Ёшларга имконият бериш керак

/
ЎФФ беш футболчини умрбод футболдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилди! Нега?
Тан олиб айтиш керак, Ўзбекистон футбол федерацияси 2017 йилда катта ислоҳотлар сари қадам ташлади. Федерацияга сайланган янги президент шу кунга қадар кўз юмиб келинган муаммоларни бартараф этиш йўлида барча тўсиқларни олиб ташламоқда. Таъкидлаш жоизки, янги раҳбарият томонидан олиб борилаётган ўзгаришлар барчага ҳам бирдек маъқул келаётгани йўқ. Шу пайтга қадар ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб келган, «текин пишлоққа» ўрганган айрим футбол корчалонларининг пайтавасига «қурт» тушди.
Ўзбекистон футбол федерацияси мамлакатда миллионлар ўйини савиясини янада кўтариш учун ўз олдига устувор вазифаларни белгилаб олди. Бу болалар-ўсмирлар футболини тубдан ислоҳ қилиш, Ўзбекистон Олий (айни пайтда Суперлига) лигаси савиясини кўтариш каби қатор вазифаларни ўз ичига олади. Юртимизда болалар спорти, хусусан, болалар футболини ривожлантириш борасида катта тажриба бор. Болалар ва ўсмирларимизнинг халқаро мусобақаларда эришган натижалари ҳам чакки эмас. Болалар футболини янда ривожлантириш юзасидан бошланган саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, ўзбек футболининг пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Республикамизда фаолият олиб бораётган футбол мактабларида Европанинг футбол ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлашга катта аҳамият қаратилмоқда. Мазкур йўналишда хориждан малакали болалар мураббийларини жалб этиш башланди. Хусусан, сербиялик Завиша Милославлевич, испаниялик мутахассис, «Реал» Мадрид академиясида фаолият юритувчи Кико Зунига мамлакатимизга таклиф этилди. Ва уларнинг болалар футболига доир дастурлари билан танишилди. Шу кунларда эса белгиялик болалар мураббийлари юртимизда бўлиб туришибди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ўзбек футболининг келажаги порлоқ бўлишидан далолат беради.
ЎФФ олиб бораётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни юқоридаги фикрларимиздан англаган бўлишингиз табиий. Бироқ ЎФФ томонидан жорий йилнинг 5 январь куни эълон қилган хабар кўпчилик қатори бизни ҳам ўйлантириб қўйди. Очиғини айтганда, ЎФФнинг халқаро мусобақаларда ёшини кичрайтириб иштирок этган беш нафар ёш ва умидли футболчини умрбод футболдан четлаштириш ҳақидаги қарори мухлислар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Мазкур қарорга биноан, Абдумутал Абдуллаев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Улуғбек Давлятов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурҳон Ҳасанов ёшини кичрайтиргани ва ҳужжатларни сохталаштиргани учун умрбод футболдан четлаштирилди. Албатта, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, ҳужжатларни сохталаштиришга қонуний жазо белгиланган. Лекин юқорида номлари келтирилган футболчиларнинг ўзлари шу ишни қилганлари йўқ-ку. Ёки уларнинг ота-оналари шу йўлни танладими? Бундай эмас! Бу каби ғирромликлар футбол ичида юрган ва халқ тилида айтганда, “пихини ёрган” мураббийларнинг хаёлига келади. Чунки улар ўз шогирдларининг тезроқ натижа кўрсатишидан манфаатдор. Агар ЎФФ жазо тайинламоқчи бўлса, энг аввало, рўйхатда номлари келтирилган ёш футболчиларни хато йўлни танлашга бошлаган мураббийларни жазога тортиши керак эди.
Йигирма-йигирма беш ёшдаги йигитларни бир умр танлаган соҳасидан, касбидан айириб, ҳеч қандай самарага эриша олмаймиз. Фақат яна беш нафар ишсиз, жамиятдан норози кишилар тоифасини кўпайтирамиз, холос. Айниқса, Дилшод Аҳмадалиевга ачинасан киши. У охирги бир йилда жамоасининг кўзга кўринган футболчисига айланган эди. Ким билади, балки у кун келиб жаҳонга машҳур футболчи бўлиб етишар. Умрбод футболдан четлаштирилган бошқа йигитлар ҳақида ҳам шу фикрни айтишимиз мумкин. Ўзбекистон футбол федерацияси ушбу қарорини яна бир бор ўйлаб кўрса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунончи, кечиримлилик халқимизга хос улуғ фазилат. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида жиноятга қўл урган ва йўлдан адашганларга тўғри йўл кўрсатиш кераклигини, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига барчамиз масъул эканимизни бот-бот таъкидлаши бежиз эмас, ахир. Агар ушбу йигитлар учун жавобгарликни масъул ташкилотлар ва футбол клублари ўз зиммасига олса, ёш футболчиларни кечириш ҳамда уларга яна бир бор имконият бериш керак.
Болалар футболидаги кўзбўямачиликлар, ғирромликлар, таниш-билишчилик билан кураш бошлаган эканмиз, энг аввало, унинг илдизини топиш ва уни таг-томири билан суғуриб ташлаш керак...
Хулоса ўрнида айтмоқчи эдимки, мен ушбу мақолани газета мухбири ёки журналист сифатида эмас, оддий футбол мухлиси сифатида ёздим. Умид қиламанки, фикрим ЎФФ раҳбарияти эътиборидан четда қолмайди.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳудудларни янада обод этиш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш учун халқ депутатлари Оққўрғ...
01 янв 1970
Инсон дунёга келар экан, ҳазрат Навоий айтганидек, комилликка интилиши, ўз атрофидаги инсонлар таъсирида, устозлар кўмагида камолот пиллапояларидан...
01 янв 1970
“Ҳукмдорларнинг қайси бирида билим бўлса, билимга эътибор кучли бўлса, ўша яхши, эзгу ишларни амалга оширади, мамлакатда қонун-тартиботларга,...
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг минглаб йиллар, кўп асрлар давомида шаклланган ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия борасида тўпланган бо...