Ўйинчоқ оддий овунчоқ эмас

/
Ер юзида эртанги куни, авлодлари тақдири ҳақида қайғурмайдиган бирон халқ бўлмаса керак. Айниқса, ўзбек ўзи емаса ҳам, киймаса ҳам фарзанди учун ҳаракат қилади. Мақсади битта: уни соғлом вояга етказиб, эл қаторига қўшиш, камолини кўриш.
Жажжи ўғил-қизларимиз дунёни англаши, тасаввур олами кенгайиши, сўз бойлигининг шаклланишида эса болалар ўйинчоқлари муҳим ўрин тутади. Ҳунармандларимиз томонидан ясалган миллий қўғирчоқлар қизалоқларда ибо, ҳаё, андиша туйғулари шаклланишига, ўғил болаларнинг мардлик, жасурлик, ҳалоллик каби фазилатлар руҳида улғайишига кўмаклашади. Чунки ўйинчоқлар образи бола тасаввурида бир умр сақланиб қолади. Миллий руҳ билан суғорилган ўйинчоқлар фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашга ёрдам беради. Лекин хорижда ишлаб чиқарилган ва турли йўллар билан юртимизга олиб келинган, бугунги кунда бозор расталарида сотилаётган ажнабий ўйинчоқларнинг аксарияти ҳақида бундай дея олмаймиз.
Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйича 3 миллиарддан ортиқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарилиб, сотилади. Афсуски, жаҳон бозорида сотилаётган салкам 60 фоиз ўйинчоқнинг сифати назорат қилинмас экан. Улар ёғоч, резина, картон, металл, шиша, мато, пахта, тери, чинни билан бир қаторда, полимердан ҳам тайёрланади. Полимер бирикмалардан ишланган ўйинчоқ енгил, эластик, чиройли, чидамли бўлади. Силлиқлиги учун кам ифлосланади, тозаланиши осон. Лекин полимерлар ташқи муҳитга зарарли кимёвий бирикма ажратиши, бола соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундан кўриниб турибдики, ота-оналардан биринчи навбатда фарзандига ёшига мос ва хавфсиз ўйинчоқларни танлай билиш талаб этилади. Ҳар бир ўйинчоқ боланинг маънавий-руҳий тарбиясига хизмат қилиши лозим. Масалан, қайсидир ўйинчоқ кичкинтойнинг нутқини ўстиришга кўмаклашади, қай бирлари эса уни ўсимликлар ва ҳайвонот олами билан боғлайди. Фарзандига ўйинчоқ сотиб олаётган ота-оналар унинг шаклу шамойилига кўпроқ эътибор қаратади, лекин сифати, қандай хомашёдан тайёрлангани билан қизиқмайди.
Ота-оналар ўйинчоқни ҳарид қилишда, энг аввало, унинг бузилмаган қадоқда бўлишига эътибор қаратиши зарур. Қадоқ ёрлиғидаги маълумотлар давлат тилида, фойдаланиш тавфсиялари кўрсатилган ҳолда, қандай хомашёлардан тайёрланганлиги (пластмасса, резина, ёғоч ва ҳ.к) ва ишлаб чиқарувчи тўғрисида маълумотлар бўлиши шарт.
Агар сиз сифатсиз ўйинчоқ маҳсулотларини харид қилган бўлсангиз (бўёғи қўлга юқадиган, кимёвий ҳидга эга, ёрлиғи бўлмаган ёки ёрлиғида тўлиқ маълумот берилмаган, мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган ва ҳ.к.) бу ҳақида тегишли назорат органларига мурожаат қилишингиз лозим.
Амалдаги тартибга кўра, мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилаётган ҳар қандай турдаги болалар ўйинчоғи белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжат — мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт. Шунингдек, уларнинг гигиеник сертификатга эга бўлиши ҳам талаб этилади. Аммо ўйинчоқлар сотиладиган бозор расталарида миллий менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган, болалар саломатлиги, руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган, сифатсиз қўғирчоқ ва ўйинчоқлар ҳам учраб туришидан кўз юмиб бўлмайди. Булар асосан хориждан айланма йўллар билан юртимизга олиб келинган ва тегишли ташкилотларнинг назоратидан ўтмаган ўйинчоқлар экани бизни янада ҳушёрликка ундайди.
Шу ўринда, “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўрикзор” бозорида ўтказилган тадбирга эътибор қаратсак. Сотилаётган ўйинчоқларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида болалар шақилдоғи, чийилдоқ коптоги, қўғирчоқлар тўплами, ўйинчоқ қурол-аслаҳалар тўплами(!), полимердан ясаган ёниб турувчи типратикан хариди амалга оширилган.
Бу маҳсулотлар Вазирлар Маҳкамасининг “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 1-иловасида келтирилган мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлса-да, сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи мувофиқлик сертификати ва санитар-эпидемологик хулосаларисиз сотилаётганлиги аниқланган.
Харид қилинган болалар ўйинчоқлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт санитария бирлашмаси санитария-эпидемиология станцияси синов лабораторияси ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги қошидаги синов лабораториясига юборилганда, ушбу ўйинчоқларда бурма ва ёриқлар мавжудлиги маълум бўлган. Бу болаларнинг қўл териси ва тана қисмларининг шикастланишига олиб келиши мумкин.
“Болалар соғлиғи учун ўйинчоқлар хавфсизлигига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари” бўйича формальдегид миқдори 0,003 мг/м3 бўлиши керак, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт санитария бирлашмаси санитария-эпидемиология станцияси қошидаги аккредитатланган синов лабораториясининг синов натижаларига кўра, юқорида назарда тутилган ўйинчоқларда формальдегид миқдори 0,031 мг/м3, яъни меъёрий ҳужжат кўрсатгичидан ўн баравар юқорилиги аниқлангани жуда ташвишланарли, албатта.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қарашли Саратон касаллигини ўрганиш агентлигининг маълумотига кўра, формальдегид инсон организмида саратон касаллигини келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади.
Айниқса, болалар организми заиф бўлганлиги учун формальдегид бола танасида тўпланганда йўталиш, гижжа, бронхиал астма каби касалликларнинг жадал ривожланишига олиб келади. Бундан ташқари, ранг ўзгариши, толиқиш, нафас қисиш, бош оғриғи, уйқусизлик ва ҳаттоки онгининг заифлашишигача сабаб бўлади.
Маълумотларга кўра, ҳозир ўғил болалар “Ўргимчак одам”, “Бетмен” сингари мультфилм қаҳрамонларини акс эттирувчи ўйинчоқларга, қизалоқлар эса кўпроқ сумка, тароқ, ойна, косметик воситалари бўлган “Барби” қўғирчоқларига қизиқар экан.
Қўрқинчли қиёфалар акс эттирилган ўйинчоқларнинг “ишқибоз”лари ҳам топилади. Лекин бу бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, неврологик касалликлар пайдо бўлишига олиб келишини ёдда тутиш лозим.
Жуда ёрқин рангдаги ўйинчоқлар уларни тайёрлаш жараёнида асосан кимёвий бўёқлардан фойдаланилганини, таркибида саломатлик учун ўта хавфли бир қатор заҳарли моддалар, хусусан, формальдегид, фенол, феноксил, метил, изобитураит борлигини билдиради. Улар боланинг жигари, буйраги, ошқозон-ичак йўлларини заҳарлаши мумкин. Бундан ташқари, кимёвий буёқлар кўнгил айниши, қайт қилиш, кўз остининг кўкариши, ланжлик, турли тошма ва шишларга сабаб бўлади.
Сифатсиз пластмасса ва резинадан тайёрланган ўйинчоқлар болаларнинг нафас йўллари ва ошқозон-ичак фаолиятига жиддий зарар етказади.
Кўп миқдорда кимёвий ва синтетик толалар ишлатилиб тайёрланган юмшоқ ўйинчоқлар эса болаларда аллергик касалликларни келтириб чиқаради.
Хулоса ўрнида айтганда, жондан азиз фарзандларимизга ўйинчоқ харид қилаётганда унинг сифатига, соғлиқ учун безарар эканига эътибор қаратиш лозим.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. 
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётида, шаҳару қишлоқларимиз равнақ топишида йўлларнинг ободлиги, уларнинг замонавий талаблар даражасида барпо этилганлиги алоҳи...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашиши жараёни тўхтатилди. ...