу анъананинг қайта тирилиши миллатимизда онага эҳтиром рамзини ифодалайди.
Ислом Каримовнинг “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак” деган қанотли ибораси илк бор қачон айтилганини эслайсизми? 1998 йил октябрида Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуининг очилишига бағишланган маросимда сўзлаган нутқда янграганди бу калом. Савобли ишларни қилган одамга, унинг элу юртига, албатта, Аллоҳнинг раҳматлари ёғилади. Биз эзгу ишларни қанча кўп қилсак, улуғ аждодларимизнинг иззат-икромини жойига қўйсак, уларнинг табаррук номларини бутун дунёга тараннум этсак, Яратганимизнинг ўзи бизни бало-қазолардан асрайди, бизга куч-қудрат ато этади, йўлимизни очиб беради.
Фарғонанинг Қува шаҳрида кишилик тарихидаги илк Уйғониш даврининг забардаст сиймоси Аҳмад ал-Фарғонийнинг муҳташам ҳайкали бунёд этилди. Эсимда, улуғ аждодимиз таваллудининг 1200 йиллиги нишонланишидан бир неча ой олдин Қувада Президентимиз янги обида қурилиши ва бу ерда амалга оширилаётган археологик қазишмаларни ўз кўзи билан кўриш учун ташриф буюрганига гувоҳ бўлгандим. Ўшанда Самарқанддаги Археология илмий-тадқиқот институти директори Т.Ширинов юбилей олдида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берганида Президентимиз бой ўтмишига эга тарихимиз хусусида ҳамманинг ғурурини уйғотувчи сўзларни айтганди. Кейинчалик ҳайкалнинг очилиш маросимидаги нутқида баён этган қуйидаги оташин сўзлар барчанинг қалбидан жой олган эди: “Бу зот қаерда яшаган бўлмасин, хоҳ Бағдодда, хоҳ Дамашқда, хоҳ Қоҳирада ўз илмий кашфиётлари билан шуҳрат топган бўлмасин, ишонаманки, у ҳамиша туғилган юртини соғиниб яшаган. Она Ватанининг муҳаббати ва соғинчини бир умр қалбида сақлаб юрган. Бу туйғу нафақат улуғ инсонларга, балки иймонли, диёнатли ҳар бир одамга хос хусусиятдир”.
Хоразмда она юрт ҳимоячиси, жасур саркарда ва давлат арбоби Жалолиддин Мангубердининг ҳайкали миллий қаҳрамон таваллудининг 800 йиллик юбилейига бағишлаб бунёд этилди. Шўро даврида бизда бу жасур инсон ҳақида ғира-шира тасаввур бор эди. 1999 йилнинг 5 ноябрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда Ислом Каримов нутқ сўзлади. Ислом Абдуғаниевич ўша тарихий нутқида таъкидлаб ўтганидек, Султон Жалолиддин сиймоси нафақат Хоразм, балки бутун Ўзбекистоннинг фахри-ғуруридир. У бизнинг озодлигимизга, истиқлолимизга тажовуз қилмоқчи бўлган ҳар қандай ёвуз кучга қарши тик туриб курашишга, мардона зарба беришга қодирлигимизнинг тасдиғи ва тимсолидир.
Қаҳрамонлик эпопеясини улуғлаш жанубий ҳудудда — Термиз шаҳрида давом этди. Бу заминда “Алпомиш” достонининг 1000 йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Ёши улуғ юртдошларимиз яхши билишади, шўро даврида “Алпомиш” достони қатағонга учраганди. Аслида “Алпомиш” достони бизга инсонпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади. Бу достон бутун ўзбек халқининг маънавий мулкидир. Лекин нима учун биз унинг тўйини айнан Термиз шаҳрида, Сурхон воҳасида ўтказдик? Негаки, Сурхон воҳаси, аввало, “Алпомиш” достони туғилган маскан. Алпомиш бепоён яйловларда, баланд тоғ дараларини гумбурлатиб от чопган, шу юртнинг зилол булоқларидан сув ичган, шу мағрур элга муносиб паҳлавон бўлиб етишган.
Бу тупроқ азалдан илму ҳунар, ҳикмат ва санъат руҳи билан йўғрилган. Имом ат-Термизий, авлиё Ҳаким ота каби улуғ зотларнинг ўлмас руҳи, ҳаётбахш ўгитлари баркамол авлодларни вояга етказди. “Алпомиш”дек буюк маънавий обидалар, Алпомишдек мард паҳлавонлар айнан мана шундай муҳитда дунёга келади.
Ислом Каримов ўтган ота-боболаримизни эслаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш халқимизга хос эзгу фазилат, хайрли ва савобли иш эканлигини амалда намоён этди. Юрт етакчисининг бу ибрати нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда эътироф этилди. Башарият маънавий тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги тантанаси шундай эзгу тадбирлардан бири бўлди. Бу заҳматкаш алломанинг бизга қолдирган улкан мероси, эришган шон-шуҳрати замирида, аввало, унинг ибратли ҳаёти, пок эътиқоди, олижаноб инсоний фазилатлари мужассам. Унинг улуғ эътиқоди, илму урфон йўлидаги фидойилиги, камтарлик ва хокисорлик фазилатлари унга нисбатан барчамизда буюк ҳурмат ва эҳтиром уйғотади.
Тақдирни қарангки, Бурҳониддин Марғиноний хоки Самарқандда, Чокардиза қабристонида мангу ором топган. Шу муқаддас маконда яна бир аллома — Имом Мотуридий ҳам қўним топган. Бу алломанинг 1130 йиллиги Марғилондаги тадбирдан бир кун кейин ўтказилди.
Буюк бобомизнинг бутун ислом олами, ўз халқи, ўз Ватани олдидаги яна бир улкан хизмати шундан иборатки, улуғ ватандошимиз эътиқод илми — муқаддас динимизни қандай тушуниш ва унга қандай амал қилиш таълимотини янада ривожлантирди. Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини халқнинг миллий урф-одатлари, асрий анъаналари билан уйғунлаштирди. Азиз зотларнинг номларини улуғлаб, мақбаралари ва қадамжоларини тиклаб, асраб-авайлаб обод этар эканмиз, Самарқанд нафақат сайёҳлар маконига, балки бутун дунёдан зиёратчилар ннтилиб келадиган қутлуғ бир масканга айланиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Обод юртга байрамлар ярашади. Биз юртимизда Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Марғилон, Самарқанд, Тошкент шаҳарларининг муборак саналарини, “Авесто” китоби, Маъмун академияси каби маънавий хазиналаримиз тўйларини ўтказдик. Бу шодиёналардан ҳосил бўлган ғурур ва ифтихор ҳисларини ҳеч қайси рақамларда баҳолаб бўлмайди. Биргина “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг ўзи Ўзбекистон номини бутун Ер юзига машҳур қилди. Биз санаган тадбирлар, уларнинг самаралари Биринчи Президентимиздан нималар қолгани ҳақидаги саволга қисман жавоб бўлади, деб ўйлаймиз.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўла ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, ҳаёт тарзимиз, турмуш даражамиз тобора юксалаётганида, эриш...
01 янв 1970
Ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кимдир фарзандини истироҳат боғига олиб борса, кимдир узоқ кутилган сов...
01 янв 1970
Рио-де-Жанейрода ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия мусобақаларида Ватан шаъни, обрў-эътибори учун курашаётган спортчиларимиздан ҳар куни хушхабарлар ...