Буюк тарихни тиклаган ва янги тарих яратган шахс

/
2005 йилда республикамизда яна бир тантана — Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик тўйи ўтказилди. Тўғри, инсоният тарихида турли даврларда илмий академиялар, илм-фан марказлари ташкил этилган. Лекин уларнинг орасида Хоразм Маъмун академиясининг нуфузи катта бўлган. Зеро, бу академияда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий, Абдулҳайр Ҳаммор, Аҳмад ас-Саҳрий, Муҳаммад ас-Суҳайлий, Абу Али Аҳмад Мисковайҳ, Абу Наср ибн Ироқ каби 400 дан ортиқ оламга машҳур алломалар фаолият юритганлар ва кўплаб илмий кашфиётлар яратганлар. Бугунги кунда ушбу академияда яратилган асарларни илмий тадқиқ қилиш ҳамда уларни ҳаётда жорий этиш заруратга айланди. Шунинг учун мамлакатимиз Биринчи Президентининг фармони билан 1997 йилда Хоразм Маъмун академияси Хива шаҳрида қайтадан ташкил этилди. Бу ерда тарих, адабиёт, математика, биология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда илмий ишлар олиб борилмоқда. Тарихий маънавий мерос замонлар ўтиши билан бугунги кунга хизмат қилмоқда.
Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Халқимизнинг қадим маданияти ва маънавияти тараққиёт босқичларида муқаддас ислом динининг, унинг илми ва фалсафасининг ўзига хос ўрни бор. Юртимизда кўп асрлар давомида барпо этилган мадрасалар, масжидлар, миноралар, мақбаралар ва бошқа ёдгорликлар, кўплаб қўлёзма асарлар, диний китоблар исломий маънавиятнинг намуналари ҳисобланади. Мустақиллик йилларида Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракати билан ана шундай ёдгорликларнинг аксарияти қайта қурилди, таъмирланди ва обод масканларга айлантирилди. Ислом динига оид нодир қўлёзмалар авайлаб сақланмоқда ва тадқиқ этилмоқда. Янги масжидлар ва мадрасалар барпо қилинди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида Шайх Хованди Тоҳур, Занги ота, Шайх Зайниддин Кўйи орифон, Сузук ота, Ҳазрати Имом ёдгорликларида жиддий қайта қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди. Улар халқимизнинг оёғи узилмайдиган муқаддас қадамжоларга айлантирилди. Энг муҳими, илгари ташландиқ, ярим вайрона ҳолда ётган бу масканлар гўзал ва кўркам қиёфа касб этди. Шаҳарда ўнлаб янги масжидлар қадимий миллий меъморчилигимиз анъаналари асосида бунёд этилди. Ислом университети ташкил қилинди. Имом Бухорий номидаги Олий маҳад, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва кутубхонаси учун янги замонавий бинолар қурилди. Янги миноралар қад ростлади. Бошқача айтганда, Тошкент ислом маънавиятининг марказларидан бирига айланди. Шунинг учун 2007 йилда дунёда нуфузли ҳисобланган Ислом конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — АЙСЕСКО томонидан Тошкент шаҳри ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Бу нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун мамлакатимизда ислом маданиятини, маънавиятини юксалтириш йўлида Биринчи Президентимиз бошчилигида олиб борилган улуғвор ишларнинг халқаро миқёсдаги эътирофларидан бири эди.
Халқимиз 130 йиллик мустамлакачилик даврида бошидан оғир кунларни кечирди. Хусусан, ўтган асрнинг 20-йилларида юртимиз собиқ шўролар ҳукмронлиги пайтида фуқаролар уруши домига тушди. Озодлик учун курашлар шафқатсиз бостирилди. Бир неча ўн минглаб одамлар қурбон берилди. 20-йилларнинг охирларида коллективлаштириш муносабати билан аҳолининг бир қисми қувғин ва сургун қилинди. 30-йилларнинг иккинчи ярмида халқимизнинг илғор вакиллари қатағон этилди. Бундай қатағон қиличига халқимиз 50-йилларнинг бошида ҳам дуч келди. 80-йилларда эса пахта иши туфайли минг-минглаб юртдошларимиз қатағонга учради. Буларнинг бари халқимизнинг озодлик учун кураш йўли билан боғлиқ эди. Биринчи Президентимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ана шу қатағонлар қурбонлари хотираларини абадийлаштиришга, яқин ўтмиш тарихимиз саҳифаларини улуғлашга эътибор қаратди. 2000 йилда Тошкентнинг Бўзсув канали соҳилида Шаҳидлар хотираси хиёбони ташкил этилди. Хиёбонда қатағонлар туфайли шаҳид бўлганларнинг рамзий қабри, қабр устида эса айлана шаклдаги муҳташам айвон тикланди. Хиёбонда Қатағон қурбонлари хотираси музейи ва Шаҳидлар хотираси хайрия жамғармаси фаолият бошлади. 2001 йилдан бошлаб эса 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу тариқа тарихий қадрият маънавий қадриятга айланди.
Шунингдек, Тошкент марказидаги Мустақиллик майдонига туташ нуқтада Хотира майдонининг барпо этилиши ҳам тарихга, ҳам маънавиятга янгича муносабатнинг ифодаси бўлди. Маълумки, собиқ шўролар даврида 9 май фашизм устидан қозонилган ғалаба куни сифатида нишонланарди. 1999 йилда Биринчи Президентнинг фармонига мувофиқ бу ерда Мотамсаро она ҳайкалини бағрига олган Хотира майдони қурила бошланди. Майдоннинг икки томонидаги муҳташам, кўп устунли айвонларда юртимиздан Иккинчи жаҳон урушига кетиб, Ватанига қайтиш насиб этмаган юртдошларимизнинг исми-шарифлари битилган 35 жилддан иборат Хотира китоби ўрин олди. Бундай Хотира майдонлари барча вилоятлар марказларида ҳам барпо қилинди. Натижада мамлакатимизда ҳар йил 9 май “Инсон азиз, хотираси ундан ҳам азиз” деган ғоя остида Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланадиган бўлди. Шу тариқа ота-боболаримиз босиб ўтган шонли тарихий йўлнинг маънавий асослари белгиланди.
Биринчи Президентимиз тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш билан бирга нафақат маънавиятни тиклашга, балки уни юксалтиришга, тараққий эттиришга ҳам эътиборини қаратди. Тошкентда барпо қилинган Эзгулик аркаси, Мустақиллик ва эзгулик монументи, Маърифат маркази, Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи, Ёшлар ижод саройи, Тасвирий санъат галереяси каби мажмуалар, ҳар йили нишонланадиган Наврўз ва Мустақиллик байрамлари, икки йилда бир марта ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳамда бошқа анжуманларда тарихий маданиятимиз билан бирга бугунги маънавий ютуқларимиз ҳам уйғунлашган. Ҳаётда тарихий ҳақиқатни, ўтмиш маданияти ва маънавиятини қарор топтириш ва уларни келгусида янада юксалтириш осонлик билан амалга ошириладиган иш эмас. Шунинг учун бу хусусда Ислом Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида бундай деб ёзган эди: “Маънавият инсоннинг қон-қони, суяк-суягига йиллар давомида она сути, бола тарбияси, аждодлар ўгити, Ватан туйғуси, бу ҳаётнинг баъзида аччиқ, баъзида қувончли сабоқлари билан қатра-қатра бўлиб сингиб боради. Айниқса, табиатга, одамларга яқинлик, доимо яхшиликни ўйлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, дунёнинг тенгсиз неъмат ва гўзалликларидан баҳраманд бўлиш маънавиятга озиқ беради, уни кучайтиради. Жаҳон халқлари тажрибаси, уларнинг босиб ўтган мураккаб ривожланиш йўллари, бу борадаги сабоқ ва хулосалар шундан далолат берадики, қаерда давлат ва жамият тараққий топса, халқнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши, ўз олдига эзгу ва буюк мақсадлар қўйиб яшаши учун етарли шарт-шароитлар яратилган бўлса, ўша ерда эркин фикрлаш муҳити ва шу асосда маънавий юксалиш учун янги имкониятлар туғилади”. Биринчи Президентимизнинг бу борадаги ютуқлари шунда эдики, тарихий ҳақиқатнинг маънавий юксалиш жараёнига таъсирини нафақат асарларида кўрсатиб бера олди, балки халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётида ҳам амалий жиҳатдан исботлаб берди.
Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимиз ўзининг янги давлатчилигини эълон қилган пайтларда юртимиз тарихини билмайдиган ва билишни истамайдиган мухолифлар томонидан “Ўзбекистон қадимий давлатчилик тарихига эга эмас. Бу ўлкада давлатчилик тарихи 1924 йилда бошланган. Шунинг учун бу республика ўзини-ўзи бошқара олмайди”, деган нохолис фикрлар ўртага ташланган ва бунга дунё жамоатчилигини ишонтиришга уринишлар бўлган эди. Биринчи Президентимиз шу сабабли ҳам тарихчиларимиз, олимларимиз олдига тарихни, хусусан, юртимизнинг давлатчилик тарихини ҳаққоний ёритиш ҳамда бу борадаги энг ишончли маълумотларни дунё жамоатчилигига етказиш масаласини қўйган эди. Шу билан бирга Юртбошимизнинг ўзи ҳам ўша пайтда бу борада улуғвор ишларни амалга оширди.
2001 йилда Урганч шаҳрида, Шовот канали соҳилида Биринчи Президентимиз фармонига биноан “Авесто” боғи ва ёдгорлик мажмуаси яратилди. Ёдгорлик юксакликка бўй чўзган иккита устундан ва бу устунларнинг юқори қисмини бирлаштирувчи ҳалқадан иборат. Бу ҳалқага яна учта асос келиб бирлашади. Ёдгорликнинг пастки қисмида эса каттакон китоб. Китоб саҳифаларига “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” сўзлари битилган. Бу ёдгорлик бундан 3 минг йиллар илгари яратилган, инсоният тарихида биринчи китоб сифатида қадрланадиган, улуғланадиган “Авесто” асарининг асосий ғоясини ифодалаган. Марказдаги икки устун мамлакат ва халқнинг тимсолларидир. Уларга бориб бирлашадиган учта асос эса эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амалларнинг ифодаларидир. Яъниким, дунёда инсон яшар экан ҳаётни гўзал қилиши, яшнатиши, яхшиликни барқарор этиши учун эзгу фикр қилиши керак. Бу эзгу фикрни сўзга айлантириши, сўзда ифодалаши зарур. Эзгу сўз эса ҳаётда амалий ифодасини топиши шарт. Ана шунда мамлакат гуллаб-яшнайди, халқ қудратли бўлади.
Аждодларимизнинг олис ўтмишда яратган бу ғоялари асрлар оша ўтиб, ҳаётда сайқалланиб бугунги кунгача етиб келган ва ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ушбу ёдгорликнинг айнан Хоразмда ўрнатилиши ҳам бежиз эмас. Чунки асар айнан Хоразмда яратилган, унда бу ўлка ҳаёти билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган. Ёдгорликнинг очилиши билан бир вақтда “Авесто” асари яратилганининг 2700 йиллигига бағишланган тантаналар ҳам бўлиб ўтди. Бу тантаналар халқаро ЮНЕСКО ташкилоти, дунё ҳамжамияти билан биргаликда ўтказилди. Бу юртимизнинг қадим тарихи, маданияти, илм-фанига бўлган эҳтиром ифодаси эди.
Айни пайтда “Авесто” асарига бундай эҳтиромнинг яна бир сабаби ҳам бор эди. Маълумки, асарда бундан 3 минг йиллар муқаддам ўлкамизда яшаган халқлар, уруғлар, қабилалар, қишлоқлар, воҳалар ва бошқа бирликларга бўлинган ҳолда Хванириата — Марказий мамлакат бошқарув тизимини, яъни давлатчилик тизимини яратганлар. Бу эса давлатчилик тизими мамлакатимизда 30 аср илгари ҳам мавжуд бўлганини, аждодларимиз бу соҳада ҳам бошқа халқларга ибрат, ўрнак бўлганлигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз “Бу нодир китоб бундан ХХХ аср муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргузаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидир. “Авесто” айни замонда бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маънавият, буюк маданият бўлганлигидан гувоҳлик берувчи тарихий ҳужжатдирки, уни ҳеч ким инкор этолмайди”, деб айтганида тўла ҳақ эди. Мазкур асар, айни пайтда Хоразмда 3-3,5 минг йиллар илгари “Катта Хоразм” давлати бўлганлиги ҳақида тарихчилар талқин қилган маълумотларни ҳам исботлаб берди. Бу Ислом Каримовнинг юртимизда давлатчилик тарихи ниҳоятда қадимий эканлигини намоён қилувчи ишларидан бири эди.
Ўзбекистон Давлат тарихи музейида бир ноёб осори-атиқа сақланади. Бу тумор шаклида тошдан ишланган иккита илоннинг бир-бирига чирмашиб турган ҳолатидир. Ҳар иккита илоннинг кўзлари, арқондай чўзилган танасининг аксарият қисми зумрад, ақиқ, феруза каби ноёб тошлар билан безатилган. Қадимшунос олимлар бу илон бошли тош тумор 3-3,5 минг йиллик тарих билан боғлиқ, деб баҳо беришади. Тош тумор юртимиз ҳудудларидан топилган. Ушбу ноёб осори-атиқанинг мамлакатимиз бош музейидан ўрин олишининг ҳам сабаби бор. Маълумки, қадим даврларда илон давлат тимсоли ҳисобланган. Демак, бу илон бошли тумор ҳам юртимиздаги давлатлардан бирининг рамзи саналган. Музейда бундан ташқари юртимиз ҳудудларида турли даврларда ҳукмронлик қилган — Хоразмдаги сиёвушийлар, африғийлар, хоразмшоҳлар, Бухорадаги эфталийлар, бухорхудотлар, сомонийлар, Самарқанд ва Фарғонадаги сўғдийлар, ихшидийлар, Тошкентдаги илоқлиқлар, ҳоқонликлар, Сурхондарёдаги бақтрлар, Термиздаги Археология музейида термизийлар, чағонийлар, Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейида Амир Темур ва Темурийлар даври давлатлари тарихи билан боғлиқ қимматбаҳо осори-атиқалар, ашёлар, нодир маълумотлар тўпланган. Булар ҳам мамлакатимизда давлатчилик тарихи ниҳоятда қадимий эканлигини кўрсатади. Ушбу музейларнинг ва бошқа кўплаб мозийхоналарнинг барпо этилиши ва уларда тарихимиз, хусусан, давлатчилик тарихимиз билан боғлиқ ноёб осори-атиқаларнинг тўпланиши ҳам бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Давлатчилик шаклланиши жараёнларининг мамлакатимизда ҳам, бутун дунёда ҳам жиддий сиёсий масалалардан бири сифатида қўйилишининг ўзига яраша сабаблари бор. Негаки, давлат жамият тарихининг маълум босқичида тараққиётнинг кучайиши, илм-фаннинг ривожланиши, шаҳарсозликнинг юзага келиши, инсонлар руҳоният оламининг юксалиши, одамлар, уруғлар, қабилалар орасида ҳамкорликнинг қарор топиши, ишлаб чиқаришнинг тараққий этиши ва буларнинг ҳаммасининг марказлашган ҳолда бошқарилиши натижасида юзага келади. Давлатнинг мавжудлиги ҳар қандай миллатнинг қудратли кучга айланганлигини кўрсатади. Бу эса ҳар бир халқнинг дунё тарихида тутган ўрнини белгилашга хизмат қилади. Шу маънода Биринчи Президентимиз ташаббуси билан бошланган ўтмиш меросимизни ҳаққоний, холис тадқиқ этиш иши халқимизнинг нафақат инсоният тарихида, балки дунёда давлатчилик шаклланиши тарихида ҳам катта роль ўйнаганини кўрсатди. Шу билан бирга Ислом Каримов ана шундай тарихий давлатчилик заминида, аждодларимиз тажрибаларига таянган ҳолда янги давлатни шакллантирди. Ўзбекистон деб аталган буюк давлат қарор топди. У кишининг бу борада тарихга мурожаат қилишининг сабаблари ҳам ана шунда эди. Биринчи Президентимиз бу хусусда шундай деган эди: “Ҳеч бир соҳада ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодгина буюк давлат барпо этиши мумкин. Нега деганда, буюк давлатни қуриш учун маърифатли, тарихни биладиган, ундан сабоқ чиқара оладиган одамлар керак”.
Энди юқоридаги фикрлардан шундай хулосага келиш мумкин. Биринчи Президентимиз мамлакатимизнинг 25 йиллик истиқлол даври ҳаётида халқимизнинг, Ватанимизнинг буюк тарихини тиклаган ва янги тарихини яратган шахс сифатида муҳрланди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, тарихни холислик билан ҳаққоний ўрганиш ва уни келажакка хизмат қилдириш борасида Биринчи Президентимиз бошлаб берган улуғвор ишлар бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Айтайлик, агар Ислом Каримов раҳбарлик пайтида буюк аждодларимизнинг тарихий меросини ўрганишга, номларини улуғлашга, хотираларини абадийлаштиришга эътибор қаратган бўлса, эндиликда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм-фанни ривожлантириш, китоблар нашрларини яхшилаш ва халқимизнинг китобхонлик даражасини юксалтириш, қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш борасидаги фармон ва қарорлари асосида ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, шоирларимиз асарларини тўла ҳолда чоп қилиш, уларни китобхонларга етказиб бериш, улуғ мутафаккирларимиз яратиб кетган илмий кашфиётларини юртимиз тараққиёти учун хизмат қилдириш, улардан халқимизни баҳраманд этиш масалаларини асосий мақсад қилиб қўйди.
Биринчи Президентимиз олис ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз меросини кенг тадқиқ этиш, хотираларини абадийлаштириш борасида ибратли ишларни амалга оширган бўлса, ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириб, яқин тарихимизда ўтган улуғ салафларимиз номларини улуғлаб, меросларини эъзозлашга эътибор қаратди. Шу асосда Наманганда Исҳоқхон Жунайдуллахожа ўғли Ибратга бағишланган ёдгорлик мажмуаси, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Қаршида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Андижонда Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб кабилар бунёд этилди. Хоразмда Комилжон Отаниёзов номидаги ижод маркази ишга туширилди.
Ислом Каримов даврида у кишининг ташаббуси билан улуғ алломаларимиз, буюк аждодларимизнинг қадамжолари қайта тикланиб, гўзал, обод ёдгорлик мажмуаларига айлантирилган бўлса, эндиликда республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ёдгорлик мажмуаларида ўша алломаларимиз, буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросидан, асарларидаги илғор ғояларидан дунё аҳлини баҳраманд қилишга интилмоқда. Шу мақсадда Самарқандда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Исо ат-Термизий ёдгорлик мажмуасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ҳазрати Имом ёдгорлик мажмуасида эса халқаро миқёсдаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда.
Демак, келгусида юртимизга ташриф буюрадиганлар нафақат мамлакатимиздаги муқаддас масканларни, тарихий ёдгорликларни зиёрат қиладилар, балки аждодларимизнинг илм-фан йўлидаги ўлмас меросидан ҳам баҳраманд бўладилар. Республикамизда тарихни улуғлашга, уни келажак йўлида хизмат қилдиришга бағишланган улуғвор ишлар эса давом этаверади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, азал-азалдан таълим-тарбия инсониятнинг энг яхши хусусиятлари, олижаноб мақсадлари, беқиёс маънавияти, илмий тафаккурини ўзида уйғунлашти...
01 янв 1970

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур
01 янв 1970
Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, ижтимоий тармоқлар, айниқса, бугун ёшлар орасида жуда катта аудиторияга эга бўлган Youtube ҳақида мақола ёзишда...
01 янв 1970
Сайловолди тарғибот-ташвиқот жараёни айни қизғин паллада. Депутатликка номзодлар орасидаги рақобат кучайса кучайдики, асло ортга чекинилгани йўқ.&n...