Келажакнинг бунёдкорлик тимсоллари

/
Улуғ мутафаккир шоир номи билан аталадиган Навоий вилояти республикамизнинг марказий қисмида жойлашган, мустақилликнинг илк даврида, 1992 йилда ташкил этилган, салкам 111 минг квадрат километрлик ҳудудни эгаллаган. Унинг бағрида — шимоли-ғарб қисмида Қизилқум саҳроси чўллари, жанубий ҳудудларида Зарафшон дарёси соҳилларида деҳқончилик далалари ва боғлар, турли нуқталарида Айдаркўл, Шўркўл, Тўдакўл каби йирик сув манбалари ястаниб ётибди. Жанубий-шарқий қисмида эса Нурота тоғ тизмалари қад ростлаган. Вилоят ҳудудида инсоният тамаддунидан дарак берувчи олис ўтмиш тарихига оид масканлар ва қадимий ёдгорликлар кўп. Булар орасида милоддан олдинги икки мингинчи йилликларга оид Сармишсой дарасидаги қоятош суратлари, Учтут чақмоқтош шахталари, милодий аср бошларига мансуб Нуротадаги ноёб меъморий обидалар, Хатирчидаги Рабинжон, Фарнкас каби қадимий қалъалар ўринлари, Қизилтепадаги “Тавовис” шаҳри харобалари, VIII асрга оид Работи Малик карвонсаройи ва сардобаси, XV-XVII асрлар билан боғлиқ Қосим шайх Азизон хонақоҳи кабилар аждодлардан мерос ноёб намуналар сифатида сақланиб қолган. Бу тарихий ёдгорликлар қадим-қадимдан ушбу ҳудудда шаҳарсозлик, ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва бошқа соҳалар ривожланиб келганлигини кўрсатади.
Вилоятда бугунги кунда ҳам ер ресурслари кўплиги учун деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида, табиий бойликлар мўллиги учун саноат йўналишида, қурилиш хомашёлари захиралари етарли бўлганлиги сабабли бунёдкорлик, яратувчиликлар жараёнида, сув манбалари сероблиги натижасида балиқ етиштириш борасида ва бошқа жабҳаларда муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Масалан, 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар туфайли ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион сўмдан ошган. Бу ерда ўтган йили 866 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 611,9 миллиард сўм кредит ажратилган. 2,8 триллион сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилган. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 229 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, 9500 дан кўпроқ янги иш ўринлари яратилган. Бу кўрсаткичлар 2017 йилда янада юқори бўлиши шубҳасиз. Негаки, жорий йилнинг 9 ойи ичида эришилган ютуқларнинг ўзи 2016 йилнинг кўрсаткичларига етай деб қолган. Охирги чоракда қўлга киритиладиган муваффақиятлар ҳамма соҳаларда ишлаб чиқаришни 10-15 фоиз оширишга хизмат қилади.
Навоий мамлакатимизнинг саноати юксак тараққий этган вилоятларидан бири саналади. Бу ерда айни пайтда 17 та йирик саноат корхонаси фаолият юритмоқда. “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси кабилар саноат ишлаб чиқаришнинг етакчиларидан ҳисобланади. Эндиликда бу корхоналарни давр талабидан келиб чиқиб модернизация қилиш, халқаро стандартлар даражасидаги янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, улар фаолиятини янада кенгайтириш ҳаётий заруратга айланмоқда. Шу маънода, “Навоий кон-металлургия комбинати”да олиб борилаётган модернизация ишлари эътирофга лойиқ. Маълумки, бу корхонада Президентимиз ташаббуси билан 2017-2026 йилларда 27 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шу йил баҳорда қурилиши бошланган 5-гидрометаллургия заводи лойиҳада белгиланган корхоналардан биридир. Унинг умумий қиймати 396 миллион АҚШ долларига тенг. Завод тўла ишга тушгандан кейин йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Ноёб металларни ишлаб чиқариш кўпаяди. Энг муҳими, бу ерда 5300 та янги иш ўрни яратилади.
Ёхуд бошқа бир корхона — “Навоий иссиқлик электр станцияси”да олиб борилаётган янгиланиш ишлари ҳам эътиборни тортади. Бу корхонани вилоят саноатининг юраги дейиш мумкин. Чунки корхона ушбу ҳудуддаги барча саноат тармоқлари учун электр ва иссиқлик энергиялари етказиб беради. Бир пайтлари кичкинагина бўлган электр станция эндаликда йирик корхонага айланмоқда.
— Станциямизда кейинги ўн йил ичида иккинчи марта модернизация жараёнини, яъни янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ишларини амалга оширмоқдамиз, — дейди ушбу акциядорлик жамияти бош директори Қаҳрамон ўаниев. — Дастлабки модернизация жараёни 2009-2012 йилларда амалга оширилганди. Ўшанда 478 мегаваттга тенг замонавий буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Натижада шу пайтгача 2 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришдик. Эндиликда 450 мегаваттга эга иккинчи буғ-газ қурилмасини барпо этишга киришдик. Бу ишни Япониянинг “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми билан ҳамкорликда бажармоқдамиз. Қурилиш 2018 йилнинг охирида ниҳоясига етади. Натижада яна йилига 3,28 миллиард киловатт соат электр энергияси ва 1,52 миллион гкал миқдорида иссиқлик қуввати ишлаб чиқариш имконияти юзага келади. 112 нафар юртдошимиз иш билан таъминланади.
Иккинчи буғ-газ қурилмаси вилоят саноат корхоналари билан биргаликда ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 330 миллион куб метр табиий газ тежалади. Янги технологияларнинг саноатда қўлланилиши ана шундай ютуқларга йўл очади.
2017 йил вилоят ҳаётида яна бир янгилик рўй берди. Президентимизнинг шу йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 15 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида академиянинг минтақавий Навоий бўлими ташкил этилди. Бу бўлимни ташкил этишни ҳаётнинг ўзи заруратга айлантирганди. Чунки ҳудудда саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг ҳолатини илмий таҳлил қилиш, улар учун устувор илмий йўналишларни белгилаш, иқтисодиёт тармоқларининг техник ва технологик ривожланиши, энергия тежамкор технологияларни жорий этишни таъминлаш, ишлаб чиқилаётган маҳсулотларнинг таннархини пасайтиришга ёрдам берувчи илмий тадқиқотларни ўтказиш, ҳудудни янада ривожлантиришга қаратилган геология, металлургия, кимё, биотехнологиялар, нанотехнологиялар, агрокимё, экология, автоматика, машинасозлик соҳаларида фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни ўтказишда иштирок этиш, илмий педагог кадрларни, саноат корхоналари мутахассисларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва бошқа соҳаларни ривожлантиришда академик илм-фан, илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар талаб этилади. Шу сабабли академиянинг Навоий бўлимида 5 та илмий лаборатория иш олиб борадиган бўлди. Хусусан, бу ерда саноатни илмий асосда тараққий эттириш асосий мақсадлардан бири қилиб белгиланди.
Эътибор беринг, Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи пайтида кейинги ўн йил ичида Навоий кон-металлургия комбинати доирасида Пистали конини ўзлаштириш, 6-гидрометаллургия заводини қуриш, 2-гидрометаллургия заводи қувватини юксалтириш, Мурунтов конининг 5-навбатини ўзлаштириш, ҳудудда техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш каби 27 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Уларни амалга ошириш учун 3 миллиард 63 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланадиган бўлди. Ана шунда комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ошади. 31 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Хўш, бу улуғвор ишларни илм-фан ривожисиз, илмий тадқиқотларсиз, умуман, Фанлар академияси фаолиятисиз амалга ошириб бўладими? Албатта, йўқ! Шунинг учун ҳам ҳудудда академиянинг бўлими ўз фаолиятини бошлади ва у ҳудуддаги барча соҳалар илмий ривожига амалий ёрдам кўрсатади.
Вилоятда саноат соҳасининг ривожланишида “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарнинг ҳам катта ҳиссаси бор. 2008 йилда ташкил этилган бу зона халқаро миқёсда ўз нуфузига эга. Ўтган йили ушбу субъект “ўДI” халқаро журнали томонидан “Марказий Осиёдаги 2016 йилнинг энг яхши эркин иқтисодий зонаси”, деб эътироф этилди. Ҳозирги пайтда 18 та корхона фаолият юритаётган бу зонада 100 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ҳудуддаги корхоналарнинг деярли ҳаммаси хорижий инвесторлар — Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Сингапур, Италия, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар фирмалари, тадбиркорлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Эркин иқтисодий зона ташкил этилгандан бери бу ерга 140 миллион АҚШ долларидан ошиқ миқдорда хорижий сармоялар киритилди. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Яқинда “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар сони яна иккитага ошди. Бу ерда Хитойнинг “Hebei New silk Road lmport and Export trade” компанияси ҳамда “Navoi steklo lyuks” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади. Компанияда МДФ ва ДСП фанерлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, жамиятда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган. Демак, зонада тайёрланадиган маҳсулотлар тури ҳам, экспорт ҳажми ҳам, янги иш ўринлари ҳам кўпаяди. Айни пайтда, Фанлар академиясининг Навоий бўлими билан эркин иқтисодий зонадаги корхоналар ўртасида ишлаб чиқаришни юксалтириш борасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда.
Вилоятда кейинги йилларда деҳқончиликни ривожлантиришга, хусусан, пахтачилик ва боғдорчиликни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахта бойлигимиз сифатида эътироф этилар экан, ундан, албатта, халқимиз манфаатдор бўлмоғи керак. Бунинг учун эса пахта толасини қайта ишлаш, уни хомашё сифатида эмас, ип-калава ва тайёр кийим сифатида жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулот тарзида ишлаб чиқариш зарур. Бу ишларни амалга ошириш учун замонавий тўқимачилик корхоналарини барпо этиш талаб этилади. Вилоятдаги енгил саноат соҳаси вакиллари айнан шу мақсадда Навоий шаҳрида “Бахт текстиль”, “Бахт Навоий”, Қизилтепа туманида “Тошработ текстиль”, Навбаҳор туманида “Навбаҳор текстиль”, Хатирчи туманида “8 март — Хатирчи” каби масъулияти чекланган жамиятлари барпо этиб, уларда замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдалар. Умумий қиймати 70 миллион доллардан иборат ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар жалб этилмоқда. Корхоналарга Швейцариянинг “Ритер” ва Бельгиянинг “Пиканол” компанияларида тайёрланган замонавий дастгоҳлар олиб келинди. Бу ишлар амалга ошгач вилоятдаги пахта толаси тўлиқ қайта ишланади. Ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқариш 70 фоизга, матолардан трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш эса 50 фоизга етади. Йилига 7,6 минг тонна сифатли ип-калава тайёрлайдиган “Бахт текстиль” корхонаси маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади. Бундан пахтакорлар ҳам, тўқимачилик саноати вакиллари ҳам, давлат ҳам катта фойда кўради, энг асосийси, минглаб ёшлар янги иш ўринлари билан таъминланади.
Вилоятда боғдорчиликда хатирчиликларнинг тажрибалари эътиборга лойиқ. Бу ерда етиштириладиган узумлар, тайёрланадиган майизлар, айниқса, Учқора, Олтинсойнинг аъло навли кишмишлари халқаро бозорларда харидоргир ҳисобланади. Аммо кейинги йилларда бу соҳага эътиборсизлик натижасида майиз тайёрлаш, узум етиштиришдаги аждодлардан мерос яхши анъаналарга путур етди. Энди ўша анаъаналарни қайта тиклаш фурсати келди. Шунинг учун вилоят боғбонлари томонидан Хатирчи, Нурота, Қизилтепа туманларида 835 гектар майдонда янги токзорлар ва кўчатхоналар барпо қилинмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда 6,5 минг гектар ер токзорларга айлантирилган бўлиб, уларнинг 65 фоизида майизбоп, 30 фоизида хўраки, қолган қисмида саноатбоп узумлар етиштирилмоқда. Демак, узумзорларни кўпайтириш керак. Шу мақсадда вилоятда бу йил 416 гектар ер узумзорга айлантирилди. 2018 йилда яна 419 гектар майдонда токзорлар яратилади. Узум ҳам, майиз ҳам кўпаяди. Вилоятда айни пайтда 233 та иссиқхона мавжуд бўлиб, улар аҳолини қиш фаслида резавор маҳсулотлар билан тўла таъминлар экан. Бундан ташқари, ҳудудда йил давомида янги интенсив боғлар яратиш, музлаткичли омборхоналар ташкил этиш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш, уларни қайта ишлаш мақсадида 100 дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган. Бу лойиҳалар Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Натижада 1500 нафар вилоятдошимиз иш ўрни билан таъминланади.
Чўллар бағрида қад ростлаган Навоий вилоятида яна бир соҳа — балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ўринда алоҳида сўзини таъкидлаб келтираётганимиз бежиз эмас. Эътибор беринг, Айдар-Арнасой кўллар тизимида кўплаб балиқчилик хўжаликлари юзага келтирилган. Шунинг учун эндиликда ушбу ҳавзадан фойдаланиш борасида тартиб ўрнатилган, ноқонуний равишда балиқ овлашга чек қўйилган. Бу ерда балиқ етиштириш учун инкубация цехлари ишга туширилган. Ана шулар ҳисобига ҳавзада балиқ етиштириш ҳажмини уч йил ичида 20 минг тоннага етказиш борасида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилган. Кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича мамлакатимизнинг барча вилоятларига 14 та ҳудуд ажратиб берилган. Демак, ҳавзада балиқ етиштириш келгусида нафақат вилоят миқёсида, балки республика таъминоти даражасида амалга оширилади.
Вилоятнинг қайси нуқтасига борманг, ўша жойда бунёдкорликлар амалга ошаётганига гувоҳ бўласиз. Қизилқум бағридаги олис Учқудуқ ва Томди туманларида ҳам ана шундай жараёнларни кўрдик. Масалан, Томди тумани марказидаги бунёдкорликларнинг яна бир ўзига хос сабаблари бор экан. Маълумки, ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида туман маркази ҳудудида тектоник ўзгаришлар рўй бериб, уй-жойлар, корхоналар иншоотлари, маъмурий биноларга зарар етган, замин чўккан. Ўша йиллари собиқ шўролар раҳбарлари томонидан бунга эътибор берилмаган. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин, аниқроғи, 1992 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Томди қўрғонининг ғарбий қисмида янги Томдибулоқ шаҳарчасини бунёд этиш дастури ишлаб чиқилган. Шунга биноан бу ерда 422 ўринли мактаб, 280 ўринли боғча, телефон станцияси, шифохона, автобекат, новвойхона, кўплаб маданий-маиший объектлар қурилган. Хотира майдони, Нуронийлар боғи барпо этилган. Касб-ҳунар коллежи, мусиқа ва санъат мактаби, 200 дан ортиқ оилалар учун янги уйлар бунёд қилинган. Томдибулоқ замонавий шаҳарчага айланган. Бундай ўзгаришлар Конимех, Учқудуқ туманлари марказлари ҳаётида ҳам кўзга ташланади.
Аммо ана шундай бунёдкорликларга қарамай, бу туманлар марказлари ва уларнинг айрим ҳудудлари вилоят марказидан 250-500 километргача бўлган олис масофада жойлашганлиги сабабли уларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари етарли даражада ривожланмаётган, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда, етук кадрлар тайёрлаш, тадбиркорликни юксалтириш борасида номутаносибликлар юзага келаётган эди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 апрелда “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорга мувофиқ вилоятнинг Томди тумани ҳамда Конимех ва Учқудуқ туманларининг айрим аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишга таклиф этилган олий маълумотли мутахассисларга камида беш йил давомида ишлаш шарти билан махсус устамалар бериш, уларни хизмат уйлари билан таъминлаш ёки ижарада турганлик, ётоқхоналарда яшаш билан боғлиқ сарф-харажатлари учун уларга энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ойлик пул компенсацияси бериладиган бўлди. Шу билан бирга, олис чўл туманларида бўшаб қолган ва эгасиз уй-жойларни бошқа ҳудудлардан ихтиёрий равишда кўчиб келадиган уй-жойга муҳтож оилаларга текин бериш ва ушбу уй-жойларда уч йилдан ортиқ яшаган оилаларга истиқомат қилиб турган уй-жойларини уларнинг шахсий мулки сифатида расмийлаштириш белгиланди.
Шунингдек, олис чўл туманларига кўчиб келган оилаларга Навоий вилоятининг маҳаллий бюджети ҳисобидан оилаларнинг 18 ёшдан катта бўлган ҳар бир аъзосига 2 миллион сўм, вояга етмаган ҳар бир аъзосига 1 миллион сўм, лекин ҳар бир оилага жами 10 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда бир марталик моддий ёрдам ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси томонидан Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовлари натижалари бўйича 68 ва ундан юқори баллга эга бўлган, олис чўл туманларида камида уч йилдан буён истиқомат қилаётган абитуриентларни, кейинчалик мутахассислиги бўйича ушбу ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида тегишли вилоят ҳокимлиги ва олий таълим муассасаси ўртасида тузиладиган шартнома асосида камида тўрт йил ишлаб бериш шарти билан қўшимча грант асосида қабул қилинишида имтиёзлар берилди.
Қарорда ҳудудда кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашнинг иқтисодий чоралари сифатида олис чўл туманларида доимий истиқомат қилувчи оилаларга ўзининг шахсий томорқа хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари учун энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилиши белгиланди.
Қарор 2017 йилнинг 1 майидан кучга кирди ва қисқа вақт ичида вилоятнинг олис чўл ҳудудида жойлашган туманлар, қишлоқлар, овуллар ҳаётида жиддий ўзгаришлар юзага келишига мустаҳкам замин яратди. Ана шундай ўзгаришлардан бирини Учқудуқда кўрдик.
— “Авангард” овул фуқаролар йиғини туманимиз марказидан 220 километр олис масофада жойлашган, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлими раиси Икром Раҳимов. — Бу ерда етмишдан ортиқ одам яшайди. Транспорт қатнови доимий йўлга қўйилмаган. Кичик бир мактаб бўлиб, унда ўқийдиган ўқувчилар сони оз эди. Алоқа рация орқали амалга ошириларди. Доктор етишмасди. Президентимиз қароридан кейин нафақат бу овулда, туманимиздаги “Мингбулоқ”, “Олтинтов”, “Узунқудуқ” каби овул фуқаролар йиғинларида ҳам олий маълумотли мутахассислар, ўқитувчилар, шифокорлар иш бошладилар. Гўё қақраб ётган чўл бағрига оби ҳаёт кириб келгандай бўлди.
— Кейинги йилларда Конимехда етук малакали кадрлар камайиб кетганди, — дейди яна бир суҳбатдошимиз вилоят кенгаши депутати Иба Наризова. — Таълим, соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар юзага келганди. Қарорда ана шу муаммоларни ҳал қилиш йўллари тўғри кўрсатиб берилди. Қарордан кейин туманда тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари кескин ўсди. Демак, чўллар бағрида ҳаёт янгилинади, ривожланади.
Президент қарори томдиликлар ҳаётида ҳам янги даврни бошлаб берди. Томдибулоқдаги “Шарқ” массивида 54 та янги уй барпо этилмоқда. Маиший хизмат корхоналари кўпаймоқда. Бир неча ўнлаб олий маълумотли мутахассислар туманда фаолиятларини бошлашди. 20 дан ортиқ томдиликлар кичик ва хусусий тадбиркорлик йўлини тутди. Яна бир муҳим янгилик, олий ўқув юртларига қарорда кўрсатилганидек, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган томдилик йигит-қизлар сони 32 тадан ошди. Улар туманнинг эртанги кунги бунёдкорлари ҳисобланишади.
— Биз яшайдиган “Ўтемурод” овули туман марказидан 170 километр узоқда жойлашган. 200 га яқин аҳоли яшайди. Мактабда 140 га яқин ўқувчи ўқийди. 20 дан ортиқ ўқитувчилар уларга сабоқ беради. Бу йил мактаб таъмирланиб, янги қиёфа касб этди. Врачлик пункти ишга тушди. Маиший хизмат уйи очиб берилди, — дейди шу овуллик Ўзбекистон Қаҳрамони Серикбой Сағатов. — Шунинг учун саҳро кишилари ташвишини ўйлайдиган Юртбошимиз борлигидан, бу қарорнинг чиқишидан хурсанд бўлдик. Ниҳоят, бу чўлларда ҳам ҳаёт қайнайдиган, бўшаб ётган уйлар одамлар билан тўладиган, Қизилқум бағри бунёдкорлик маконига айланадиган фурсат етди. Мен келгусида тадбиркорлик, саноат, ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳалар ривожланиб чўл бағри, хусусан, Томди ривожланган ҳудудга айланишига ишонаман!
Ҳа, бугун вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида, чўллар бағридаги овулларида яратувчилик, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Навоийлик ишчилар, деҳқонлар, чорвадорлар, олимлар ва бошқа кўплаб касб эгалари қалбида сўнмас шижоат уйғонган. Бу шижоат улуғ бунёдкорликларга йўл очиб бермоқда. Ушбу бунёдкорликлар эса улуғвор келажак учун хизмат қилади. Яъни, бугун қилинаётган барча ишлар келажакнинг бунёдкорлик тимсоллари бўлиб қолади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро мазкур фармонга мувофиқ афв этилди....
01 янв 1970
21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Жажжи ва қалби беғубор болажонларни ардоқлаш, соғлом ўстириш, турли хуружлардан асраш, уларга таълим-тарбия бериш катталарнинг муқаддас бурчи ҳисоб...